Бош саҳифа / Таълим / Таъзим сизга, биринчи устоз!

Таъзим сизга, биринчи устоз!

Эндигина биринчи синфга қадам қўйган фарзандингизга бирор ҳарфни ўргатишга ҳаракат қилиб кўрганмисиз? Борди-ю ҳаракат қилиб кўрган бўлсангиз, бу ҳақиқий машаққат эканини бошингиздан ўтказгансиз. Ҳа деганда ўргатганингизни ўргана олмаган болани асабларингиз чидамай уруша кетасиз.

Аммо бир неча соатларингиз ҳайф кетган ҳарфни эртасига булбулигўёдек ёдлаб, ёзишни ҳам ўрганиб келганига ҳайратланасиз. Ўқитувчиси сеҳргардек, бир варакайига бир синф ўқувчига мавзуни шунчалик тушунтирганки, болаларнинг онгида устози айтганидек муҳрланган. Ана шундай устозлардан бири Қумқўрғон туманидаги 9-умумтаълим мактабида 32 йилдан буён ўқувчиларга таълим-тарбия бериб келаётган Зайнаб Жўраевадир. Юзидаги табассум, кўзларидаги маъсумлик қаҳрамонимизнинг нақадар болажон ва бағрикенг инсон эканидан далолатдир. Устоз мазкур ўқув йилида олтинчи бор биринчи синф ўқувчиларини ёруғ юз билан қабул қилди.

Ўттиз нафар бола ўттизта характер, ўттизта дунё. Уларнинг ҳар бирининг кўнглига йўл топиш, ўз таъсирини ўтказа олиш мураккаб вазифа. Шунинг учун ҳам Зайнаб Жўраева ҳар гал биринчи синф ўқувчиларини кутиб оларкан, илк дарсидаёқ болаларнинг психологиясини ўрганишни бошлайди. Ким қандай тинглаяпти, сабоқларга қизиқиши қандай? Барини инобатга олиб, қизиқарли ўйин ва услублардан фойдаланиб, ўқувчиларни дарсга қизиқтиришга уринади.

— Шу пайтгача маҳалламизда боғча бўлмаган. Тупроқда кўча чангитиб ўйнаб юрган болани партага ўтирғизиб, бир неча ой давомида ҳарфларни ўргатишимиз керак бўлади, — дейди Зайнаб Жўраева. — Бу эса шаҳар мактабларида ишлаётган ўқитувчиларнинг ишидан бироз кўпроқ меҳнат талаб қилади. Болани ўрганиб, шунга қараб муомала қиламан. Товушларни танитаётиб ҳам талаффуз қилишни ўрганамиз, болалар билан биргаликда ҳавода ёзиб кўрамиз. Ёзув тахтасида ҳам такрорлагач, дафтарларида бу ишни бемалол уддалай олишади. Баъзида эртасига бир кун олдин ўрганганини унутиб қўйганлар ҳам бўлади. Ана шундай пайтда ўзлаштирганларга янги мавзуни тушунтириб топшириқ бераман ва унутганларга олдинги мавзуни эслатиб қайта шуғулланаман. Ахир, айтишади-ку, такрорлаш — билимнинг онаси деб.

Қаҳрамонимиз уйда бўш вақти қолди дегунча, эртанги кунги дарсга тайёргарлик кўра бошлайди. Дарсни эса, энг аввал, юртимизда юз бераётган янгиликларни айтишдан бошлайди. Болаларда муносабат пайдо бўлишини, содир бўлаётган воқеаларга қизиқишини истайди. Ана ўшандагина уларнинг дунёқараши кенгаяди, дейди устоз.

Зайнаб опа ўз дарсларида педагогиканинг “занжир”, “кетма-кетлик” усулларидан кенг фойдаланади. Ўқувчилар гуруҳларга бўлиниб, ўтилган ва янги мавзуни нечоғлик ўрганишганини намойиш этиш учун бу усуллар ўзини оқлаяпти, дейиш мумкин. Гуруҳлар мусобақалашади, рақобат кучаяди, барча бир-биридан кам эмаслигини кўрсатади. Ўз ўрнида устоз мусобақа сўнггида рағбатлантиришни ҳам унутмайди.

— Ғолиб гуруҳларни рағбатлантирганимда, фаолликни қўлдан бой берган гуруҳ кейинги сафар пухта тайёрланиб, яхши иштирок этишга ҳаракат қилади, — дейди устоз. — Дарсларимиз қизғин ўтади. Аммо ўқувчилар тез чарчаб қолмаслиги учун дам олдириш мақсадида ҳам ўқувчиларга турли шеърлар айттирамиз, ўринларидан туриб, ҳаракатли ўйинларни бажариб олишади. Шундан сўнг, диққатлари жамланиб кейинги мавзу ёки дарсни ўзлаштиришга шай бўлишади.

Зайнаб Жўраева мактабда метод бирлашма раҳбари вазифасини ҳам бажариб келади. Ўқитувчиларнинг дарс тақсимоти, ўқитувчилик лаёқати, дарсларга тайёргарлигини назорат қилиб боради. Жонкуяр инсоннинг меҳнатига берилган энг яхши мукофот бу эл-юртнинг олқиши, эътирофидир. Зайнаб Жўраевани ҳам туман аҳли жуда яхши танийди ва у кишини яхши устоз деб айтишади. Ўқитувчилик касбини танлаганимдан ҳеч қачон афсусланмаганман. Яна қайта туғилганимда ҳам яна ва яна ўқитувчиликдек бебаҳо касбни танлаган бўлардим. Касбим менга ҳаётни севишни, болаларни севишни ўргатди. Чин инсонийлик қандай бўлишини ўргандим ва ўргата олдим, — дейди устоз мамнунлик билан.

Ҳаётнинг ўзи катта мактаб дейишади. Ўша мактабда Зайнаб Жўраевадек устозларнинг билим ва тажрибаси келажак авлоднинг етук ва кучли бўлишида асқотиши шубҳасиздир.

Сайёра АЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Маънавият сабоғи

Жойларда ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш, таълим сифати назоратини кучайтириш ҳамда тарбия соҳасида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan