Тарихий ёдгорликларни “қоғоз”да асраймизми?..

0
45

Сурхондарё — тоғлар  бағридаги  марварид воҳа. Шонли ўтмиш, доруломон бугунги  кун, эртага ишонч билан умргузаронлик қилиб келаётган  вилоят аҳли ўз тарихи билан доимо  фахрланади.

— Вилоят туризм соҳасида катта имкониятга эга. Биргина шу йўналишни ривожлантириш учун  374 та тарихий, маданий, меъморий обидалар мавжудки, шунинг ўзи ҳудудни жаҳон сайёҳлик марказига айланишига туртки бера олади. – дейди тарих фанлари номзоди, таниқли археолог Тўхташ Аннаев.

Шу жиҳатдан ҳудудда бой маданий меросни асраш, уларни қайта тиклаш, муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш борасида аҳамияти ва кўлами жиҳатдан кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилиши мақсадга мувофиқдир. Тан олиш керак, воҳада маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш борасида ҳали ҳамон муаммолар   талайгина.   Термиз ўзининг тадрижий тараққиётида учта жойда шаҳар сифатида бунёд этилиб, гуллаб яшнаган  ва  таназзулга юз тутган. Бугунги  кунда  эски Термиз деб номланган ҳудудда, ал Ҳаким ат Термизий мажмуаси   атрофида  милоддан  аввалги  минг йилликлардан  токи Чингизхон босқини — 1220 йилга қадар  Термиз шаҳри  мавжуд бўлган.

Бу манзил “Шаҳри ғулғула” ҳам деб юритилган. Боиси, Амударёнинг чап қирғоғида жойлашган, ўз даврида катта кентлардан бири бўлган Балхдан туриб ҳам   Термиз  ҳунарманд лари иш жараёни ва аҳолисининг овози эшитилиб турган. Бу эса манзил анча гавжум бўлганлигини кўрсатади. Ўрта асрлар  Термизи  бугунги  Термиз  тумани  ҳудудига тўғри келади. Ўша даврлар тарихи  ҳақида ҳикоя қилувчи  қисман  Фаёзтепа, айнан Қирққиз, Кокилдор ота, Султон Саодат мажмуалари ҳамон мавжуд. Бироқ  бу тарихий мажмуалар  сайёҳларни қабул қилишга қай даражада тайёр? Бу саволга жавоб бериш оғриқли.

Айни жиҳатлар ҳақида гап кетганда, албатта, кўнгил хира тортади.  Фаёзтепа ёдгорлиги милоддан аввалги I асрга  тааллуқли  бўлиб, бугунги кунда ҳам  буддавийлик динига ибодат қилувчилар  учун  муқаддас  жой  сифатида баҳоланади. Бу ерда буддизмни ўрганиш халқаро илмий маркази ҳам номигагина бўлса-да ташкил этилган. Ёдгорликка ҳар йили минглаб сайёҳлар келса-да, уларга хизмат кўрсатиш даражаси жуда паст. Жумладан, тоза ичимлик суви ўтказилмаган, канализация тизими йўлга қўйилмаган, ёдгорлик атрофидаги дарахтларни суғориш учун ирригация масалалари ечилмаган. Ободонлаштирилмаган. Турли табиат ҳодисаларидан, офатлардан сақлаш, табиий шўрланишдан муҳофазалаш учун ёпиқ дренаж қилинмаган. Бугунги кунда Фаёзтепа қум барханлари орасида бир  қумпайкалга айланиб қолаётир. Музработ туманидаги “Сополлитепа” маҳалласи  ҳудудида  бундан тахминан беш минг йиллар муқаддам машҳур Сополли маданияти  шаклланган. Археологлар Сополлитепа ёдгорлигини қазиб ўрганишганида бронза  даврига доир кўплаб ноёб экспонатлар топилган. Атрофи девор билан муҳофазаланмаганлиги учун ушбу манзил айни кунларда эса жазирамадан жон сақловчи ҳайвонларга  шу атрофдаги қўйчивонларнинг отарига мавсумий қўнимгоҳ вазифасини ўтаётганлиги ачинарлидир.

Термиз  туманидаги Қирққиз қалъаси XIV-XV асрларга оид ёдгорлик бўлиб, халқ орасида унинг тарихи билан боғлиқ кўплаб машҳур афсона ва ривоятлар тар- қалган. Қирққиз ёдгорлиги ўз даврида ҳашаматли, ноёб қурилиш тар ҳига эга мажмуа бўлган. Бугунги кунда эса…мажмуа атрофида қачонлардир олиб борилган қурилиш ишларининг чиқиндилари уюлган, машиналар тураргоҳи учун  қурилган майдон эса шу атрофдаги хонадон эгаларининг хашак қуритиш ҳудудига айлантирилган. Йўлаклар тозаланмаган. Ёдгорликка кираверишда эса деворда зарҳал ҳарфлар билан ёзилган тарихий иншоотнинг қайси асрларга тааллуқли эканлиги ва давлат муҳофазасига олинганлиги ҳақидаги эслатмадан бўлак бошқа кўриниш хотирангизда муқим  қолмаса керак. Иншоотнинг деворлари “севги пештахталари”га айланган. Чамаси, беш юз йил давомида собит турган обида инсон омили туфайли емирилиб бораётир. Шу  кетишда хаёлланасан киши, “Қирққиз ёдгорлиги” ўрнида яқин йилларда “Қирққиз тепалиги” пайдо бўлса ажабланмаймиз. Ахир шу алфозда милоднинг бошларига доир Термиз туманидаги эски Термиз қалъаларини, Ангор туманидаги илк ўрта асрларга тегишли  Болаликтепа ёдгорлигини  ва бошқа минг йиллик тарихимиздан сўзловчи иншоотларга кўз юмиб, тепаликларга айланишига “эришдик”. Бу  каби ачинарли  ҳолатларни тумандаги X-XVI асрларга мансуб Султон Саодат, XVI асрда бунёд этилган  Кокилдор ота  мажмуаларида  ҳам  кузатиш  мумкин. Тарихий обидаларнинг ҳудудлари ободонлаштирилмаган. Инфратузилма  умуман шакллантирилмаган.  Хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун шарт-шароитлар  яратилмаган.

Мамлакатимизда барча тарихий ёдгорликлар давлат муҳофазасига олинган. Бу ҳақда қонунлар мавжуд, лекин унинг ижросини сизу биз таъминлашимиз керак! Қачонгача ўзимизни ва ўзгаларни алдаб, тарихий ёдгорликларни “қоғозда асраймиз?!” Қизиғи, ўрганишлар  жараёнида мажмуаларда бирор-бир масъулни ёки қоровулни учратмадим.   Эшиклар  ланг  очиқ,  ҳеч  ким  йўқ.  Эга  ҳам  йўқ.   Эга бўлмаса,  нега диққатимизни оширасиз, дерсиз.  Айтдим-да!

Сарвар ТЎРАЕВ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг