Бош саҳифа / Жамият / “Тегирмон“га сув қуяётганлар кимлар?..

“Тегирмон“га сув қуяётганлар кимлар?..

“Инсон қалби маънавий нур билан мунаввар
бўлмагунича ҳеч нарсани асл қиёфасида кўра олмайди” Жалолиддин Румий.

Пайғамбаримиз “Дунё алдамчидур, унда ҳеч бир нарса асл қиёфасида эмас. Йўқса, дунё ҳақиқатини англаган улуғ зотлар “Менга ҳамма нарсани бўлгани каби, яъни асил қиёфасида кўрсат, токи дунёга алданувчилардан бўлиб қолмай!” дея нидо қилмаган бўлардилар, деганлар.

Барчамизга яхши маълум, дунёни, башар аҳлини ва ўзликни англаш борасида энг яқин дўст бу-китоб! Шу боис, энг яхши асар реаликка асосланган, яъни муаллифнинг ҳаётга объектив ёндошиб, бадиий тўқималар асосида яратган асарларидир. Чунки яхши адабиёт кучли тафаккур, илоҳий иқтидор, юксак қалб, чексиз заҳмат ва аччиқ ҳаётий тажрибанинг маҳсули ва у башарият томонидан бадиий сайқали, кўтариб чиқилган мақсаднинг долзарблиги билан инсон камолоти йўлида тутган муҳим ўрнига қараб баҳоланади, қадр топади.

Бу борада бежиз тўхталганимиз йўқ, барчамизга яхши маълум “Доктор Моро оролида” асарида (муаллиф Г. Уэллис) жуда иқтидорли жарроҳ, доктор Моронинг кимсасиз оролдаги тажрибаси ҳақида гап кетади.

Унинг тажрибаси турли ҳайвонларни жарроҳлик йўли билан “омухталаштириш” орқали одамга айлантиришга асосланган эди. Ҳайвонлар кишанланиб, ойлар давомида “бошдан-оёқ” тилимланиб, мислсиз оғриқли азоблар исканжасида “одам”га айлантирилади.

“Яратма”лари учун “тўрт оёқлаб юриш-уят!”, “ялонғоч юриш-уят!”, “кўчада ялаб-юлқашиш, искашиш-уят!”, “сувни тил билан чалпиллаб ичиш-уят!” ва ҳакозолар каби қатъий қонунлар жорий этиб, сўзсиз бўйсуниш буюрилади. Итоат қилмаганлар эса… қайта жарроҳлик амалиётидан ўтказилиб, “бошқа одам“га айлантирилади.

Ниҳоят, сабри тугаган Табиатнинг ўзи банибашар қиёфасидаги жоҳил доктор Морога қарши бош кўтаради! Оқибатда эса у яратган қўштирноқ ичидаги “Одам”лар яна “яратилмиш”дан аввалги Яралмишига, асл ҳайвоний ҳолатларига қайта бошлади; куртак очишга ҳам улгурмаган “тафаккур” ўрнини азалий инстинкт эгаллади…

Ҳақиқат шундаки, Ер юзида инсонлар кўпайган сайин тирикчилик важидаги ёт қарашлар, ёндошишлар, турли касб ва жабҳаларга эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда. Худди шундай, “Оммавий маданият” ниқоби остида эса бошқа бир кучлар ҳам шаклланиб, оммавий ахборот воситаларига, интернетга, дунё маданияти ва санъатига суқилиб кириб, манфур мақсадлари ва манфаатлари йўлида енгилтабиат, дунёқараши тўла шаклланмаган, мустақил фикрга эга бўлмаганларни оғдириб, жоҳилиятга ундашмоқда ва бунга қай даражада эришаётганлари хорижий мамлакатларда юз бераётган хунрезликлар орқали кўз олдимизда намоён бўлмоқда.

Энг ачинарли жиҳати эса, биз замонавийлашиш, замон билан ҳамнафас бўлиш истагида ўз йўлимизни, ҳақиқатимиздан чалғиб, ўзгаларга, аниқроқ айтадиган бўлсак хориждаги қурамалашган “янги халққа” эргашдик.
Натижада, Миллий ғурур, ифтихор, номус ва диёнат каби қарашларимиз ҳам қурамалашиб бормоқда. Оқибатда эса, тўй-томошаларимизни, ҳаёт тарзимизни ҳам ғарбга мослаштирдик ва алламбало либос, татировка, соч турмак (причёска) да, либосларимиздаги баъзи хорижий тилда нима деб ёзилганини англамай, тинглаётганимиз хориж тилидаги қўшиқларида ҳам нима деяётганини тушунмаган ҳолда, уларга қўшилиб “тўрт оёқлаб юриш-уят!”, “сувни тил билан чалпиллаб ичиш-уят!” дея айюҳаннос солмоқдамиз!

Одамзоднинг тийнатидаги яширин қиёфанинг энг катта истаги – бу бошқалардан ажралиб туриш истагидир. Аммо биз бу қарашларимизни ботинга эмас, зоҳиримизга қаратдик ва дунё молига нисбатан бўлган ҳарислигимиз ўзлигимизни англашга бўлган қарашларимиздан чалҚитди. Бошқаларни ҳайратга солиш, модийлашган қиёфамизни кўз–кўз қилиш истагида минталетитемизга хос бўлмаган нарсаларни ўйлаб топиб, ҳаёт тарзимизга олиб киришга интила бошладик!
Худди шунингдек, шон-шуҳрат ва машҳурлик илинжидаги қўл учида яратилаётган бозорбоп асарлар муаллифлари, бадиий юки бўлмаган, тор доирадаги ижтимоий аҳамиятга молик хонтахта-бадиий фильмлар режиссёрлари, бунга йўл қўяётган, даромад ортидан қувган масъуллар, худди шундай, енгил-елпи, йиғи-сиғи ва бачкана қилиғ-у, субутсиз қаҳ-қаҳаларга йўҚрилган, бугун “энг мукаммал” санъат деб эътироф этилаётган, репертуарни “бойитиш“ илинжида елиб-югураётган “режиссёр“лар томонидан саҳналаштирилган театрларимизнинг томошалари, ҳа, айнан томошалар ҳам, бугун санъат кўчасидан ўтмаган баъзи ёшларни “мега юлдуз“ даражасида кўкларга кўтарилиб алқанаётганларнинг (а)шулласи ҳам шу, худди ўша “оммавий маданият” тегирмонига сув қўймоқда.

Ҳақиқий санъат асарлари инсоннинг тафаккурини, қалбини уйғотади, ботинидаги занг босган ёхуд ғафлат уйқусидаги туйғуларни жонлантириб, унда улуғинсоний туйғуларни шакллантиради, ўзини инсон сифатида танишга, оламни англашга ундайди! Шу боис, бугунги бизнинг танловимиз, ҳам ўзимизнинг, ҳам келажак авлод Тақдирида акс этишини унутмаслигимиз лозим!

Нима учун егулик ва либосларнинг сараларини харид қиладиган баданнафис, вужудпарвармиз-у, руҳиятимиз учун зарурат ҳисобланган маънавий озуқаларни танлашда бефарқлик, “хўра”лик қиламиз? Инсон камолотида вужуд ва руҳнинг умумийлиги муҳимдир ва бу борада бир-биридан айро эмаслигини унутмаслигимиз лозим!
Акс ҳолда, бизнинг ахлоқсизлашган, тубанлашган табиат ва шахсиятимиз ДНК ларимизда акс этиб, келажак авлодларга мерос ўтишини, улар ҳам худди биз каби моддиюн, вужудпарвар, моддапараст бўлиб улғайишини унутмайлик!

Мамлакатимиз бугун буюк ўзгаришлар бўсағасида! Ватан барчамиздан янгича қараш, улуғ мақсадлар, ўзгача бир шижоат билан ҳиссамизни қўшишни кутмоқда. Радио, телевизорларда ҳисобсиз чиқишлар қилиниб, матбуотларда тинимсиз бонг урилиб, ёритиб турилса-да, ўз-ўзимизни бошқара олмаганимиз, турли фитна, ёлғонлардан асрана олмаётганлигимиз учун Давлатимизнинг кучи-қудрати, эътиборини адашмаслигимиз, алданмаслигимизга сафарбар этишга мажбур қилмоқдамиз. Бу ҳолда замонавийлашишга даъво қилаётган биз, янги давр, тараққий этган замоннинг онгли, мустақил, ҳур фикрга эга кишиларнинг бу неъматлар буткул ёт бўлган қадим замон авомларидан қандай фарқимиз қолади?
Замон шунчалик тез ривожланмоқда-ки, ҳар бир даврнинг ўзгаришларига босқичма-босқич гувоҳ бўлиб келаётган бўлсак-да, баъзида худди замон ва Макон оралиғидаги вақт девори орасидан ўтиб келгандек ҳайратларга солади одамни бугуннинг мўъжизалари.

Эътибор беринг-а, азиз замондош, ҳамма нарса ўз ўрнида, одамлар ҳам, замон ҳам. Аммо, вақтини бўлмағур ишларга сарфлаётган “осмондаги” баъзи ёшларни кузатар эканмиз, назаримизда, бугунинг ҳамма-ҳаммаси даврдан-даврга, яъни ўтмишдан шундоққина кўчиб ўтган-у, аммо “нима”дир, ҳа, айнан “нима”дир “нима”дадир қолиб кетгандек.
Нима экан-а, ўша “нима”дирни балки Сиз билган чиқар?

Бизнинг давр болалари эртаклар билан улғайишарди. Балки ўша “нарса” бугун эртакка айланган эртакларда қолиб кетган чиқар?

Оналаримизнинг айтган аллалари аждодларнинг “бўйи-басти”ида, “тутган тутими”да мужассамлигига тарих гувоҳ. Қайдам, балки ўша “нарса” унутилган аллаларда қолиб кетган чиқар? Дарвоқе, бугуннинг оналари алла айтишармикан?

Аллани билмаган бола эртакка ишонармикан? Гарчи, турли “Game” даги “Мадагаскар ороли”да “Гарри Потер”лар билан улғайиб, тувак-сумакни памперсга алмашган замонавий гўдакларимизга научник ва плейрлар энагалик қилаётган бир даврда?!

Кимлардир ҳашамлардан, кимдир эса уззукун ором билмас қўл телефон-у, ижтимоий сайтлардаги “изҳори дил”лардан излар кимдир ўша “нима”ни!

“Заномавийлашиш“, глобаллашиш истагидаги, оммалашган, Антарктиданинг поёнсиз музликларидаги пингвинглардек бир-бирининг пинжига тиқилган хиёбон ва кўча куйдаги баъзи ҳаёсиз ёшлар ҳам билмаган, эшитмаган, англаб-тушуниб етмаган, даврлардан даврларга пати юлина-юлина қолиб келаётган ўша “нима”нидир бугун бизлар “ҳазм” қила олмаётган тарзда “нима” лардандир излашга интилишаётгани бор ҳақиқат!

Балки биз катталар сен менга тегма, мен сенга ёхуд масъулларнинг ўша “нима” нинг “нима” лигини билмаганимиз, унутганимиз учун ҳам ёшлар ўша “нима” ни, ҳар “нима” дан излаётган чиқар, ёшуллиларга “кўр, қанақа даврда яшаяпмиз, ёшроқларга эса ўрган..” қабилидаги “нима” дир билан!

Ҳали ҳам баъзи саволларнинг жавоби бор чиқар, эрта кун кеч бўлмасдан ўша “нима” нинг нима эканлиги тўғрисидаги саволларга бугун жавоб излаш керакдир?

Бугун йўқлиги ташвишлантирмаётган ўша “нима” дир, кези келиб қалтисроқ, “нима” ларга рўбару қилмасмикан?..
Шу боис, балки дунё бўйлаб кундуз чироқ ёқиб топиш душвор бўлаётган, айни вақтда талай жиловдор-у, “отлиқ” ларда ҳам йўқ ўша “нима”ни излаш вақти етгандир!?

Хаёлимизда жуда илгарилаб кетгандекмиз, аммо “нима” лар ҳисобига?

Бу йўлда “нима” ларни йўқотиб, “нима”ларга эришяпмиз? Назаримда, дўппини олиб қўйиб кўриш фурсати аллақачонлар етган!..

Эркин Норсафар,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Осойишталик посбонлари эҳтиёжманд 1000 оилага ўн турдаги озиқ-овқат маҳсулоти етказиб бермоқда

Сурхондарё вилояти ички ишлар идоралари ходимлари Президентимиз томонидан илгари сурилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan