Бош саҳифа / Жамият / Телефон мижозларига ҳурмат шуми?

Телефон мижозларига ҳурмат шуми?

Шаҳар телефонидан узоқ йиллар фойдалансамда, ундан ёлчиганим йўқ. Телефон тўлиқ ишламайди, йиллар ўтаяптики, лекин бирор марта алоқа бўлимидан бирор киши келиб, ўрнатилган телефон қандай ишлаётганидан хабар олган эмас.

Қисқаси, алоқа бўлими фаолияти кишининг асабига тегишдан иборат. Шу боис, деярли ҳар ойда шаҳар телефон станциясини “зиёрат” қилишга тўғри келмоқда. Аввалига телефон орқали ёки кейинчалик бориб, уй телефонининг кўнгилдагидек ишламаслиги ҳақида тегишли шахсларни хабардор қиламиз. Улар эса отангга бор, онангга бор, йўсинида жавоб беришади ва қутилишади: “Мана, сизнинг “дардингиз”ни ёзиб олдик, монтёр бориб, кўради, созлаб қайтади” деб, ваъда беришади. Биз монтёрни кутамиз, лекин уларнинг келадиган вақтлари аниқ эмас.

Натижада, баъзан алоқа идорасининг 1-қаватидаги техник бўлими бошлиғига кириб, бундай можаролардан хабардор қилиб қайтамиз. Лекин, барибир, уй телефонининг доимий ишлаши таъминланмайди. Баъзан ҳафталаб ёки 10-15 кунлаб ҳам ишламайдиган вақтлари кўп бўлган. Суриштириб борсангиз, “кабелда узилиш бор (повреждения), кабелга сув кирган, кабель алмаштирилмоқда, телефонларнинг рақамлаш тизими ўзгартирилмоқда” деган турли баҳоналар чиқиб туради. Мен ҳозирги кунгача ҳам тушунмадимки, телефонларни бекаму кўст ишлатиш алоқа бўлимида кимнинг зиммасида? Чунки у ерда камчилик бўйича кимга мурожаат қилсангиз, фақат “Эртага боради, созлайди”, — деган қуруқ ваъдаларни эшитасиз, холос. Бунинг устига, ҳар ойда телефонга пул тўлайман деб борсангиз, бирор марта улар: “Телефонингиз ишламаган кунларига пул тўламанг”, деб айтишмайди. Агар, телефоним ойнинг фалон кунлари ишламади, техник бўлимингизга келиб, хабардор қилгандим, десангиз, кассирдан гап эшитасиз, яъни:

— Нега телефонингиз ишламаган бўлса, келиб, хабардор қилмайсиз? — деб аксинча биздан норози, хафа бўлишади. Иккинчидан, ҳар ойнинг охирроғида телефон ҳақи қанча бўлганлигини аниқ билиш учун 10-58 (телеком)га қўнғироқ қилиб, аниқлаб бораман. Пул тўлаш учун кассирга учрашсангиз, албатта, 10-58 томонидан айтилган суммага нисбатан 300-600 сўмгача ортиқча пул ушлайди. Бу ҳам майли деб қўясан.

Бундан ташқари, ҳар ойнинг охирида 5,-7-куни тамом бўлмасдан, уй телефони “блокировкада” деб телефонни олдиндан ишлатмай қўядилар. Ана мижозларга ҳурмат-эътибор. Мана, охирги воқеадан бир шингилини эшитиб, тегишли хулосани ўзингиз чиқаринг. 2019 йилнинг апрель ойи охирида май ойи учун телефонга пул тўлаб қайтдим. Телефон ишлаб кетди. 6 май куни эса яна ўз-ўзидан ишламай қолди. Шунда мен алоқа бўлимидаги техник бўлимга бориб, мурожаат қилсам, у ердагилар: “Телефоннинг каттаси — 3-қаватда, “Билинг” бўлимидаги Воҳид акага учрашишингиз керак”, деб айтишди. Ёшим 79 да бўлса ҳам аста-аста тегишли қаватдан Воҳидбойни топдим, аҳволни тушунтирдим. Воҳидбой гапларимни эшитиб:

— Эртага телефонингизни ишлатамиз ва кейинги даврда телефонингиз ишламай қолмайди, чунки мен уни ўзим назоратимга оламан, — деб ваъда берди. Шунда мен Воҳидбой (“катта одам”)нинг гапига ишониб, хурсанд бўлиб, хайр лашиб чиқиб келдим. Орадан 4-5 кун ўтди. Хуллас, телефон 13 майгача ишламай турди. 13 май эрталаб туриб, тўғри телефонларга раҳбар (директор) Шокирбой Норқучқоровга бориб, кирдим. У киши мени эшитиб:

— Бугун монтёр бориб, телефонингизни тузатиб келади, — деб ваъда берди. Қўшимчасига 99-428-18-01 телефон рақамларини ёзиб берди ва айтдики:

— Бобой, бизларга бошқа келиб юрманг, зарурат бўлса, мана шу менинг телефонимга қўнғироқ қиласиз, биз дарҳол ёрдам қилиб, зарурий чора-тадбирларни кўриб, телефонингизнинг ритмик ҳолатда ишлашини таъминлаймиз, — деб тоғдай ваъдани берди. Мен ҳам хурсанд бўлиб, “раҳмат” айтиб, уйга қайтдим. Лекин телефонда ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. 14 майда яна Шокирбой берган телефонга сим қоқиб, аҳвол ўнгланмаганлигини тушунтирдим. Хуллас, ҳаракатларга қарамай, телефоним ишламай турибди.

Ҳурматли таҳририят! Бундай “касаллик”ка даво топиладими, йўқми ёки яна қаерга мурожаат қилиш керак? Замондан орқада қолган бу алоқачиларнинг мушугини пишт дейдиганлар борми?

Рўзимурод ҚАЛАНДАРОВ,

меҳнат фахрийси, Термиз шаҳри

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Улуғ инсон эди…

У пайтлар Ангор тумани маданият бўлими бошлиғи бўлиб ишлар эдим. Ташкилотчилигим, ташаббускорлигимни яхши билган туман …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE