Бош саҳифа / Жамият / Тараққиётда ёшлар ўрни

Тараққиётда ёшлар ўрни

Ижтимоий, маданий-маънавий соҳаларда шиддат билан рўй бераётган ижобий ўзгаришлар ҳозирги ёшларнинг дунёқарашига, айниқса, мафкурасига сезиларли даражада таъсирини кўрсатмоқда.

Шунинг учун ҳам мафкуравий омилларнинг ёшлар тафаккурига таъсирини чуқур таҳлил этиш илмий жиҳатдан муҳимлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Мустақилликдан сўнг мамлакатимиз барча соҳаларда сифат жиҳатидан янгиланиш, дунёвий демократик давлат ва бозор иқтисодиётига асосланган фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлидан бормоқдаки, мамлакат конституцияси ушбу ислоҳий жараёнларда хуқуқий база, миллий истиқлол мафкураси эса унинг ахлоқий-ғоявий асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

“Дунёдаги илм–фан соҳасидаги ютуқлар айнан фундаментал тадқиқотлар йўналишида қўлга киритилгани тасодифий эмас, – дейди Президентимиз Ш.Мирзиёев. Шунинг учун эндиликда фундаментал фанларни ҳар томонлама қўллаб–қувватлаш, соҳани иқтидорли ёш кадрлар билан таъминлаш давлатимизнинг муҳим вазифаларидан бири сифатида кун тартибига қўйилмоқда”. Бу вазифалар мамлакат фуқаролари, жумладан, ёшларнинг маънавий тарбиясига тааллуқлидир. Шу сабабли биз бугунги куннинг долзарб тадқиқотларидан бири бўлган мафкуравий омилларнинг ҳозирги ёшларни ғоявий жиҳатдан ҳимоялашнинг муҳим омили ҳисобланишини қайд этишимиз зарур.

Тарихий жараёнлардан маълумки, жамиятдаги ҳар бир ижтимоий куч ёки аҳоли қатламлари ўз мақсад ва интилишларини ифода этувчи ғоялар тизимини яратгач, бошқаларни ҳам шу ғоялар таъсирига тортишга, ўз тарафдорлари сафини кенгайтиришга ҳаракат қилиб келган. Бунда маънавий-маърифий фаолият ва таълим-тарбия жараёни ҳамда ахлоқий ўзгаришлар ҳолати муҳим аҳамиятга эга.

Ғоялар адолатли ва ҳаққоний бўлиб, кўпчиликнинг талаб–эҳтиёжларига мос келса, бу соҳадаги тарбия воситалари таъсирчан, тарбиячилар эса фаол ва фидойи бўлса, ғоявий тарбиядан кўзланган мақсадга эришилади. Бу йилнинг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб номланиши бежизга эмас. Бу эса мамлакат, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилган инвестициялар йўналишига ўтаётганлигини билдиради. Мамлакатимизда ёшлар учун зарур шароитлар яратиш, янги таълим-тарбия, маданият, санъат ва спорт масканларини барпо этиш, ёш оилалар учун уй-жойлар қуриш, ёшларни иш билан таъминлаш, уларни тадбиркорлик соҳасига кенг жалб этиш бўйича амалий ишлар қилинмоқда. Буни биз таълим-тарбия соҳасидаги ислоҳий ўзгаришларда, замонавий узлуксиз таълим муваффақиятли амалга оширилаётганида, соҳага олиб кирилаётган инвестицион ўзгаришларда ҳам кўриб турибмиз. Айтиш мумкинки, таълим ва тарбия тизимининг барча бўғинлари фаолиятини бугунги замон талаблари асосида такомиллаштириш давлатимизнинг биринчи даражали вазифасига айланди.

Мафкуравий омилларнинг ёшлар турмуш тарзига ижобий таъсири ва аҳамияти каттадир. Чунки бу вазифа тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ бўлиб, комил инсонни тарбиялаш тараққиётнинг маъно-мазмунини ташкил қилади. Инсоният тарихига назар ташласак, ҳар қандай жамиятда комилликнинг энг асосий кўрсаткичи инсоннинг эзгуликка, ижтимоий бахт-саодатга, гуманистик ғояларга муносабатида ҳамда уларга асосланган амалий фаолиятида намоён бўлади. Жамиятнинг умумий ривожига таъсир кўрсатувчи комиллик мезони инсонни, шахсни баркамол қилиш орқали жамиятни бахтли, саодатли қилиш ғоясини ифода этади. Бу ғоя мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларда ўзига хос аҳамият касб этмоқда.

Яна бу ҳақда гап кетганда, бош Қонунимизни чуқур ўрганиш, англаш, ҳаётга жорий этиш ва унга сўзсиз амал қилиш – барчамизнинг шарафли бурчимиз эканлигини таъкидлашимиз ўринлидир. Инсон қадр-қимматини эъзозлаш, бунинг учун ҳар қандай ҳолатда ҳам адолатни қарор топтиришга қодир бўлган одил судлов тизимини шакллантириш бизда энг устувор вазифага айланди. Бугунги кунда юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини қонуний ҳимоя қилиш бўйича салмоқли ишлар қилинмоқда.

Президентимиз таъкидлаганидек, “Асосий қонунимиз талабларини тўлиқ амалга ошириш борасида ҳали олдимизда улкан вазифалар турибди. Яъни халқимиз ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини амалда таъминлаш бўйича ҳали кўп иш қилиниши керак. Энг муҳими, одамларимиз ислоҳотлар самарасини келажакда эмас, балки бугун ўз ҳаётида ҳис этишмоқда”.

Бугун мафкура соҳаси вакилларининг бош вазифаси – халқимизнинг, жумладан, ёшларнинг озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш йўлидаги истаклари, мақсадлари, миллий истиқлол ғоясининг моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш, айниқса, ёшлар онгига сингдиришдан иборат. Бу масалада таълим-тарбия муассасалари ходимларидан алоҳида жонкуярлик ва фидойилик талаб этилади.

Мафкуравий фаолият ва ғояларнинг амалга ошиши, жамият аъзоларининг, айниқса, ёшларнинг куч-ғайратига боғлиқ. Ёшлар бу масъулиятли вазифани бажариши учун эркинлик ва қулай имкониятлар мавжуд.

Э. БОБОМУРОДОВ,
ТерДУ профессори, фалсафа
фанлари доктори

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE