Бош саҳифа / Жамият / Тараққиёт одимлари

Тараққиёт одимлари

Тараққиёт илгари одимлагани сари, замона ҳам бироз тезлашаётгандай, ер курраси  ҳам ўз ўқи атрофида жиндай тез айланаётгандай таассурот уйғотади кишида. Негаки, худди кечагина янги — 2017 йилни кутиб олгандекмиз. Ваҳоланки,  баҳор ва  жазирама саратонни ортда қолдириб, куз фасли ҳам остонада эшик қоқиб турибди. Узоқ муддатли таътил тугаб, ўқувчи ёшлар севимли масканлари бўлмиш, таълим муассасаларига қадам қўядилар. Шу боис, айни пайтда вилоятимиз миқёсида барча таълим муассасаларида янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари ниҳоясига етиб, шай ҳолга келтирилди.

Жумладан, Жарқўрғон туманида ҳам бу борада эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Бугунги кунда туманда 57 та мактаб, 1 та давлат 12-ихтисослаштирилган мактаб интернати ҳамда 35 та мактабгача таълим муассасаси мавжуд. Давлат дастури асосида 4 та мактаб, 2 та МТМ да капитал таъмирлаш ва реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Маҳаллий маблағлар ҳисобидан 19-умумтаълим мактаби ҳамда 16-мактабгача таълим муассасасида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Жорий йилда инвестиция дастурига асосан, “Боботоғ” маҳалласида қиймати 2 миллиард 998 миллион сўмга тенг 315 ўринга мўлжалланган 54-умумтаълим мактабининг янги биносини қуриш ишлари якунланиш арафасида турибди. Шунингдек, 49- умумтаълим мактаби филиали (қиймати 778 миллионга тенг) ни реконструкция қилиш, 460 ўринли  25-,  560 ўринли 41-умумтаълим мактаби биноларини таъмирлаш ишлари ниҳоясига етди. Бундан ташқари, 7- ҳамда 10-МТМ ларини капитал реконструкция қилиш  режалаштирилган бўлиб, айни пайтда иш ҳажми 30 фоизга бажарилди. Туман миқёсида маҳаллий бюджет маблағи ҳисобидан кузги-қишки мавсумга тайёргарлик ишлари учун 1 миллиард 409 миллион сўмлик таъмирлаш ишлари бажарилди. Ажратилган маблағ асосан, биноларнинг  том қисми, иситиш тизими ҳамда дераза ромларини таъмирлаш учун йўналтирилди.

2018 йилнинг инвестиция дастурига кўра, туманда хом ёки пахса девордан қурилган ҳамда мослаштирилган 17-, 21-, 24-, 31-, 37-, 40-, 43-, 47-, 51- умумтаълим мактаблари, 8-, 17-, 21-МТМ бинолари реконструкция ва капитал таъмирлашга тушган. Аммо, бугунги кунда ютуқлар билан бир қаторда камчиликлар ҳам бор. 15-, 16-, 26-, 52-мактабларнинг том қисмидан чакки ўтади. 6-, 15-, 16-, 23-, 26-, 28-, 32-мактабларнинг иситиш тизимида айрим муаммолар мавжуд. Бу камчиликларни янги ўқув йилига қадар бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

Ўтган ўқув йилида жарқўр- ғонлик ўқувчиларнинг эришган ютуқлари салмоқли бўлди. 5-8 синф ўқувчилари ўртасида бўлиб ўтган “Билимлар беллашуви” нинг вилоят босқичида 28 нафар ўқувчи иштирок этиб, 4 нафари биринчи, 10 нафари иккинчи, 2 нафари учинчи ўринни қўлга киритди. Беллашувнинг республика босқичида фаол иштирок этган 4 нафар ўқувчи ёз ойида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган “Қуёшли” болалар оромгоҳида бепул, имтиёзли равишда дам олиб, халқ таълими вазирлигининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

— Янги ўқув йилига мактабимиз имкон даражасида таъмирланди. 56 миллион сўм эвазига иситиш тизими ва 7 та қозонхона тўлиқ соз ҳолга келтирилди.

Таъмир ишлари “GOLDEN BOY GROUP” корхонаси томонидан амалга оширилди. Жорий йилда мактабимизга 1-синфга 320 нафар ўқувчи 6 та синфга қабул қилинаётган бўлса, 2 та 10 синфга ўқиш учун рўйхатдан ўтганлар 54 нафарни ташкил этади, — дейди 1-мактаб директори Эргаш Маҳмараимов.

—“Гулҳовуз” — тумандаги чекка маҳалла саналади. Бу қишлоқда жойлашган 47-умумтаълим мактаби илгари анча қолоқ, шароити оғир бўлган. Мактабга Феруза Тўраева раҳбар этиб тайинлангач, анча обод бўлди, — дейди туман ХТММТ ва ТЭ бўлими мудири Қизларшой Раҳматова.

Мактабга ташрифимиз чоғида ўзимиз ҳам бунга тўла амин бўлдик. Синфхоналар янги ўқув йилига тўлиқ тайёр ҳолга келтирилган.

— Мактабимиз 320 ўринли. 401 нафар ўқувчи таълим олади. 1 та 10-синф ташкил этилмоқда. Бу йил илк маротаба мактаб остонасини хатлайдиган 55 нафар биринчи синф ўқувчилари учун Президент совғалари тўлиқ олиб келинди. Ўтган ўқув йилида мактабимизга 16 та энг сўнгги русумдаги  замонавий компьютерлар келтирилди,— дейди 47 мактаб директори Феруза Тўраева.

Ёзги таътилни кўнгилли ўтказган ёш ўғил-қизлар соғинч ва ҳаяжон билан “Билимлар куни” ни чанқоқлик билан кутишмоқда. Бошланажак янги ўқув йилида уларни кўпдан-кўп янгиликлар, янги билимлар кутаётгани аниқ.

Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan