Бош саҳифа / Жамият / “Таскин” аёлларга йўлдош

“Таскин” аёлларга йўлдош

Бугун оилавий ажримлар, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари арзимаган муаммолар туфайли келиб чиқаяпти. Уларнинг аксарияти маънавиятсизлик, ўзлигини англамаслик, енгил турмуш тарзини ўзига касб қилиш оқибатда пайдо бўляпти, назаримда.

Бу каби масалаларнинг олдини олиш, оилалар ажримини камайтириш, аёлларнинг мавқеъини ошириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Денов туманида фаолият олиб бораётган “Таскин” хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш ахборот маркази ҳам айни шу мақсадда ташкил этилган бўлиб, ушбу марказ фаолияти давомида кўплаб оилаларни яраштиришда, оиласида тазйиққа учраган келинларнинг турмушини яхшилашда, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган аёлларнинг оғирини енгил қилишда ўз ҳиссасини қўшиб келаяпти. “Таскин” марказига тажрибали, Америка қўшма штатларида бўлиб, низоли оилалар билан ишлаш бўйича малакасини ошириб келган Гулзода Авазова раҳбарлик қилиб келмоқда.

—    Туман ҳокимининг ташаббуси билан “Таскин” маркази очилди, — дейди марказ раҳбари Гулзода Авазова. — Даст лаб, тумандаги энг фаол хотин-қизлардан 10 нафарига маош белгиланиб, марказ фаолияти йўлга қўйилди. Туманда айрим аёлларнинг турмуш тарзида муаммолар, оилалардаги ажримларнинг кўпайиши, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг ҳам юз бериши натижасида хотин-қизлар билан алоҳида ишлайдиган, уларга ҳам моддий, ҳам маънавий кўмак берадиган марказга эҳтиёж сезила бошлаганди. Ушбу марказни очганимиздан кейин тумандаги аёллар билан кўплаб тренинглар, давра суҳбатлари ташкил этиб келаяпмиз. Турмушида муаммога дуч келган, низоли оилалардаги хотин-қизлар билан алоҳида шуғулланиб, уларга психологик ёрдам бераяпмиз. Натижада эса туманда оилавий муаммолар, ўз жонига қасд қилиш кескин камайди. Аммо марказда фаолият олиб бораётган ходимларга маош берилмай қолингандан кейин кўпчилик марказни тарк этди. Айримлар эса кўнгилли равишда ишлаб турибди.

Имкониятимиз доирасида режага асосан ташкил этилаётган тренингларда тумандаги 103 та маҳалладаги хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мус- таҳкамлаш бўйича мутахассисларга муаммога дуч келган аёлларга қандай ёрдам бериш, улар билан мулоқотни самарали ташкил этиш, оилалардаги келишмовчиликларни бартараф этиш учун нималар қилиш кераклигини ўргатаяпмиз. Тажрибам давомида шуни англадимки, аксарият низолар эр-хотин орасига учинчи одам, яъни қайнона-қайнота ёки ака-укаларнинг аралашуви натижасида келиб чиқмоқда. Масаланинг бу томонларини ҳам инобатга олган ҳолда қайноналарга ҳам тренинглар ўтишни режалаштирганмиз.

Аслида нодавлат нотижорат ташкилотлари давлат ташкилотларига таянч бўлиши лозим. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, “Таскин” нодавлат нотижорат маркази ҳам кўплаб лойиҳалар таёрламоқда, жорий йилда “Оилаларда носоғлом муҳитни вужудга келтирувчи муносабатларга барҳам бериш ва соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантириш” номли лойиҳаси учун 29 миллион сўм грант маблағини қўлга киритган. Ушбу лойиҳа ҳам асосан тумандаги хотин-қизларнинг муаммоларини бартараф этишга қаратилган.

Оилалар иноқлиги, аёлларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга хизмат қиладиган, низоларнинг олдини олишга интиладиган бундай марказлар ҳар бир туманда ташкил этилса, ушбу ташкилотлар моддий базасини йўлга қўйгунига қадар давлат ташкилотлари уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватласа фойдадан холи бўлмасди.

Адолат МЎМИНОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳоким поезд ёки автобусда юрса…

Вилоятдаги раҳбарларнинг Термиз-Узун йўналишида қатнайдиган поездда ёки автобусда юришини тасаввур қилганмисиз?  Менимча, йўқ. Қарангки, ҳеч …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan