Бош саҳифа / Жамият / Тараққиёт кафолатлари

Тараққиёт кафолатлари

Жамоатчилик орасида “Ғарбда қонун бошқаради, Шарқда эса анъаналар“, деган бир ибора юради. Авваллари ўзим ҳам бу иборанинг нечоғлик аҳамиятга эга эканлиги ҳақида жиддий ўйлаб кўрмаган эканман. Дунё миқёсида глаболлашув жараёни кечаётган шу кунларда баъзи расм-русумлар, анъаналар, маданиятларнинг қоришуви, миллий ўзига хослик унутилиб, умумий қиёфа касб этаётганлиги, юқоридаги каби иборалар эндиликда бироз ўз аҳамиятини йўқотаётгандек таассурот уйғотади кишида. Балки фикримга қарши фикр билдирмоқчидирсиз, бу ҳам муҳим. Негаки, ҳақиқат баҳс-мунозараларда, соғлом фикр ҳукмрон муҳитда шаклланади, қудратли бир куч сифатида майдонга чиқади. Фикрларимни асослаш мақсадида баъзи бир мулоҳазаларимни Cиз билан ўртоқлашмоқни ният қилдим.

Биринчи фикр. Ғарб давлатлари, хусусан, Америкадаги тараққиётни таҳлил қиладиган бўлсак, қонунларга бўлган итоаткорлик, қонун-қоидаларнинг урф-удумлардан устун қўйилганлигининг гувоҳи бўламиз. Оддий бир ғарблик меҳмондорчиликни ўрнига қўя олмаслиги мумкин, бироқ қонунга доим итоат қилиб туради. Қўполроқ қилиб айтганда, ўз юкини бировнинг елкасига ташламайди. Ҳамма ўзи учун, ўз вазифаси учун масъул. Бировнинг хатосини бошқа биров тўғирламайди, жойиз бўлса, кечирилмайди.

Иккинчи фикр. Шарқий Осиё мамлакатлари Иккинчи жаҳон урушидан кейинги ислоҳотлар боис кескин суръатда ривожланди, тараққий этди. Эътибор берадиган бўлсак, биз юқорида тилга олган Осиёнинг гигант мамлакатлари ҳам худди биз сингари миллий урф-одатлар, анъаналар асосида истиқомат қилади. Уларнинг ютуғи, миллий урф-одатлар ва дунёвий тараққиёт тамойилларини уйғунликда олиб борганликлари ва энг муҳим фактор – миллатнинг давлат раҳбари атрофида бир куч сифатида жипслашиб, амалдаги сиёсат ҳамда қонунларга ҳурмат кўрсатган ҳолда, тараққиёт учун жидду жаҳд билан курашганликлари, керак бўлса, давлат манфаатларини шахсий манфаатдан устун қўйганликларида, десак тўғрироқ бўларди.

Учинчи фикр. Мустақил юртимиз ўтган шонли 25 йил мобайнида ўзининг суюкли фарзанди – Биринчи Президенти И. Каримов раҳбарлигида юксалди, ривож топди. Миллий қадриятлар, анъаналардан чекланмаган ҳолда дунёвий тараққиёт— “ўзбек модели“ тамойили танланди. Ва бу табиийки, тўғри танланган сиёсат эканлигини ҳаётнинг ўзи исботлади.

Тўртинчи фикр. “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир“, мана Президентимизнинг бугунги шиорга айланган фикр-мулоҳазалари. Ўзбекистоннинг ўз тараққиёт йўли, давлатчилик усули, уни ривожлантиришнинг ўзига хос тамойиллари бор. Ҳукуматимиз раҳбари бугун барчамизнинг олдимизга ана шундай қатъий талаб ва вазифаларни қўймоқдаки, бу барча аҳоли томонидан кўтаринкилик билан қарши олинмоқда.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг 5 та устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси ишлаб чиқилиб ҳаётга татбиқ этилмоқда. Унга кўра, давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга йўналтирилган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламентнинг ҳамда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, давлат хизматининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, “Электрон ҳукумат“ тизимини такомиллаштириш, давлат хизматлари сифати ва самарасини ошириш, жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ этиш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш“ Ҳаракатлар стратегиясининг биринчи босқичини ўз ичига олади.

Давлатимиз раҳбари Конституциямизнинг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида инсон манфаатларини таъминлаш учун, аввало, одамлар билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш кераклигини таъкидлар экан, халқимиз дилидаги, жамиятимиздаги оғриқли бир муаммони кун тартибига қўйди: “Биз кейинги пайтда одамлар билан мулоқот қилишни унутиб қўйдик. Уларнинг ичига кириб, очиқ ва самимий гаплашиш, дардини эшитиш фаолиятимизда, афсуски, охирги ўринга тушиб қолди.” Ҳукуматимиз раҳбари томонидан таъкидлаб ўтилган бир қатор вазифалар қисқа фурсатларда изчиллик билан ҳаётимизга татбиқ этилмоқдаки, бундан халқимиз миннатдор бўлмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзоларининг халқ орасида юриб, мулоқотлар ўтказишаётганликлари, уларни қийнаётган муаммолар имкони борича жойида ўз ечимини топаётганлиги, баъзилари эса ҳукумат даражасига олиб чиқилаётганлиги катта воқеа.

Авваллари оддий халқ ҳоким ким, вазир ким, депутат ким, билмай юрарди. Эндиликда барча вазирликлар, ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мутасаддилари юзма-юз ҳамда ОАВ орқали халқ билан мулоқот қилмоқдалар. Халқ билан мулоқотнинг очиқ-ошкоралиги аслида мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва модернизация қилиш йўлидаги дадил амалий қадам бўлди, дейиш мумкин. Ҳар бир туманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари, “Ишонч телефони” ёки Ягона интерфаол давлат хизматлари порталининг ишга туширилганлиги фикримизни исботлайди.

Президентимиз Ш. Мирзиёев Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съездидаги “Демократик ислоҳотларни изчил давом эттириш, халқимиз учун тинч ва осойишта, муносиб ҳаёт даражасини яратиш – барқарор тараққиёт кафолатидир” номли маърузасида “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қиладиган вақт келди. Бундан кейин жойлардаги раҳбарлар фаолиятига биринчи навбатда улар бошқараётган ҳудуддаги аҳолидан тушаётган мурожаатлар сони, уларнинг халқ ичида юриши, мавжуд муаммоларнинг амалий ечимига қараб баҳо берилади. Қисқа қилиб айтганда, раҳбарларга халқнинг ўзи баҳо беради,” дея таъкидлади. Давлат бошқарув тизимидаги бундай шаффофлик ва очиқлик мамлакатдаги инсон манфаатларини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини танишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

“Электрон ҳукумат“ тизимининг такомиллашуви, давлат хизматлари сифати ва самарасининг оширилиши, жамоатчилик назорати механизмларининг амалга татбиқ этилаётганлиги ўз мевасини бера бошлади. Энди у хоҳ шаҳар, хоҳ чекка бир қишлоқ бўлсин, фуқаро ўз ҳақ-ҳуқуқларини танийди, ўзини-ўзи ҳимоя қила олади. Зеро, давлатимиз раҳбарияти томонидан бунга кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Энг асосийси, мамлакат раҳбарининг ўзи бу ишларга бош-қош бўлаётганлигида.

Азиз ватандошлар! Халқимизнинг бугунги турмуш даражаси, ҳаётларидаги ижтимоий аҳволнинг ўзгаришидан манфаатдор фуқаро сифатида бу ислоҳотларга ўз вақтида лаббай, деб жавоб бериб, жараёнларда фаоллик кўрсатайлик! Мамлакатимизнинг тараққий этишида оз бўлса-да, ўз ҳиссамизни қўшайлик!

Холмуҳаммад
ТОҒАЙМУРОДОВ,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Улуғ инсон эди…

У пайтлар Ангор тумани маданият бўлими бошлиғи бўлиб ишлар эдим. Ташкилотчилигим, ташаббускорлигимни яхши билган туман …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE