Бош саҳифа / Таълим / Тарбияда адашманг

Тарбияда адашманг

Беш ёшли Умиджон кўп шеърларни ёд билади. Ойиси айни пайтда ҳарфларни ўргатаяпти. Нафисахон ўғлига ҳомиладор бўлгандан бери фарзандининг тарбияли, зеҳнли бўлиши учун ҳаракатни бошлаган.

Умиджон ҳам жуда зийрак. Ҳар куни машғулотда маза қилиб ўртоқлари билан ўйнаб келади. Бир сафар ҳовлидан эртароқ қайтган Умиджон ойисини сўроқлай кетди:

— Ойижон, ўртоғим Вали бор-ку, нега доим бувисини бақиртираверади. Ҳар доим ўйинқароқликни бошлаб, хархаша қилади. Ойиси қаерда? Нега бувиси билан яшайди?

— Ойиси узоққа кетган. Бувисининг эса ишлари кўп-да, Валига кўп вақт ажрата олмайди. Ундан кўра хонангдан энг яхши кўрган китобингни олиб кел-чи?

Умиджон хонасига шошди. Ичкаридан эртак қаҳрамонларининг чиройли суратлари туширилган каттакон эртак китобни кўтариб чиқди. Уни варақларкан, биринчи эртак сарлавҳасининг бош ҳарфидан бошлаб ҳижжалай бошлади. Она диққатини фарзандига қаратди ва давомини ўқиши учун ёрдамлашган бўлди. Болакай эса сарлавҳани ўқиб юборди. Улар бир-бирларини маҳкам қучаркан, онада фарзандидан фахр, фарзанднинг ўзида эса ўзидан мамнунлик ҳисси кўзларидан сезилиб турарди.

Ҳа, фарзанд ширин, одоби эса ундан-да ширин туюлади. Шунинг учун ҳам бола ҳали туғилмасиданоқ тарбияни бошлаб юбормоқ керак. Ахир, бежизга ҳомиладор аёлга кўпроқ китоб ўқинг, мусиқа тингланг, тоза ҳавода сайр қилишни унутманг дейишмайди-да. Зеро, бу каби ибратларнинг ўз хусусияти, хислати бор. Бола мутолаа ва сайрдан, ажойиб оҳангдан нафақат тинчланади, балки илк тарбияни ола бошлайди.

Чақалоқ туғилгандан кейин ҳам алла айтиб бериш, у билан суҳбатлашиш керак. Боланинг нутқи шакллана бошлагандан сўнг эса сўз бойлигини ошириш билан бирга қисқа-қисқа шеърлар ёд олдириш, боғчага бериб, ҳар хил машғулотлар билан банд бўлишини таъминлаб туриш лозим. Боладаги ижобий ўзгаришларни, муносиб хулқ-атворни эса рағбатлантириб бориш яхши натижа беради.

Ҳар қандай хатти-ҳаракатларимиз, совға ва рағбатларимиз фарзандимизнинг ёшига мос ва хос бўлиши керак. Акс ҳолда тарбияда адашиш ҳеч гап эмас. Энг яхши совға эртак китоблар, ақлини чархловчи кубик-рубик, махсус теришни талаб қиладиган бошқотирмали ўйинчоқлардир.

Фарзандингизнинг қилаётган ишлари, бажарган машғулотлари, ўқиган эртаклари ҳақида гапириб беришларини, муносабатларини сўрашни унутмаслик лозим. Бу боланинг фикрлаш қобилиятини ривожлантиради. Китоб мутолааси эса сўз бойлиги, дунёқарашини кенгайтиришга сабаб бўлади.

Бахтигул СУЛФИЕВА,
Жарқўрғон туманидаги 5-умумтаълим
мактаби ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Билимлилар синовларда сараланмоқда

Йилдан йилга севган соҳалари бўйича таҳсил олиб, олий маълумотли бўлиш илинжида бўлган ёшларимиз сафи тобора …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE