Бош саҳифа / Жамият / Тарихий обидалар—бебаҳо бойлигимиз

Тарихий обидалар—бебаҳо бойлигимиз

Ўз тарихига, тўпланган тажрибага, дунёда энг катта бойлик саналган интеллектуал салоҳиятга чуқур ҳурмат билан ёндашиш ҳар қандай давлатнинг моддий ва маънавий тараққиёти асосини ташкил этади.
Истиқлол йилларида миллий ва маънавий қадриятларимизни тиклаш, ўрганиш ва тарғиб этиш, маданий ёдгорликлар, муқаддас қадамжоларни асраб-авайлаш, уларни асл қиёфасига мос тарзда белгиланган меъморий талаблар асосида қайта тиклаш ва таъмирлаш бўйича кенг кўламли ишлар бажарилди ва бу эзгу иш изчил давом этмоқда.

Сурхондарё узининг бой номоддий мерос объектлари – кўп асрлик осори-атиқалари, ноёб меъморий обидалари, ҳунармандчилиги, дунё илм-фанига беқиёс ҳисса қўшган алломалари билан машҳур.

Султон Саодат мажмуаси, Шайх Алоутдин Аттор, Исо Термизий, Ҳаким Термизий, Сўфи Оллоҳёр мақбаралари бугун юртдошларимизнинг муборак зиёратгоҳига айланган. Айниқса, минтақада ягона бўлган Термиз археология музейи қадимий ва ноёб асори-атиқаларга бойлиги билан дунё қадимшунослари ва хорижлик сайёҳларда катта қизиқиш уйғотаётир.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан барпо этилган мазкур музей халқимизнинг буюк ўтмишини ўзида мужассам этган. Юртимизга ташриф буюраётган аксарият сайёҳлар бу даргоҳда бўлиб, қадимий шаҳар маданияти, тарихи ва ривожланиш босқичлари билан яқиндан танишмокда. Япония, Франция, Германия каби ривожланган давлатларнинг машҳур археологлари милоддан аввалги V асрда шаклланган шаҳарнинг янги қирраларини кашф этишда қадимшуносларимиз билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатган. Бу борада олиб борилаётган изланишлар ўз самарасини бераётир.

Эрамиздан аввалги VI асрда Термизга келган Аҳамонийлар сулоласи бу шаҳарни “Қадимги шаҳар” деб атаган. Тамаддунлар чорраҳасида жойлашган ушбу азим шахар асрлар давомида бот-бот вайронага айлантирилган ва яна қайта тикланган. Замонавий Термиз шаҳри ХIХ асрнинг сўнгги йилларида Паттакесар қишлоги ўрнида ташкил топган. Тарихий обидалар асосан шаҳар атрофидаги ҳудудда жойлашган. Шу сабаб ҳам “Эски Термиз” номини олган.

Ўзбекистон— буюк алломалар юрти. Заминимизда туғилиб, камол топган мутафаккирларнинг жаҳон илм-фани ривожига қўшган хиссаси неча асрларки эътироф этилиб, чуқур тадқиқ этилмоқда. Улуғ аллома Ҳаким ат Термизий тасаввуфнинг “Ҳакимия” мактаби асосчиси саналади. Ат Термизий кўплаб шаҳар ва мамлакатларни кезди, замонасининг етук олимлари билан суҳбатда бўлди. 400га яқин асар ёзган мутафаккирнинг “Одоб ан-нафс”, “Баён ал-илм”, “Солнома ва Наврўзнома” каби китоблари халқаро миқёсда катта шуҳрат қозонган. Чунончи, “Солнома ва Наврўзнома”да Ҳаким ат Термизий эски йилнинг қачон тугаши ҳамда янги йилнинг бошланиш кунларини аниқ кўрсатган. Жониворлар номи билан йил ҳисобланишининг осон усулини исботлаган. Шунингдек, об-ҳавонинг ўзгариши ҳақида фикрлар билдирган. Мутасаввиф олимнинг бизгача 60 га яқин асари етиб келган, холос. Ушбу қўлёзмалар ҳозирда Париж, Қоҳира, Дамашқ, Лондон, Искандария ва Истамбул кутубхоналарида сақланмокда.

Халқимизнинг тарихидан сўзлайдиган яна бир ноёб маскан – Фаёзтепа ёдгорлигининг топилиши оддий тасодиф билан боғлик. 1968 йилнинг баҳорида чўпон Асад Бекнаев шу ердан ўтиб кетаётиб, оқ рангли ҳайкалтарошлик намунасига кўзи тушади ва уни Термиз ўлкашунослик музейига топширади. Кейинчалик Ўрта Осиёда ягона бўлган бу тарихий обида тўлиқ қазиб олинади, илмий ўрганилади. Фаёзтепадан топилган ёзувлар, тангалар, ҳайкаллар буддавийлик дини тарихини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат килмоқда.

Хусусан, яқинда воҳанинг Зарабоғ кишлоғидан топилган Зараутсой ёзувлари – Зараутсой дарасидаги тошларга ишланган расмлар ибтидоий саньатнинг нодир намунаси саналади. Зараутсойдан топилган 200 дан ортиқ расмлар мезолит, неолит ва кейинги даврларга мансуб. Улар чизма тарзда контур ва соя услубида қизил ангоб (охра) билан чизилган. Зараутсойда одамларнинг итлар ёрдамида ёввойи буқаларни овлаш манзараси тасвирланган. Ҳайвонлар (ёввойи буқа, ит, тулки, бурама шохли эчки, жайрон, тоғ эчкиси), турли буюмлар (ўқ-ёй, найза, ўроқсимон қуроллар), ниқобланган одамлар ўзига хос тарзда ҳаётий қилиб ишланган.

Тешиктош — Ўзбекистондаги археологик қўриқхона: у Бойсун тоғ тизмасидаги ғорда жойлашган. Fор Мачайдаги Зовтолош сой дарасида денгиз сатҳидан 1500-1600 метр баландликда бўлиб, буйи 7, эни 20, узунлиги эса 21 метрни ташкил этади. Fорнинг шифти тешик бўлгани учун гулхан ёқилса, тепадаги туйнукдан чиқиб кетаверган. Fорда 1,5 метр қалинликда 5 маданий қатлам бўлиб, ҳар қатламдан биттадан, баъзиларида иккитадан диаметри 40 сантиметр, сатҳи 2 метрга етадиган гулхан қолдиқлари топилган. Айниқса, Тешиктош ғоридан топилган қадимги одам қолдиқлари халқимизнинг қадим илдизларга эга эканини ифодалайди. Бу ерга ҳар йили кўплаб сайёҳлар ташриф буюради.

Сурхон вохасидаги қадимий миноралардан бири бу – Жарқўрғон минораси. Жарқўрғондаги Минор қишлоғида жойлашган бу минора пештоқида сақланиб қолган ёзувлар иншоотнинг 1108-1109 йилларда қурилганидан далолат беради. Санъатшунос-меъморларнинг таъкидлашича, унинг умумий баландлиги 50 метрга яқин бўлиб, ҳозир миноранинг омон қолган қисми 21,6 метрни ташкил этади. Жарқўрғон минораси қурилишида оддий ғишт, равоқлар ва эпиграфик ҳошиялар жуда усталик билан қўлланилган, миноранинг асоси баланд 8 қиррали курсига ўрнатилган. Ҳар бир қирранинг марказида равоқли тахмончалар ишланган, ана шундай тахмончалардан бирида жойлашган эшик орқали минора ички қисмидаги айланма зинага чиқилган. Барча минора каби Жарқўрғон минораси ҳам гумбазсимон муаззинхона билан якунланган. Жарқўрғон минораси меъморий-бадиий ечимига кўра, Шимолий Ҳиндистон ва Хуросон минораларига яқин туради.

Мустақиллик йилларида, амалга оширилаётган илмий-тадқиқот, қазишма ишлари Тешиктош, Мачай, Зараутсой, Жарқўтон, Далварзин, Қоратепа, Фаёзтепа, Тиллабулоқ, Жондавлаттепа, кўҳна Термиз каби ёдгорликларнинг ҳали фанга номаълум қирраларини кашф этиб, тарихимизни, юртимиз илм-фани ривожини жаҳонга намоён этмоқда.

Бу йўналишдаги эзгу саъй-ҳаракатлар тарихимизни мукаммал ўрганиш, жаҳон илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ мутафаккирларимизнинг ҳаёти ва фаолиятини чуқур тадқиқ этиш, миллий ўзликни англаш, маънавиятимизни юксалтириш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, тарихимизга ҳурмат-эҳтиром руҳида вояга етказишда муҳим аҳамият касб этади.

Тоштемир ТУРДИЕВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими,
Денов туман маънавият – тарғибот бўлими раҳбари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Дўстлигимиз тантанаси

Форсийзабон халқлар, жумладан, тожиклар ҳам туркий халқлар сингари Наврўз байрамини бундан минг-минг йиллар муқаддам тантана …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan