Бош саҳифа / Таълим / Тараққиётдан орқада қолган таълим

Тараққиётдан орқада қолган таълим

Воҳамизнинг шимолий ҳудудига қараб юрар бўлсангиз, улкан, пурвиқор тоғлар билан тўқнаш келасиз. Кўкка қараб бўй чўзган юксак чўққилар гўё кишига улуғворлик, мардлик, ҳалоллик, адолат ва ҳақиқатдан сўйлаётгандек туюлаверади. Бутун дунёга донғи кетган Боботоғ шунчалар улуғвор, юксакки, ҳатто, бу юксаклиги унинг шундоқ пойида ястаниб ётган сой ва даралар, пасттекисликлар, қишлоғу овулларга ҳам ўз кўланкасини ташлаётгандек.

Қўшни Тожикистон Республикасининг Рудакий тумани билан чегарадош Боботоғ қишлоғида бугунги кунда 15 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Икки ёндош республикани она табиатнинг ўзи белгилаб берган табиий чегара — Кофарниҳон дар- ёси иккига ажратиб туради.

Боботоғ қишлоғига қилган ташрифимизга “Янгиобод” маҳалласида яшовчи фуқаро Чори Жўллиевнинг шикоят-аризаси сабаб бўлди. Ч. Жўллиев ўз аризасида 35-умумий ўрта таълим мактабидаги хўжасизлик, бошбошдоқликлар хусусида ёзади.

Шуни афсус билан қайд этиш керак, мактабдаги вазият биз ўйлагандан анча ёмонроқ экан. 2013 йилда мактаб бошқарувини ўз қўлига олган Маҳмуд Эшмуродов ушбу давлат муассасасида ўзи билганча иш юритди. Кадрларни ҳам ўз таъбига кўра танлади, ким кўзига яхши кўринса, иш берди. Аксинча, ўзига ёқмаса, ҳатто, у олий маълумотли кадр бўлса ҳам ишга олишдан бўйин товлади. Хуллас, ўз “жамоаси”ни тузиб олди. Бундай дейишимизга ҳам асослар бор. Мактабга яқин атрофда олий маълумотли мутахассислар бор. Ариза муаллифи Ч. Жўллиев Тошкент автомобиль ва йўллар институтини битирган, аммо бу унинг педагогик фаолият олиб боришига монеълик қиларди. Шу боис, 2017 йилда ТерДУ кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш филиалида қайта тайёрлашдан ўтиб, педагогик фаолият олиб бориш ҳуқуқига эга бўлди.

— Жорий йилнинг 3 август куни 35-мактаб директори Маҳмуд Эшмуродовга чақириққа ёшларни тайёрлаш фани бўйича иш сўраб бордим, аммо директор асоссиз равишда аризамни қабул қилмади. Очиқчасига: “Сенда шахсий хусуматим бор, ҳеч қачон сени ишга олмайман”, деб қўпол муомала қилди.

Туман халқ таълими бўлими раҳбарига учрашдим, “Буни туман мудофаа ишлари бўлими ҳал қилади”, дегач, мудофаа ишлари бўлимига мурожаат қилдим. Улар мен билан ўзаро суҳбатлашиб, ҳужжатларим билан танишгач, “Ушбу фанни ўтишга муносиб кадр экансиз”, деб ишлаш учун тавсия беришди. Аммо директорнинг “диди”га ўтирмаганимиз учун узоқ йўл босиб, бошқа мактабларга бориб ишлашга мажбур бўлаяпмиз. Мана, масалан, директорнинг яқин оғайниси Абдумўмин Эшмуродов олий маълумотли бўлса ҳам мактаб раҳбари иш бермаганлиги учун узоққа қатнаб ишлашга мажбур бўлмоқда, — дейди Ч. Жўллиев.

Вилоят халқ таълими мутахассиси Н. Ибрагимова билан биргаликда ўтган йиллардаги синф журналларини текширдик. Мактаб директори ва ўқитувчилар жамоаси журналларни узоқ вақт излашди. 2009-2010 ҳамда 2017-2018 йиллар оралиғидаги синф журналларининг 18 таси мактабда мавжуд эмас. Ваҳоланки, бу ҳужжатлар мактабда 75 йил сақланиши журналнинг муқоваси ичига ёзиб қўйилган. Айрим журналларнинг муқоваси шилиб олинган, фақат ёзув қисми қолдирилиб, қолгани мактаб маъмурларининг таъкидлашича, макулатурага топшириб юборилган. Мактабда атиги 12 та табель сақланиб қолган. Қолган қисми чиқинди сифатида ташлаб юборилган.

Мактаб директори Маҳмуд Эшмуродов бироз шоввоз чиқиб қолди. У 2016 йили бўлиб ўтган Президентлик сайловида ўз ҳудудида участка сайлов комиссияси раиси сифатида ишлаган. У ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, сайлов комиссияси 6 нафар аъзосининг пулини “туя” қилиб кетганига нима дейсиз.

— Сайловда котиб вазифасида ишлаганман. Комиссия раиси бўлган Маҳмуд Эшмуродовдан қонуний ҳақимизни сўрасак, “Қаерга борсаларинг, бораверинг лар”, деб маошимизни бермади. Тегишли ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилганимиздан кейин, орадан 2 йилча вақт ўтиб, ҳақимизни ундириб беришди, — дейди Абдумўмин Эшмуродов.

Мактабда юзага келган хўжасизликлар ҳақида олий маълумотли физика фани ўқитувчиси Хотира Қурбонова қуйидаги фикрларини баён қилди:

— Тартиб-интизом масаласи бизда анча оқсоқ. Масалан, физика ва математика фани ўқитувчиси Ислом Шоҳназаров сентябрь ойи ҳисобидан бир кунгина ишга келди. Аммо синф журналини ой бошидан тўлдириб келмоқда. Ўтган ўқув йилида ҳам инглиз тили, кимё ва биология фанлари ўтилмасдан, журналлар номигагина тўлдирилиб, кимлардир маош олиб юрди.

27 сентябрь куни тушдан ке- йин мактабда 11 нафар ўқитувчини учратдик. 23 нафар ўқитувчидан 6 нафари олий маълумотли. Журналларни кўздан кечирганимизда аксарият фанлар ҳафталаб ўтилмаганлигига гувоҳ бўлдик. Ўрта махсус маълумотли ўқитувчилар таянч фанлардан дарс ўтишмоқда. “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Гулбой Жонқобилов Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтининг зооинженерлик факультетини битирган. Қайта тайёрлашдан ўтмаган бўлса-да, ўриндошлик асосида биология фанидан дарс беради. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Мактаб директори М. Эшмуродовнинг жисмоний тарбия фанини тўлиқ ўтмаётгани журналлардаги қайдларда ўз аксини топган.

Ўша куни ўқитувчилар 1-, 2-, 3-ва 4-синф журналларини кўрсатишолмади. Ўқитувчиларнинг масъулиятсизлиги сабаб айрим синфларда геометрия, информатика, кимё, математика фанлари ўтилмай қолиб кетмоқда. Ўқитувчи ва раҳбарларнинг ҳужжат ишларида камчилик ва хатолар бисёр. Гарчи ўрта махсус маълумотли бўлса-да, ўқув-тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосарлигига Худойберди Тоғаевнинг тайинлангани қизиқ. Ушбу мактабда аксарият фанлар номутахассислар томонидан ўтилаётгани эса ҳеч кимни қизиқтирмаётган кўринади.

Шунингдек, “Толтўғай” маҳалласида жойлашган 32-мактабда ҳам бўлдик. Директор Абдулаҳад Эшонқулов:

— Бугунги кунда мактабимизда 300 нафар ўқувчи ўқийди. Мактабимиз 140 ўринли. Синфхоналар етишмаслиги боис, ўқувчиларни тўлиқ 2 навбатда қамраб олишнинг имкони бўлмаяпти. Мактабимиздаги мавжуд компьютерлар маънан эскириб, яроқсиз ҳолга келиб қолган. Бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермайди. Мобиль алоқа йўқлиги етмагандай, кўчалар ҳам нотекис, асфальтланмаган, — дейди куюнчаклик билан.

Оқмачит қишлоғидаги 45-мактабда ҳам бир талай муаммоларга дуч келдик. Жума куни биринчи соатда ўтиладиган маънавият соатига айрим синф раҳбарларининг келмагани ажабланарли, албатта. Эрталабки дарснинг биринчи соати белгиланган муддатдан кеч бошланишини қандай баҳолаш мумкин?

40-мактабда 357 нафар ўқувчи бор. Мактаб 140 ўринли. Айни пайтда дарслар 3 навбатда олиб борилмоқда. Бу ерда ҳам асосан, ўрта махсус маълумотли ўқитувчилар дарс ўтишмоқда. 1 нафари номутахассис, 4 нафари нострификациядан ўтмаган. З. Тоғаев мутахассислиги узумчилик бўлишига қарамасдан, тарих фанидан дарс ўтиб келмоқда. Қисқасини айтганда, Боботоғ қишлоғидаги 7 та мактабда ҳам мутахассис муаммоси мавжуд.

Нима, боботоғликлар тоғ ошиб, олий билимгоҳлар сари интилишмаяптими ёки олийгоҳларни битирган ёшлар марказда қолиб кетишаяптими? Хуллас, тамаддун юксак тоғ чўққиларидан ошиб, Боботоғ қишлоғигача етиб келмаётгани ҳақиқат. Кадрлар масаласида юзага келган тақчиллик, тартиб-интизомнинг йўқлиги, ҳали бу соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг самардорлигини ошириш борасида Узун туман халқ таълими бўлими мутасаддилари зиммасига кўпдан-кўп масъулият юклайди. Зора, мамлакатимизда юз бераётган ижобий ўзгаришлар Боботоғда ҳам ўз аксини топса! Бу ўз навбатида, келажак авлодни билимли, маънавиятли ва маърифатли қилиб тарбиялашда муҳим омил бўлиб хизмат қилса, не тонг.

ХУЛОСА ЎРНИДА:

вилоят халқ таълими бошқармаси мутахассисларининг аралашуви билан Чори Жўллиевнинг шикоят-аризаси қаноатлантирилди. Аризада кўрсатилган фактлар ўз тасдиғини топди. Яъни 2018 йил 2 октябрь куни чақириққа қадар ёшларни бошланғич тайёрлаш раҳбари лавозимига 3 ойлик синов муддати билан ишга қабул қилинди. Аммо бу ҳудуддаги мавжуд муаммолар ўз ечимини топди, деган маънони бермайди. Зеро, Боботоғ қишлоғидаги мактабларда илдиз отган иллатларни бартараф этиш, соҳа ходимлари маънавий дунёсида ижобий ўзгариш ясаш нафақат туман, балки вилоят халқ таълими бошқармаси мутасаддиларининг ҳам бурчи бўлмоғи лозим. Бинобарин, воҳа халқ таълими тизимида юзага келган мудроқликдан уйғониш вақти келди. Мутасадди ташкилотлардан ушбу мақолада кўрсатилган муаммолар юзасидан жавоб кутиб қоламиз. Унутманг, биз ушбу мавзуга яна қайтамиз.

Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

ТАНИШИНГ: “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси”

Феруза Жаббарова, Термиз шаҳар 4-давлат ихтисослаштирилган мактаби интернати она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси ОЛИМ …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan