Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Ташландиқ ердан иссиқхона

Ташландиқ ердан иссиқхона

Тунов куни ишга шошиб кетаётсам, кўчада қўшни маҳалладаги Насибага кўзим тушиб қолди. Қўлида лимон кўчатларини тутган. У киши менга “уйда иссиқхона ташкил этгандим. Энди лимон кўчатларини кўпайтириш ҳаракатидаман”, деб айтиб қолди.

Лимон парваришига анчадан бери қизиқиб юрганимданми, беихтиёр Насибанинг иссиқхонасини кўришга ошиқдим.

Қумқўрғон тумани “Гултепа” маҳалласида истиқомат қилаётган Насиба Бердиева ҳам кўплар қатори уйим-рўзғорим деб яшайдиганлардан. Турмуш ўртоғи Россия давлатига ишлашга кетган. Насиба эса ҳам уй юмушлари ҳам икки нафар фарзандининг тарбияси билан шуғулланади. Бундан ҳам кўнгли тўлмай турмуш ўртоғига рўзғорнинг кам-кўстини тўғирлашда кўмаклашиш мақсадида ҳовлисининг четидаги ташландиқ ерда иссиқхона ташкил этган. Ҳозирда бу ерда 20 туп лимон кўчатини парваришлаяпти.

—    Лимонлар бу йил ҳосилга киришидан умидворман, — дейди Насиба Бердиева. — Дастлаб иккиландим: қўлимдан келмаса, фалон пулга кўчатларни олсам, унинг устига турмуш ўтоғимнинг ишлаб топган пулини иссиқхонага ишлатиб юборсам, кейин қийналиб қолмасмикинмиз, дея. Аммо оиламиз бюджетига менинг ҳам нафим тегсин, турмуш ўртоғим қачонгача чет элда ишлаб юради, агар ишим ўхшаб лимонларим ҳосилга кирса, эримнинг ҳам оиламиздан узоқда юришига ҳожат қолмасди, деган мақсад билан ишни бошладим. Аввалига сойлик жойнинг тупроғини текислаб, кейин унинг устини ёпдим. Мана лимонлар ҳам барқ уриб турибди. Қилган меҳнатим ва яхши ниятим бесамар кетмаганидан хурсандман. Бугун қўшниларим ҳам менга ҳавас қилиб, иссиқхона ташкил этишга киришган. Лимонлар ҳосил бергунига қадар уларнинг орасига бодринг кўчатларини экмоқчиман. Ҳарна болаларимга кийим-кечак олиб беришим учун ҳам озгина фойда олсам ёмонми.

Баъзи аёллар борки, турмуш ўртоғининг топганига қараб қўл қовуштириб ўтиради. Ёки маҳалла идорасидан таънаю маломатлар билан моддий ёрдам сўрашади. Тўрт мучаси соғ бўла туриб, бошқаларнинг топганига кўз олайтирадиганлар ҳам топилади, орамизда. Насибанинг меҳнатсеварлиги, рўзғорини обод қилишда турмуш ўртоғи билан елкама-елка туриб меҳнат қилаётгани кўпчиликка намуна бўлгулик аслида. Эри-хотин қўш хўкиз, дея бежиз айтишмаган доно халқимиз.

Адолат МЎМИНОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Хирмон тўлиб тўкилди дон…

Воҳамиз ғаллакорлари давлатга ғалла сотиш шартномавий режасини ошириб бажаришди. Қабул масканларига бугунгача 289,9 минг ўрнига …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan