Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Тараққиёт омили

Тараққиёт омили

Тошкент Давлат аграр университети Термиз филиали қишлоқ хўжалиги учун малакали ва билимли кадрлар етиштириш билан бир қаторда деҳқончилик маданиятини ҳам оширишга ҳисса қўшмоқда. Шу мақсадда олий таълим муассасаси профессор, ўқитувчилари, ёш олимларидан “Маслаҳат” гуруҳи ташкил этилган. Улар фермер хўжаликлари ҳамда уйма-уй юриб томорқа ер эгаларига тегишли кўрсатма ва маслаҳат бериб боришади.

— “Маслаҳат” гуруҳини ташкил этишдан мақсад айнан томорқа ер эгалари ва деҳқон-фермерларни соҳага оид илм-фан янгиликларидан хабардор этиш, —дейди университет филиали директори Чори Бегимқулов. — Гуруҳдаги селекционер олимлар, қишлоқ хўжалиги илмий-текшириш институтлари ходимлари ва ёш тадқиқотчилар фермер хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида етиштирилаётган маҳсулотларни парвариш қилиш, зарарли ҳашаротларга қарши курашиш сингари агротехника қоидаларини ўргатишади. Шунингдек, жойларда семинарлар ўтказилади.

Таъкидлаш жоиз, вилоят қишлоқ хўжалигида малакали кадрларга эҳтиёж юқори. Аксарият фермер ҳўжаликлари раҳбарлари эса мутахассис эмас ва муайян тажрибаси йўқ. Бунинг устига, кейинги йилларда воҳамизда иқлимга мос навлар яратилган эмас. Селекцияда оқсоқлик юзага келганлиги боис қишлоқ хўжалигида сезиларли ўзгаришлар бўлмади. Аҳоли орасида томорқасидан унумли фойдалана олмаётганлар ҳам анчагина. Томорқа ҳосилдорлиги паст. Қулай иқлим шароитга эга, бир йилда 3-4 марта ҳосил олиш имкониятига эга Сурхон воҳаси учун бу ачинарли ҳол.

Шу боис қишлоқ хўжалигига тажрибали ходимларни тайёрлаб бериш мақсадида аграр университет филиалида қишлоқ хўжалиги кадрларига бўлган эҳтиёж таҳлил қилиниб, зарур чоралар белгиланаяпти. Жумладан, Юртбошимиз ташаббуси билан 2017 йилда ташкил этилган ушбу ўқув даргоҳида 13 таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрланмоқда.

— Филиалимиз катта ўқув базасига эга. Яқинда 1000 ўринли ўқув хонаси, 240 ўринли талабалар ётоқхонаси, 8 та лаборатория замонавий талаблар асосида жиҳозланди,— дейди Чори Бегимқулов. — Бу эса таҳсил олаётган 722 нафар талабанинг пухта билим олиши ва назарий билимларини амалда мустаҳкамлаши учун катта имконият яратди.

“Маслаҳат” гуруҳи, айниқса, боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида дарахтларни парваришлаш, пайванд қилиш усуллари бўйича катта амалий ёрдам бермоқда. “Маслаҳат” гуруҳига қишлоқ хўжалигида юқори ҳосил олишнинг янада самарали жиҳатларини ўргатиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олган. Бунинг учун вилоят ҳокимлиги енгил автомашина ажратишни режалаштирган.

 Ўқув юрти олимлари вилоят қишлоқ хўжалиги ходимлари, биринчи навбатда, фермер хўжаликлари учун сабзавот-полиз маҳсулотлари, пахтачилик, ғаллачилик, чорвачилик бўйича зарурий тавсиялар ишлаб чиқишган. Уларни тез орада фермер хўжалиги раҳбарлари ва томорқа ер эгаларига тарқатиш мўлжалланмоқда.

Айни пайтда олий ўқув юрти қишлоқ хўжалиги ташкилотилари билан кадрларни етиштириб бериш борасида уч томонлама шартнома имзолади. Унда иш берувчи, олий таълим муассасаси ва талаба талаблари акс этган. Шарт номага мувофиқ олий ўқув юрти иш берувчи учун замонавий билим ва кўникмаларга эга малакали кадр етиштириб беради. Талаба иккинчи курсданоқ ўша ташкилотда амалиёт ўтайди ва олий ўқув юртини тугатганидан сўнг беш йил мобайнида ишлаб беради. Иш берувчи ташкилот шарномага мувофиқ талаба олий ўқув юртини тамомлагунга қадар ўқув шартномаси пулларини тўлаб боради.

Бугунги кунда олий ўқув юртида 70 дан ортиқ, профессор-ўқитувчи ёшларга таълим бераяпти. Келгуси йили бу кўрсаткич 150 нафардан ошади. Эндиликда бу ерда сиртқи таълим, магистратура йўналишларида ҳам талабалар таҳсил олишади. Демак, вилоят қишлоқ хўжалик соҳасини етук, билимли кадрлар билан таъминлаш муаммоси ечим топиб бораверади.

Наргиза РАҲМАТУЛЛАЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Хирмон тўлиб тўкилди дон…

Воҳамиз ғаллакорлари давлатга ғалла сотиш шартномавий режасини ошириб бажаришди. Қабул масканларига бугунгача 289,9 минг ўрнига …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan