Бош саҳифа / Жамият / Тантанали нишонланди

Тантанали нишонланди

Юртимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги учун кечани кеча, кундузни кундуз демай машаққатли ва шарафли бурчини бажараётган аскар ва офицерларимиз шаънига ҳар қанча мақтовлар айтсак арзийди. Юртбошимиз ташаббуслари билан ўтган йил 15 декабрдан жорий йил 15 январгача “Ватанпарварлик ойлиги” ўтказиб келинмоқда.

Ана шу тадбир доирасида бўлган учрашувлар, адабий кечалар, мулоқотлар, кўргазмали чиқишлар деярли аҳолининг барча қатламларини қамраб олди, десак муболаға бўлмайди. Айниқса, мактаб, коллеж, лицей ўқувчилари, олий ўқув юрти талабалари Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган замонавий ислоҳотлар, ҳарбийларимизга берилаётган имтиёзлар, яратилаётган шароитлар, замонавий қурол-аслаҳалар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишди. Бежиз Ватан ҳимоячилари куни олдидан бундай маънавий-маърифий ойлик эълон қилинмади. Мақсад Ватан ҳимоячилари билан халқнинг мустаҳкам бирлиги, ҳамжиҳатлигини таъминлаш орқали ёшларимизни юртга садоқат, халққа муҳаббат, келажакка қатъий ишонч руҳида тарбиялашдир.

14 январь куни Термиз шаҳридаги “Хотира” хиёбони эрталабдан ҳарбийлар, жамоат ташкилотлари, корхона, ташкилотлар вакиллари, ўқувчи ва талабалар билан гавжум бўлди. Мусиқа садолари остида юртимиз байроғини кўтариб келаётган кишиларнинг нигоҳида шу азиз Ватанга бўлган садоқати шундай билиниб турарди. Ниҳоят, ҳарбий оркестр садолари тарала бошлади. Шаҳдам қадамлар билан Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисм вакиллари Мотамсаро она ҳайкали пойига биринчилардан бўлиб анвойи гуллар қўйиб, таъзим бажо қилдилар. Шундан сўнг, чегара қўшинлари, миллий гвардия ва бошқа ҳарбий қисм ҳамда бўлинмалар вакиллари Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди.

Шунингдек, вилоят ва шаҳар ҳокимлиги, корхона ва ташкилотлар, бошқармалар, жамоат ташкилотлари вакиллари бирин-кетин ўзларининг Қуролли Кучларимизга, Ватанимизга чексиз ҳурмат ва эҳтиромларининг рамзи сифатида Мотамсаро она ҳайкалини гулчамбарларга буркашди.

Шундан сўнг, ҳарбийлар ва ички ишлар ходимлари тантанали равишда юртимиз байроғини даст кўтарганча томошабинларнинг олқишлари ва мусиқа садолари остида параддан ўтдилар. 14 январь — Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган бу тадбир унинг иштирокчиларида унутилмас таассурот қолдирди.

Сафар ОМОН

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE