Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Ташаббус — тараққиёт таянчи

Ташаббус — тараққиёт таянчи

Термиз шаҳридаги “Алпомиш” кураш мажмуида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Ташаббус-2017” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Ишлаб чиқаришда жуда катта ютуқларга эришаётган, чет эл инвестицияларини жалб қилиш эвазига ички ва ташқи бозорда рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлашни ўзлаштираётган, янги иш ўринлари яратиб, аҳоли бандлигига ўзининг ҳиссасини қўшаётган тадбиркор, фермер ва ҳунармандларнинг тажрибаларини оммалаштириш ва уларни рағбатлантириш мақсадида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур кўрик-танловда элликка яқин тадбиркор, ҳунарманд ва фермерлар ўз маҳсулотлари ва хизмат турлари билан иштирок этишди.
— Корхонамизда 2016 йил давомида мамлакатимиз ички бозорига 3 миллиард 700 миллион сўмлик маҳсулот етказиб берилди. 2017 йилнинг биринчи ярмида 15 минг АҚШ доллари қийматидаги маҳсулот экспорти амалга оширилди, — дейди “Сурхон Термиз чинни” МЧЖ корхонаси раҳбари, кўрик-танловнинг “Энг яхши тадбиркор” йўналиши бўйича ғолиби Р. Неъматиллаев. — Ҳозирда маҳсулотларимиз ички бозордан ташқари Афғонистон, Тожикистон давлатларига экспорт қилинмоқда. Корхонамиз таркибида ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида “Сурхон қоғоз қайта ишлаш“, “Сурхон Арт керамик“, “Сурхон каолин“ номли кичик ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил қилишни бошладик. Бу эса яна 150 иш ўрни яратиш имконини беради. Аллақачон, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларидан танлаб олиб, уларни ўқитаяпмиз ва маҳоратларини ошираяпмиз…

Кўрик-танлов натижасига кўра, Олтинсой туманидаги “Ботош паҳлавони” фермер хўжалиги йилнинг “Энг яхши фермер”, жарқўрғонлик ҳунарманд Дмитрий Инюшин “Энг яхши ҳунарманд” йўналиши бўйича ғолиб деб топилди.
— Ўн йилдан бери ҳунармандлик билан шуғулланаман,— дейди Дмитрий Инюшин. — Ўтган давр мобайнида қатор халқаро кўргазмаларда иштирок этиб, миллий ҳунармандчилигимизни дунёга танитишга қарор қилдим, шогирдлар тайёрладим. Айни пайтда етти нафар шогирдим ўзим билан фаолият олиб бормоқда. Уларга ҳам ҳунармандчилик сирларини ўргатиб, ўзбек ҳалқининг миллий ҳунармандчилик анъаналарини давом эттиришга оз бўлсада ҳисса қўшиб келаётганимдан мамнунман. Негаки, ўзбек халқининг ҳунармандлик сирлари мени доимо ўзига ром этаверади.
Кўрик-танлов якунида совринли ўринлар билан бирга, ўттизга яқин рағбатлантирувчи йўналишлар бўйича ҳам ғолиблар тақдирланди.

Р. АБДУРАСУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Бойсун – ҳамиша эътиборда

Тоғлар бағридаги сўлим Бойсун воҳамизнинг маданий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга ҳудуд саналади. Айниқса, кейинги …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan