Бош саҳифа / Таълим / Тарбиячи – иккинчи она

Тарбиячи – иккинчи она

Болалар беғубор бўлиш билан бир қаторда ўзига хос турфа характерга эга бўлиши ҳаммамизга маълум. Болалар психологиясини яхши англаган кишигина уларнинг қалбидан жой олиб, тўғри таълим-тарбия бера олади.

Шўрчи тумани “Яккабоғ” маҳалласида жойлашган, 20-мактабгача таълим муассасасида болаларга тарбиячилик қилиб келаётган Арзигул Бозорова ҳам ана шундай бола билан сирлаша оладиган, уларнинг тилини тушунадиган мураббиялардан биридир.

У киши ҳаётининг 30 йилдан кўпроқ вақтини ёш авлод таълим-тарбиясига бағишлаб, болаларни қалб қўри билан парваришлаб келаётган жонкуяр инсонлардандир. Аслида кун давомида болаларни зериктирмасдан, иштиёқ билан сабоқ олишига, тартиб-қоидага тўғри амал қилишига ва янги билимларни ўзлаштиришга жалб қила олиш ҳам чинакам санъат, назаримда.

22 нафар болага тарбиячилик қилиб келаётган Арзигул опа эрта тонгданоқ боғча томон ошиқади. Болаларнинг саломатлиги, ҳарорати, тозалигини кўздан кечириб, уларни қабул қилиб олади. Кимнингдир тирноғи ёки сочи ўсган ҳолда боғчага келишини истамайди. Уйқудан мудраб келган болаларга эрталабки кичик бадантарбия маш ғулотларини ўтказиб олиш ҳам ўзгача завқ бағишлаб, болаларнинг машғулотга тайёрланишига замин яратади. Эрталабки нонуштадан сўнг, машғулотлар бошланади.

—     Тайёрлов гуруҳидаги болаларга 18 турдаги машғулот ўтиш режага киритилган, — дейди Арзигул Бозорова. — Ҳафтанинг ҳар бир кунида икки, учта машғулотни ўргатишга ҳаракат қиламан. Маш ғулотлар орасида эса жисмоний тетиклаштирувчи машқлар бажариб оламиз. Чунки болалар жуда тез зерикиб, толиқиб қолишади. Нутқ ўстириш, атроф-муҳит билан танишиш, бадиий адабиёт, тасвирий фаолият ҳамда қуриш-ясаш, аппликация машғулотлари болажонларда катта қизиқиш уйғотади. Болалар ўйлаб эмас, кўпроқ ўйнаб ўргансалар яхши самара беради. Масалан, Санжар исмли болакай негадир машғулотларга диққат қилмасдан бошқа бир ўйин билан шуғулланишни яхши кўради. Уни қанча мажбурласангиз ҳам ўз билганидан қолмайди. Бундай ҳолларда уни ўз ҳолига қўйиб, қолган болаларга эртак, шеърлар айтиб берсам ҳаммадан олдин Санжар мен айтган нарсаларни ёддан айтиб беради.

Фаолиятим давомида шуни англадимки, баъзи болаларда ўйин фаолиятида орттирилган билим мустаҳкам бўлар экан. Машғулотлардан сўнг, болаларни сайрга олиб чиқаман. Эркин ҳолда атроф билан танишиш, дарахтлар, қушларни томоша қилиш боланинг эстетик дидини шакллантиришга хизмат қилади. Ундан сўнг эса тушлик вақтида барча болаларнинг тўғри овқатланиши, гигиенага риоя қилишига эътибор қаратаман. Овқатланиб бўлгач эса, албатта, улар юз қўлларини ювиб, кейин ухлашади. Менинг болаларга меҳрим тушиб қолганиданми таътилга чиқсам ҳам ҳар куни эрталаб улардан хабар олиб кейин уйга қайтаман.

Бирор марта бўлса-да болаларга қаттиқ гапирмасдан тўғри йўлга сола билиш, сабоқ бериб, кўнглига кириб боришда ҳам Арзигул опага етадигани йўқ. Шовқин солиб турган боланинг ёнига бориб уни секингина Элдор ёки Муниса тинчлан, жойингга ўтир деган мулойим сўзлар билан тинчлантиришидан ҳам билиш мумкин. Уйқудан уйғонган болалар тушликдан сўнг уйидагилар келиб олиб кетгунларича ё эртак эшитишни ёки бўлмаса шашка ўйнашни яхши кўришини айтиб бераётганда бу кишининг болаларга меҳри баландлигини, уларни жон дили билан эъзозлашини англаш қийин эмас. Арзигул Бозорова нафақат яхши тарбиячи бўлиш билан бир қаторда гуруҳидаги болажонлар турли хил танловларда ҳам муваффақиятли иштирок этишади. Математика фанидан тайёрлаган ишланмаси эса туманда оммалаштирилган.

Бу каби болажон тарбиячилар бор экан, келажак авлод таълим-тарбияси ишончли қўлларда деб, бемалол айтиш мумкин.

Адолат МЎМИНОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Унутилмас учрашув

Анъанага айланиб келаётган “Устоз ва шогирдлар учрашуви” бу йил ҳар қачонгидан ҳам ўзгача руҳда ўтди. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan