Бош саҳифа / Маданият / Театр ҳақида мулоҳазалар: Аравани кимлар тортқилаяпти?..

Театр ҳақида мулоҳазалар: Аравани кимлар тортқилаяпти?..

Ҳақиқий ижодкорнинг заҳматли ва шарафли меҳнат маҳсули олтинчи туйғу ёрдамида реаликка, яъни ҳаётга объектив ёндошиб, бадиий тўқималар асосида яратган асарларидир. Манфаатдорлик (таъма) ёхуд машҳурлик илинжида бу каби ақидадан узоқ ҳар қандай қўл учидаги “яратиғ”лар муаллифида олтинчи туйғу эмас, айнан олтинчи бармоқ вазифадорлик қилади!..

Бежиз театр саҳнасининг ўтмиш ва келажак кўзгусидаги акси-ҳаётни шоҳмот тахтачасига менгзалмайди. Бунда саҳна ва ҳаёт бир-бирига нисбатан объектив ва субъектив ёндошади. Баъзида эса мазкур “саҳна“да ҳаёт-“объект”, актёр ва унинг қарашлари эса “субъектив” кўриниш олади…
Инсон шахсиятидаги ўзгарувчан атвор нафақат унинг ҳатти-ҳаракатларида, амалга ошираётган ишларида ҳам ўз аксини топиши барчамизга яхши маълум. Эндигина шакилланиб келаётган шахсиятлардаги атвор эса худди ўша намоён бўлган ишлар натижасидан андоза олади. Барча ҳақиқат, алалоқибат унинг таъсир доирасига, нечоҚлик салбий ва ижобий бўлишига боғлиқ. Театр худди шундай санъат. Унда, шахсиятда, парда ортидаги ҳаёт билан саҳнадаги муҳит узвий боғланса-да, уйғунлашиб кетмаслиги лозим… Чунки театр-тирик санъат! Яъни қаршингизда кафтдек саҳнада ёлғонни ҳақиқатга айлантириш билан бирга томошабинни шу ҳақиқатга ишонтира билиш санъати, демакдир.
Хўш, бугунги кунда театрларимиз унинг рамзи ҳисобланмиш икки ниқоб ортидаги ёлғонлар ичрами ёхуд ундан фориғ-ми?..
… 2011, 2012, 2013, 2014 ва кейинги йилларда Тошкент шаҳрида, республика театрлари ўртасида ўтказилган “Сени куйлаймиз, замондош!” кўрик-танлови, “Дебьют-…” каби (ва бошқа) фестивалларда, турли телерадиоканалларда намойиш этилаётган вилоят театрларига мансуб спектакллар, шу билан бирга, М.Уйғур номидаги вилоят мусиқали драма театрига гастрол сафари билан келаётган театрларнинг турли “жанр”даги спектаклларини кузатиб, фикр юритар эканмиз, беихтиёр кўз олдимизга Криловнинг “Оққуш, чўртанбалиқ ва қисқичбақа” ҳақидаги масали келади…
Назаримда, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, туб ўзгаришларнинг саҳналарда, замон қаҳрамони қарашларида ўз аксини топиши, театр санъатининг иқтидор ва салоҳият эгалари услубларини алмашиниш-ўрганиш мақсадида ташкиллаштирилаётган гастрол сафарлари ва республика миқёсидаги кўрик-танловлардан яна бошқа бир, спектакль қандай бўлмаслиги, пьеса қандай ёзилмаслиги керак, режиссёр ким, “устоз-шогирд“ анъанаси аслида қандай кўринишда бўлиши лозим, яратиқларимиздан фахр-ифтихор туйғусини туйиш билан бирга яна нималар (“ижодимиз ва табиатимизга хос қусурлар“) дан озгина бўлса-да уялишни ўрганишимиз керак, деган саволнинг қўйилиши мақсадга мувофиқ бўлармиди, деб ўйлайман.
Саҳналаштирилаётган ва кўрик-танловларга тақдим этилаётган талайгина спектаклларда ҳақиқат мантиқ ёхуд ҳатти-ҳаракатнинг эмас, Сўз устига қурилган. Актёрлар характерига муаллиф нуқси, қараши сингиб кетган, уларнинг ўз ҳаёти, ҳақиқати йўқлиги сабабли қаҳрамонлар иш кўрсатиш ўрнига улуғ мақсад ва эзгулик ҳақида муаллифнинг “қизил” тили билан соатлаб ваъз-матал ўқишади.
Кейинги йилларда муаллиф ва режиссёрлар спектаклни саҳналаштириш жараёнида “ижодий салоҳият”ларини асарнинг юксак бадиий савиясига эътибор қаратиб, миллат маънавияти ва мамлакат тараққиёти учун хизмат қиладиган ҳақиқий санъат асарини яратишга эмас, бу борада юзаки ёндошиб, халқимизга хос кўнгилчанглик ва ҳазил-мутойибага ишқивозликдан фойдаланишга уриниш ҳолатлари кўплаб учрамоқда.
Қайсиким, эътиборга молик бўлмаган, асар учун мутлақо аҳамиятсиз воқелик кечинмаларни, бачкана, тагдор пичинглар, бақир-чақир, нидо-кўз ёшлар билан томошабин эътиборини тортиш учун актёрни турли ачинарли ҳолатларга солиш кабилар шулар жумласидандир.
Турли телеканалларда намойиш этилаётган спектаклларни зимдан кузатаман, тўғриси, оғринаман. Саҳнадаги ҳар қандай ҳолат, воқелик бироз бўрттирилса-да, ҳаётдан узилмаслиги керак! Аксинча, томошабин қабул қиладиган реал ҳаётнинг акси бўлиши шарт! томоша қилаётган спектаклларингиздаги актёрларнинг саҳнадаги ҳолати, ижроси билан ҳаётингизни, шарқона урф-одатларимизни, миллат характерини, минталетитимизга оид бошқа бир ҳолатларни солиштиринг, наҳот шу даражада бачканамиз?
Айнан шу ва шунга ўхшаш сабабларга кўра ҳам театрларимизда томошабинни эркин жалб эта олиш (мажбурий тарзда келтириладиган ўқувчи ва талабалар бундан мустасно) ҳолати ҳали-ҳануз қониқарсиз аҳволда қолмоқда.
Замон жадал тараққиётга юз тутди: эрталаб бизни ҳайратлантирган замонавий техникалар ҳам тушдан сўнг “урф“ дан қолмоқда. Ҳатто замонанинг энг илғор кишиси ҳам замона зайли билан ҳамнафас бўла олмай қолди. Медицина, мусиқа санъати, техника, транспорт, ахборот технологиялари ва бошқа жабҳалар билан бир қаторда кино санъати ҳам ақлбовар қилмас сюжет (воқелик) ва эффектлар билан бойитилиб, юксак даражада тараққий этди ва жуда кўп минг сонли томошабинлар издихомини ортидан эргаштирди. Хўш, бу борада кино санъатининг том маънода рақобатчиси ҳисобланмиш театр санъати, хусусан “Ўзбектеатр“ санъати, турли хориж фильмлари орқали ёшларнинг миясига сингдиришга уринилаётган ғайриинсоний оқимларнинг риёларидан асраш учун бу борада қандай изланишлар олиб борилмоқда ва алалоқибат қандай натижаларга эришилди?
Ҳақли савол туғилади, янгидан-янги номлар остида қайта ва қайта саҳналаштирилаётган эски спектаклларимизни бошқа ўзандаги замонавий фильмлар “оқими“га қарши қўя оламизми? У (ўша спектакль)ларни дунё миқёсидаги фестивалларга олиб чиқиб, ўзбек миллати маънавияти ва маданияти сифатида намойиш эта оламизми? Ўша “асар”имиз орқали уларга БИЗ хақимизда нима дея оламиз? Ўша спектаклимизни кўргач, дунё театршунослари, дунё халқлари тассаввурида бизнинг халқимиз маданияти ва маънавияти, санъати тўғрисида қандай фикр, қараш ва тушунчалар туғилади? Томошабинларга, хусусан ёшлар тарбиясида (спектаклнинг жонли, ҳаётийлиги, энг муҳими, ишончлилиги жиҳатидан) тарбиявий аҳамияти нечоғлик?
Бу каби яратиқларимизни миллат маънавияти кўзгуси сифатида дунё халқларига тақдим эта олмас эканмиз, сувни лойқалатишдан мақсад нима?
Шу боис, спектаклдаи энг муҳим жиҳат: актёрлар ижросидаги ҳар қандай бачканалик, режиссёрнинг жанрга сиғар-сиғмас “фантазия маҳсули” ва саҳналаштирувчи рассомнинг “декоратив қараши” ҳам қўйиладиган талаб доирасидаги ҳақиқатга асосланган бўлиши шарт!
Хўш, бизда-чи?..
Жуда кўп ҳолларда ҳали ҳам санъатга бўлган муносабатларимизда тўлалигича аниқлик киритиб, шакиллантириб олмаганимиз маълум бўлиб қолмоқда. Биз “ижодий иш”ларимизда объектив ва субъектив ёндошувларимизни бир-бири билан мос келмас тарзда уйғунлаштириб юбораяпмиз ва хазм қилиб бўлмас даражада бачканалашиб, бўртиб кетаётган ижодимиз маҳсулига оид камчилик ва нуқсонларимизни “томошабинлар талаби” ёхуд “шунақа бўлмаса томошабин қабул қилмаяпти” деган риё билан хаспўшлашга интилмоқдамиз! Назаримда, шу боис яратиқларимизга танқидчиликнинг муносабати ҳам, мамлакат ичра ўтказилаётган кўрик-танлов ва фестивалларда намойиш этилаётган театр томошаларига, ҳа, такрор айтаман, айнан театр томошаларига берилаётган эътироф ҳам тобора нисбийлашиб бормоқда. Унданда ачинарли жиҳати эса ўзимиздан, яратиқларимиздан қувонишимиз, фахрланишимиз билан бирга ўша нисбий баҳолар билан қаноатланиб қолаётганимиздир!
Ҳақли савол туғилади, бу каби эътиборсизлик, сансалорлик ва кўзбўямачиликлар ўз навбатида нималарга олиб келмоқда?..
Шу билан бирга, баъзи бир театр санъати тўғрисида мутлақо тушунчага эга бўлинмаган оммавий ахборот воситалари ходим(а)лари томонидан бу каби “асар”ларга берилаётган юксак баҳо-эътирофлар сабабли ҳам бугунги кунда кўпчиликда санъатга нисбатан енгил қарашларни шакиллантиргани боис театр санъатининг келажаги деярли боши берк кўчага кириб қолгани ҳеч биримизга сир эмас!
Ўзига тамомила бегона бўлган (асл санъат) олам(и)га оламгирлик даъвоси “даъвогар”нинг ўзинигина бебурд қилса бир нав, аммо, ҳа, айнан мана шу “аммо”си энг оғриқли…
“Давогар”нинг шахсий манфаати илинжидаги “қалби” бу ҳақиқатни англаш, ажратиш даражасида уйғоқ эмас экан, жаҳолат ва ғафлатда ўзга қалбдаги кечинмаларни, ноинсоний иллат, қусур ва фазилатларни қандай англаши мумкин?
“Давогар” ҳаёт ҳақиқатини ўзи англамай туриб, ўзгаларга англата олмайдими, марҳамат, яхшиси сувни лойқалатмасдан бу каби пуч даъводан воз кечсин. Чунки, ҳали таъкидлаб ўтганимиздек, Ўзлик изланадиган бу ҳаётнинг синовлари, чиғириғига дош бера олмай буқаламун каби турланган “даъвогар” эзгуликка интилиш, диёнат, тўғрилик, ҳалол меҳнат ва машаққатлардан чекинмаслик эвазига орттирилган ҳаётий тажриба орқалигина эришила олинадиган қалб садосини туйиш неъматидан маҳрум бўлади. Фақат ўзида мужассам бўлган туйғу ва қарашларни яратиқларига сингдира олган ижодкорнинг асаригина мукаммаллик касб эта олади. Бу каби қарашлар мустасно бўлган ҳар қандай асар эса ботил ҳисобланади.

Эркин Норсафар,
ёзувчи, драматург, Ўзбекистон Ўзувчилар уюшмаси аъзоси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ташаббускор маърифатли бўлса…

Шўрчи туман ҳокимлиги ахборот хизмати туман ҳокими Бахтиёр Худойбергановнинг ташаббуси билан ҳудуддаги барча умумий ўрта …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan