Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Ташаббускор аёллар

Ташаббускор аёллар

ЎЗ БИЗНЕСИНИ ЙЎЛГА ҚЎЙИШ НИЯТИДА

Термиз шаҳрида жойлашган “Баркамол авлод” марказида “Ташаббус ва ғояларимиз мустақил Ўзбекистон тараққиёти учун!” шиори остида “Ўзбекистон халқ демократик партиясининг энг фаол аёли” кўрик-танловининг вилоят босқичи  бўлиб ўтди.

Танловда туманлардан ташриф буюрган 14 нафар хотин-қиз лойиҳа тақдимоти, қонунларимиз ҳаётимиз асосидир ҳамда сиёсий ҳозиржавоблик каби шартларда беллашишди.

Иштирокчилар ўзларининг янгича лойиҳаларида жамият ривожида аёлларнинг ролини ошириш, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, юксак сиёсий билимга эга, ташкилотчилик қобилияти ва янгича ташаббуслари билан ёниб яшайдиган хотин-қизларни излаб топиш ва уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда имконияти чекланган хотин-қизларни ҳам жамиятга мослаштиришнинг инновацион усулларини  лойиҳаларида асослаб бердилар.

— “Келинчак” номли лойиҳам келажакда халқимиз тўй- ҳашамларида хизмат кўрсатишни йўлга қўйишга мўлжалланган,  — дейди деновлик  Гулруҳой Ҳусанова. — Тўйларда, турли хил базмларда тўй қилаётган хонадон соҳибининг яқинлари тинмасдан меҳнат билан банд бўлиб, тўйнинг қандай ўтиб кетганлигини ҳам билмай қолади. Шунинг учун ҳам ушбу лойиҳамда яқин қариндошларнинг маданий ҳордиқ чиқаришларини ҳисобга олиб, касб-ҳунар коллежлари битирувчи қизларини иш билан таъминлаш шу билан бирга уларни келинликка тайёрлайдиган марказ ташкил этиб, хизмат кўрсатишни йўлга қўймоқчиман. “Келинчак” марказининг қизлари  тўй-ҳашамларда ёш болаларни назорат қилиш, меҳмонларга хизмат кўрсатиш, хонадон соҳибаларининг пардоз-андозини жойига қўйиш ва базмлар сўнгида бўладиган саранжом саришталикни ҳам ўз зиммаларига олишади. Албатта, бу хизматларнинг эвазига кунлик маош ҳам олишади хонадон соҳибларидан. Ушбу лойиҳам ўзининг ижобий натижасини беради, деган умиддаман.

Бу каби янгича лойиҳалар билан жамият ҳаётига фаол кириб бораётган аёлларимизнинг сайъ-ҳаракатларини кўриб шижоатингиз ошади. Танловда иштирок этаётган узунлик Шабнам Ғаниева эса “Имконияти чекланган болаларнинг келиб чиқиш сабаблари” лойиҳасида нуқсонли болаларнинг дунёга келишида асосан, қандай омилларнинг таъсири кучли эканлиги ва унинг олдини олишга қаратилганлигига  алоҳида тўхталиб ўтди. Бундан ташқари, ҳар бир иштирокчи томонидан тақдим этилган қонун ҳужжатларига таклифлари тингланди, уларнинг сиёсий саводхонлиги савол-жавоблар орқали ҳакамлар томонидан баҳоланиб, натижада Гулруҳой Ҳусанова ғолиб деб топилди ва “Ўзбекистон ХДПнинг энг фаол аёли” кўрик-танловининг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Адолат МЎМИНОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Талабага имтиёзли кредит

Ҳар ҳафта кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан ўтказилаётган мулоқотларда вилоят ҳокими Тўра …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE