Таътил самарали ўтмоқда

0
45

Ёзги таътил бошланиши билан ота-оналар фарзандларининг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасида бош қотира бошлайдилар. Нима бўлганда ҳам ёшлар мароқли дам олиш билан бирга фойдали иш билан банд бўлишини мақсад қиламиз. Ана шундай пайтда вилоятда фаолият юритаётган тўгараклар, марказлар хаёлимизга келади.

Вилоят “Ёшлар маркази” эса қизиқиши баланд, ҳунар ўрганаман, деган ёшларни бағрига чорлаб,  вақтини нимадир ўрганишга сарфлашда яқиндан ёрдам беради. “Ёшлар маркази” қошида 8 та тўгарак фаолият юритади. Компьютер саводхонлиги, тасвирий ва амалий санъат, хореография, бадиий гимнас тика, комбад айкидо, инглиз тили ва тикувчилик сирларини масъул шахслар ва тўгарак раҳбарлари ўргатиб келмоқда.

10 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар тўгаракларга бепул қабул қилинади. Ҳар 3 ойда мингдан ортиқ битирувчиларни учирма қиладиган марказ жуда кўп ютуқ ва муваффақиятларга эришиб келмоқда. Ёшлар барча тўгаракларга катта қизиқиш билан келаётганини кўриб, бирини бош қасидан устун қўёлмадик.

Қувонарли жиҳати шундаки, “Ёшлар маркази”нинг туманларда ҳам бўлимлари мавжуд.

— Чекка-чекка ҳудудларда, мактаблар, коллеж ва университетларда ҳам ўқувчи ва талабалар бандлигини таъминлаб турли қўшимча дарс ва тўгараклар ташкил этмоқдамиз. Чет тилларини ҳам пухта ўргатишни йўлга қўйдик. Ишсиз юрган йигит-қизлар, ҳатто турмушга чиққан ёш келинлар ҳам келиб, компьютер ва тикувчилик тўгаракларига қатнаб, ҳунар эгаси бўлишаяпти. Ўзлари тикиш-бичиш ишлари билан шуғулланиб, оилавий бюджетига наф келтирадиганлар ҳам йўқ эмас, — дейди вилоят “Ёшлар маркази” директори Ш. Абдулазизов. — Оромгоҳларда дам олаётган болаларни ҳам эътибордан четда қолдирмадик. Бойсун, Денов, Сариосиё, Узун, Шеробод, Шўрчи туманларидаги оромгоҳларда ва Термиздаги “Амударё” оромгоҳида ҳам тўгаракларимизнинг бўлимлари фаолият юритиб, фаол ёшларимиз томонидан байрам дастурлари ва кўргазмалар  ташкил этилгани барчага шоду ҳуррамлик улашмоқда.

Ота-оналар ҳам фарзандлари қизиқишларига бефарқ эмас экан. Буни ўғил ва қизларини етаклаб келган ота-оналар мисолида ҳам билиш мумкин. Болажонлар ўз вақтларини тақсимлаб олишган экан. Кимлардир рақсдан ке- йин тикувчилик сирларини ўрганишга ўтади. Кимдир инглиз тили машғулотларидан сўнг кутубхона томон йўл олган. Баъзилар компьютер саводхонлиги билан спорт машғулотларини бир варакайига олиб кетишга уринганини кўриб, барча вақтидан унумли фойдаланаяпти, деган хулосага келамиз.

—     Авваллари қоронғу хонада шогирдлар билан сурат чизардик. Шароитимиз ҳам оғир эди. Ўқув қуролларимиз ҳам етишмасди. Бундай жойда ижодкор рассомдаги бор ил- ҳом ҳам учиб кетади. Энди эса энг муҳташам бинолардан бирида шинам хоналарда ўтирибмиз. Эркин ижод қилишга барча шароитлар етарли. Ўқув қуроллари дейсизми, рангли қалам, акварел ва гуаш бўёқлари, қоғозлар дейсизми, бари муҳайё. Хоналаримиз малберт ва планшетлар билан жиҳозланган. Вилоят ҳокимлиги ва ҳомий ташкилотлар томонидан барча шароитлар яратилди, — дейди “Тасвирий санъат” тўгараги раҳбари Турсунпўлат Ўроқов. — Бу ерда ёшлар рассомчилик сабоқларини олади, ўзлари сурат чизади. Шу билан бирга уларга ўзларини тутиш этикасини, ахлоқ қоидаларини, Ёшлар иттифоқи дастурларини ҳам ўргатиб борамиз. Байрам саналари, буюк алломаларнинг туғилган кунлари муносабати билан кўргазмалар ташкил этамиз. Ҳомийларимизнинг эсдалик совғалари ёш рассомларимизни хурсанд қилади.

Бу ерда фаолият олиб бораётган ҳар бир тўгаракнинг ўз ютуқлари бор. Ёшлар вилоят ва республика миқёсида турли тадбир ва танловларда иштирок этиб келмоқда. Охирги 3 йил ичида тўгарак аъзолари бўлмиш 40 дан ошиқ ёш рассом республикамиздаги рассомчилик, тасвирий санъат ва архитектура йўналишидаги олийгоҳларга ўқишга киргани нафақат  Ёшлар иттифоқининг, балки воҳамизнинг ютуғидир. Бу каби истеъдодли ёшлар ўқишни тамомлаб, албатта, воҳамизга қайтиб, театр ва санъат соҳаларида фаолият юритишиб, юқори натижаларга эришади, деган умиддамиз.

“Ёшлар маркази” вилоятдаги кўпгина ташкилотлар – ҳунарманд жамғармаси, маданият бошқармаси, ҳарбий қисмлар ва маҳаллалар билан ҳамкорликда иш олиб боради. Санъатга ошуфта қалб борки, бари эътибордан четда қолмайди. Марказдаги тўгарак раҳбарлари имконияти чекланган ёшларнинг уйи га бориб, севимли машғулотлари билан шуғулланишларига ёрдам беради. “Наврўз” маҳалласидан 12 ёшли Беҳзод Қодиров, “Дўстлик” маҳалласидан Рифина Сматиналарнинг ҳам рассомчиликка қизиқиши баланд бўлгани боис устозларидан сурат чизишни ўрганди. Ҳозирда улар барча тенгдошлари қатори кўргазмаларда иштирок этиб, рағбатлантирилиб келинмоқда.

Бу ерда ёшлар гавжумлигини кўриб, таътил бесамар ўтмаётганига амин бўлдик. Аждодлари буюк халқнинг авлодлари ҳам эртанги порлоқ келажак учун бугундан ҳаракатни бошлашгани кўнглимизни тоғдек кўтарди.

Сайёра АЛЛАЕВА

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг