Бош саҳифа / Таълим / Танлов совриндори

Танлов совриндори

Узун туманидаги айрим фанлар чуқур ўргатиладиган 4-ихтисослаштирилган мактабда 2019-2020 ўқув йилида 442 нафар ўғил-қиз таълим-тарбия олаяпти. Уларнинг барчаси илмга чанқоқ ёшлар. Тажрибали педагог, халқ таълими аълочиси Турсунали Хидиров раҳбарлик қилаётган таълим даргоҳида ҳар ўқув йилида ўғил-қизларни қабул қилишда адолат мезонларига қатъий амал қилинади, болаларнинг иқтидори, лаёқати, қизиқиши синовдан ўтказилади.

Чунки ўқувчи чуқур ўқитиладиган фанларни мукаммал ўзлаштиришга лойиқ бўлиши керак. Дарслар қатъий режа асосида ташкил қилинаётганлиги туфайли аъло баҳоларга ўқиётган ўқувчилар сафи кўпаймоқда. Ўқувчиларнинг фан сирларини яхши ўзлаштириши ҳар жиҳатдан ўқитувчининг маҳорати, билими, ўтилаётган ҳар бир мавзуга пухта тайёргарлик кўришига боғлиқдир. Ушбу даргоҳда меҳнат қилаётган устозлар умумтаълим мактабларининг ўқитувчиларига нисбатан қўшимча рағбат олишади. Шу боис устозлар “Дарс муқаддас” шиорига амал қилиб, болаларга мавзуни чуқур тушунтиришга ҳаракат қилишади, изланишади, илғор педагогик технологиялар асосида сабоқ беришади. Бир сўз билан айтганда, ихтисослаштирилган мактаб ўқитувчиси, деган номни оқлаш учун дарсликлардан ташқари манбалардан фойдаланиб, мавзуни қизиқарли, тушунарли, савоб-жавоб тарзида ўтишмоқда. Директор Т. Хидиров эса қаттиққўл, ҳар бир ўқитувчининг кунлик фаолиятини назоратсиз қолдирмайди, ўтаётган дарсини таҳлил қилиб боради.

Жамоада маҳоратли, ўз касбини севадиган ўқитувчилар жамланган. Масалан, география фани ўқитувчиси Иномжон Примов ТерДУни 2008 йил тугатгандан буён шу даргоҳда болаларга сабоқ бериб келаяпти. Ўз билимини оширишдан эринмайди. Ҳар бир мавзуни ўқувчиларга мароқ билан тушунтиради. Вилоятимиз, мамлакатимиз ва хорижий давлатлар географиясига оид теша тегмаган далил ва рақамларни тилга олиб, шогирдларини қизиқтиради. Шундан бўлса керак, иқтидорли ўқитувчидан сабоқ олаётган ихтисослашган мактаб ўқувчилари ҳар йили география ва иқтисодиёт фанлари бўйича ўтказилаётган синов, танлов ва фанлар олимпиадасида фахрли ўринларни эгаллаб, устознинг меҳнатини рўёбга чиқаришаяпти.

Мақоламизнинг аввалида маҳоратли педагог Иномжон Примов билимларини ошириб боришдан эринмайди, изланишдан толмайди дедик. Сўзимизнинг исботи шуки, яқинда у Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган география фани ўқитувчилари ўртасида ташкил қилинган “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси-2019“ кўрик-танловининг республика босқичида совриндор бўлди. Энг муҳими, унинг Самарқанд шаҳридаги 9-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчилари учун ўтган бир соатлик дарси республика миқёсида оммалаштирилади.

Усмонали НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Унутилмас учрашув

Анъанага айланиб келаётган “Устоз ва шогирдлар учрашуви” бу йил ҳар қачонгидан ҳам ўзгача руҳда ўтди. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan