Бош саҳифа / Жамият / Танноз куёв

Танноз куёв

Баъзида ён-атрофингизда рўй бераётган ақл бовар қилмайдиган ҳодисалардан этингиз жунчикиб, ҳайратдан лол қоласиз.

Ангор буюм бозорида шундай воқеага гувоҳ бўлдим. Бўлғуси куёвболанинг изидан эргашиб юрган қайнона ва унинг қизи “шахзода”нинг кўнглини тополмай овора. Йигит танлаган нарсани чўнтак кўтармаганидан онаизор қизининг, қизи эса дирдираб турган онасининг олдида хижолатда, она-бола бир-бирига қараб қўяди. Хуллас, чекига тушган қайнона ва келин бўлмишни аямай “талаётган” куёвбола яна “Тушлик бўлиб қолди-ёв” деб қўяди. Охирги санаётган юз минг сўми энди арзандалик қилаётган куёвнинг “импортный” ички кийимига етсинми ёки унинг қорнини тўйдирсинми. Она боланинг ўзларини тутишидан норози бўлган куёв “менинг вақтим зиқ, имилламайлик, онам мана буни ҳам ол деган” деб нималарнингдир рўхатини ҳам беради. Шу тобда менинг кўзим тиниб кетди. Бечора она ва бола қандай аҳволга тушди экан?! Бу воқеани эсласам юрагим орқага тортиб кетади.

Бечора онаизорнинг терга тушиб кетганини, аросатда қолган қизининг эса ич-ичидан бўлғуси куёвга нафрат билан қараётганини кузата туриб, юрагим оғриди. Тўғриси, она болага ачинганимдан, бунинг охири нима билан тугашини билмоқчи бўлганим учун ҳам, улардан нари кетолмадим. Хаёлимдан эрта индин уйлантириш фурсати келган ўғлим ўтди. Агар бу хархашани ўғлим қилганда, уни ҳеч қачон ўғлим демасдим. Бу нозиктаб куёвнинг ота-онаси қандай одамлар экан-а?

Биз йигитларимизни қўрғонимиз, ҳар қандай ёвуз ниятлилирдан қўриқлайдиган “юрт посбонлари” дея фахрланамиз. Бу она-болани зор қақшатаётган, юзидан, сўзидан борингки, бутун онгидан ғурур, ор деган тушунчани сидириб ташлаган куёвни ана шундай илиқ сўзлар билан алқай оламизми?

Шу-шу кўча-кўйда хурмача одатлар чиқариб, муқаддас аҳду паймоннинг қанчалик улуғ эканлигига юзаки қараб таннозланаётган қиз ва йигитларни кўрсам, Ангор буюм бозоридаги ҳокисоргина онаизор ва қизини беўхшов нағмалари билан қақшатиб юрган бўлғуси танноз куёв кўз олдимдан ўтаверади.

Махмуд АЛИЁР

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan