Бош саҳифа / Таълим / ТАНИШИНГ: “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси”

ТАНИШИНГ: “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси”

Феруза Жаббарова,
Термиз шаҳар 4-давлат ихтисослаштирилган мактаби интернати она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси

ОЛИМ БЎЛСАНГ, ОЛАМ СЕНИКИ

Барча мўъжиза, ихтиро ва кашфиётлар, тараққиёт ҳамда юксалишларнинг асосий манбаи шубҳасиз, илмдир. Албатта, илмсиз бу дунё ва тараққиётни идрок қилиб бўлмайди. Кўзларимизга нур, қалбларимизга қўр, ҳаёт йўлимизга зиё сочгувчи илм ва тафаккур билан инсониятга наф келтиришга интиламиз.

Шогирдларимнинг ютуқларини бирма-бир санайверсам, кўксим ғурурга тўлади. 2016 йилда ўқувчиларим: Комила Шойимова ҳамда 2018 йилда Мухлиса Шаймардоновалар Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори бўлишди.

2017 йил “Билимлар беллашуви”да 8-синф ўқувчиси Марғиёна Жуманазарова шаҳар босқичида 1-, вилоят босқичида 2-ўринни эгаллаган бўлса, 2018 йил фан олимпиадасида шаҳар ҳамда вилоят босқичида 2-ўринни эгаллади. Шу ўқувчимиз ўтган йили “Koррупция – тараққиёт кушандаси” мавзусида иншолар танловида шаҳар ва вилоят босқичида 1-ўринни эгаллаганлиги бизни қувонтирди. Шунингдек, 8-синф ўқувчиси Мухлиса Холиёрова ҳамда 7-синф ўқувчиси Руҳшона Абдураззоқова “Meн нечун севаман Ўзбекистонни?” иншoлар танлови ва шеърият йўналишида шаҳар ва вилоят босқичида 1-ўринни олиб, республика босқичига қатнашиш учун йўлланма олди. Ўқувчиларимнинг бу сингари ютуқларидан ҳар қанча фахрлансам арзийди.

Қудрат Нормўминов,
Шеробод туман 65-умумтаълим мактаби кимё фани ўқитувчиси

БИЛИМ — КЎРК

Бу дунё шундай мўъжизаларга бойки, уларни санаб адоғига етиш мушкул. Энг ҳайратланарлиси шундаки, уларнинг бири иккинчисини такрорламайди.

Ростда, агар улар бир-бирига ўхшаганда, ўзига хослиги, гўзаллиги қолмаган бўлар эди. Фанлар бир-биридан аъло, аммо кимё фани ғаройиботлари, мўъжизалари инсонни ҳайратларга ошно этади. Ўқувчилар қалбида ушбу фанга бўлган қизиқишни уйғотиш, унга ошно қилиш, албатта, устозларнинг маҳоратига боғлиқ десак, муболаға бўлмайди. Бирмунча мураккаб, айниқса, алоҳида тайёргарлик ва эҳтиёткорлик талаб этадиган ушбу фаннинг ғаройиботларини ҳис қилиш, ўқувчилар онгига етказиш ўқитувчиларга улкан масъулият юклайди. Ушбу фаннинг яна бир муҳим жиҳатини айтиб ўтиш лозим. Кимё фани назарий билим бериш жараёнида ўқувчилар иштирокида махсус жиҳозланган лабораторияларда хавфсиз кимёвий тажрибалар ўтказилиб бориши билан ҳам аҳамиятлидир.

Сўнгги йилларда юртимизда таълим тизимида олиб борилган ислоҳотлар натижасида ўқув ва лаборатория жиҳозлари билан таъминланганлиги нур устига нур бўлди. Эндиги навбат сифат ва самарадорликни таъминлашдан иборатдир. Биз, педагоглар мамлакатимиз раҳбарияти томонидан билдирилган ишончни оқлаймиз, деган умиддаман.


Шаҳзод Маматқулов,
Термиз шаҳар 4-умумтаълим мактаби жисмоний тарбия фани ўқитувчиси

АВЛОДЛАР БАРКАМОЛ БЎЛСИН!

Азал-азалдан Сурхон эли ўзининг кураги ерга тегмаган полвонлари, ёвқур чавандозлари, меҳнаткаш ва танти одамлари билан донг таратган.

Сурхондарё деганда, аввало, одамларнинг кўз ўнгида ҳалол ва содда одамлар гавдаланади. Шу маънода, жисмоний тарбия фани инсонлар ҳаётида нафақат жисмоний етуклик, балки руҳий камолот масаласида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Тан олайлик, бир пайтлар мазкур фан мактабларда зарур спорт анжомлари етишмаслиги сабабли ҳам меъёр даражасида ўтилмас эди.

Ёш авлодни ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан етук қилиб тарбиялаш мақсадида сўнгги йилларда ушбу фанга алоҳида эътибор қаратилаётгани айни ҳақиқат. Бугунги кунда болалар спортини ривожлантириш республика жамғармаси томонидан энг чекка қишлоқ мактабларида ҳам замонавий спорт заллари қурилиб, фойдаланишга топширилаётганлиги эътирофга лойиқ. Бундай замонавий спорт залларида шуғулланган фарзандларимиз эртанги кунда дунё майдонларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишади, деб ўйлайман.

Ва ниҳоят, жисмоний маданият ва спорт соҳаси ҳам фан сифатида кўрилаётганлигидан, ўқувчи-ёшларга ўқув-услубий қўлланмалар тақдим этилаётганлигидан барча мамнун. Келажакда вилоятимиздан дунё майдонларида юртимиз байроғини баланд кўтарадиган фарзандлар етишиб чиқишига ишонамиз.

Саида Ишмуратова,
Термиз шаҳридаги 13-умутаълим мактаби миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари фан ўқитувчиси

ИЛМ КЎККА ЕТКАЗАДИ

Шубҳасиз, шундай. Биз – устозлар дарс жараёнларида ушбу ҳикматга доимо амал қилишимиз зарур.

Агар устозлар илм соҳасидаги ҳар кунги янгиланишлардан бохабар бўлмас экан, эртага ўқувчиларнинг олдида мулзам бўлиб қолиши ҳеч гап эмас.

Ана шу ҳақиқатни дилдан ҳис қилган бугунги педагоглар янги инновацион педагогик технологиялар асосида ўз иш услубларини шакллантириб боришмоқда. Мен фаолият юритаётган мактабда ҳам ўқитувчи-педагоглар ёш авлода таълим беришнинг самарали методларидан унумли фойдалинишмоқда, деб бемалол айта оламан.

“Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг шаҳар ва вилоят босқичларидан иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритганлигим, менга икки карра масъулият ҳиссини юклади. Зеро, энди нафақат ҳамкасбларим, балки бутун вилоят миқёсида педагоглар менга “Йил ўқитувчиси” деган назар билан қарашини бугунданоқ ҳис қилиб турибман. Ғолибликнинг ҳам масъулият катта бўларкан. Танловнинг республика босқичида ҳам фаол иштирок этиб, вилоятимизнинг шаънини муносиб ҳимоя қиламиз, деган умиддамиз.

Шаходат Чориева,
Ангор туман 20-умутаълим  мактаби бошланғич  синф ўқитувчиси

ЁШ АВЛОД ТАРБИЯСИ   МУҲИМ

Ушбу маърифат даргоҳига қадам қўйган ҳар бир муаллим борки, аввало, ёш авлод тарбияси, алалхусус, миллат келажаги ва интеллектуал нуқтаи назардан келиб чиқиб, иш юритиши, фикрлаши лозим.

Акс ҳолда, нафақат таълим тизимини, балки ёш авлодни бой беришимиз ҳеч гап эмас. Фаолиятим мобайнида турли хил дунёқараш, турли хил феъл-атворга эга бўлган ёшлар билан ишлашга тўғри келган.

Педагогнинг асосий вазифаси – имкон қадар ёш авлодга давлат таълим стандарти даражасида билим беришдан иборат. Соҳага жорий этилаётган янги педагогик технологиялардан унумли фойдаланган ҳолда, ўқувчи-ёшлардаги ижодкорлик қобилиятини ўз вақтида илғаш ва уларни маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашдан иборат. Бунинг учун ўқитувчи ҳар бир дарсни муқаддас билиб, дарс мавзусига ижодий ёндашиш орқали болаларнинг шахсий қизиқишларини уйғотиш бош вазифа саналади.

Бинолар ичида энг буюги, шубҳасиз, мактабдир. Бу даргоҳда миллатнинг фарзандлари зарур даражада таълим олиб, юртимиз эртасининг эгалари бўлишини ҳисобга оладиган бўлсак, масаланинг моҳияти янада ойдинлашади. Истагим, ана шу муқаддас даргоҳга муносиб бўлайлик!

Умарали Қалқонов,
Термиз туман 14-умутаълим мактаби  математика ва информатика  фани  ўқитувчиси

ҲИСОБЛИ ДЎСТ АЙРИЛМАС

Ўзингизга маълум, математика фани аниқликни яхши кўради. Бу ҳаётда бирор бир соҳа йўқки, ҳисоб-китобга тааллуқли бўлмаса.

Ўзбекнинг севимли шоири Муҳаммад Юсуфнинг “Математикани ёмон кўраман!” деган сатрларини аслида, тескари тушуниш керак. Шоирнинг ушбу сатрлари фанни қоралаш фикридан йироқ. Шеърнинг кейинги сатрларида ушбу фанга унинг яширин муҳаббаати, иштиёқи сезилиб қолади. Дарҳақиқат, математика шундай сеҳрли фан. Уни тушуниш инсондан чуқур мулоҳаза, теран ақл талаб қилади. Бир синфда ўрта ҳисобда 30 нафар ўқувчи бўлса, уларнинг ушбу фанни англаш даражаси ҳам ҳар хил бўлади. Шу сабабли ҳам ўқувчилар дарсдан бўш вақтларида тўгаракларга жалб қилинади. Улар дарс мобайнида ўзлаштира олмаган билимларини тўгарак машғулотларида мустаҳкамлайдилар.

Буюк аждодимиз Ал Фаробийнинг муносиб авлодлари сифатида ўқувчиларимиз бугунги кунда вилоят ва республика миқёсидаги фан олимпиадаларида фаол иштирок этиб, вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишмоқда. Шогирдларимизнинг эришаётган бу сингари ютуқларини кўриб, кўксимиз фахр ва ифтихор ҳиссига тўлади.

Шоҳида Расулова,
Термиз шаҳар 9-умутаълим мактаби инглиз тили фан ўқитувчиси

ТИЛ БИЛГАН – ЭЛ БИЛАДИ

XIX аср охири XX асрнинг бошларида яшаб, ижод қилган ўзбек маърифатпарвар шоири Аваз Ўтар тил ҳақида:

“Ҳар тилни билув эмди бани одама жондур,
Тил воситаи робитаи оламиёндур.
Ғайри тилини саъй қилинг билгали ёшлар,

Ким илму ҳунарлар билонки ондин аёндур”, дея баён қиларкан, тилнинг инсоният ҳаётида тутган ўрни ва аҳамияти хусусида сўз юритади. Қайси давр, қайси замонда бўлмасин, хорижий тилларни ўрганишнинг моҳияти долзарблигини асло йўқотмайди. Айниқса, бугунги кунда тил билмасдан туриб, дунёга чиқиб бўлмайди. Агар бугунги ёшларимиз хорижий тилларни ўзлаштирмас экан, дунёвий тараққиётдан, янгиликлардан бебаҳра қолиб кетаверади. Хайриятки, бугунги кунда мамлакатимизда чет тилларни ўрганиш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Нафақат мактабларда, балки мактабгача таълим муассасаларида ҳам чет тиллари, хусусан, рус ва инглиз тиллари мурғак болажонларга ўрагатилмоқда. Мен бугун битта нарсадан қувонаман. Бугунги ёшлар илмга чанқоқ. Улар барча фанларни ўзлаштириш билан бир қаторда чет эллик меҳмонлар билан уларнинг ўз тилида эмин-эркин сўзлашаётганлиги – бу юртимизда таълим соҳасида олиб борилаёган ислоҳотларнинг меваси, деб биламан.

Иномжон Примов,
Узун туман давлат 4-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби география фани ўқитувчиси

ИЛМНИНГ САРҲАДИ ЙЎҚ

Биз жуғрофия фани ўқитувчилари ўқувчиларга дунё мамлакатлари ва уларнинг жойлашуви, табиати ва хусусиятлари ҳақида сабоқ берамиз.

Дунёнинг чегараси бор, аммо илмнинг чегараси йўқ. Шу маънода, илмга чанқоқ ҳар бир ёш дунё мамлакатларининг хусусиятларини билиш баробарида ўлкамиз табиати ҳақида батафсил билимга эга бўладилар. Назарий билим бериш билан бир қаторда ўқувчиларимизни ўлкамизнинг эътиборга лойиқ гўзал масканларига, табиат қўйнига олиб чиқиб, атроф-муҳитга муҳаббат уйғотишга интиламиз.

Мамлакатимиз Марказий Осиёнинг стратегик жиҳатдан муҳим ўринда жойлашганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Қадимда “Буюк ипак” йўлининг юртимиз ҳудудидан ўтиши ҳам бежиз эмас. Гўзал табиати, нодир наботот ва ҳайвонот олами, дунёни ҳайратларга солгувчи қадимий тарихий ва маданий обидалари ёш авлод қалбида фахр ҳамда ғурур туйғуларини уйғотади.

Бугунги кунда жуғрофия фанининг долзарблиги ва соҳада эришилаётган ютуқларни ўқувчилар онгига етказиш олдимизда турган муҳим вазифалардан биридир. Биз – педагоглардан таълим тизимида янги педагогик технологиялардан унумли фойдаланиш мақсадида ўз устимизда мунтазам ишлашимиз талаб этилади.

Асқар Тўрақулов,
Бойсун туман 33-умумтаълим мактаби тожик тили ва адабиёти фани ўқитувчиси

ҚАРДОШ ХАЛҚ — ҚОНДОШ ХАЛҚ

Ўзингизга маълум, азал-азалдан ўзбеклар ва тожиклар қардош халқ сифатида эътироф этилади.

Ҳатто, айрим манбаларда икки тилда сўзлашувчи битта халқ, деган таърифлар ҳам учрайди. Зеро, бу икки халқ шу даражада қоришиб кетганки, санъати, маданияти, урф-одатлари ҳам бир хил. Бирини иккинчисидан ажратиб бўлмайди.

Вилоятимизнинг Сариосиё, Узун туманларидаги сингари тоғли Бойсунда ҳам тожик мактаблари фаолият юритади. Мамлакатимиз раҳбариятига алоҳида ташаккур изҳор қилишимиз керак, зеро бугунги кунда мамлакатимизда тожик забонли ёшларнинг ўз она тилида билим олишлари учун мактаблар фаолияти йўлга қўйилган.

Жорий йилда “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси – 2019” республика танловининг туман ва вилоят босқичлари адолатли ўтди, деб бемалол айтишимиз мумкин. Айниқса, биз – ўқитувчиларни эъзозлаб, Термиз шаҳридаги ҳашаматли Санъат саройида тантанали тақдирлаш маросимининг ўтказилганлиги билан ҳам хотирамизда қолади. Мазкур танловнинг республика босқичида фаол иштирок этиб, вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қиламиз, деб ваъда берамиз.

Гулнора Амирова,
Жарқўрғон туман 33-умумтаълим мактаби биология фани ўқитувчиси

ТАЪЛИМГА ЭЪТИБОР

Мустақиллик йилларида таълим тизимига қаратилган алоҳида эътибор туфайли ўқитувчи ва мураббийларнинг обрўси яна бир карра ошди.

Айниқса, сўнгги бир-икки йил ичида биз, устозларга яратилаётган шароит ўз самарасини бермоқда. Тан олишимиз керак, илгари ўқитувчилар кўча, пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги ишларига оммавий жалб қилинарди. Бу эса, ўз навбатида, ўқитувчилар ўртасида норозиликларга сабаб бўлиб, ўз устиларида ишлашларига монелик қиларди. Оқибатда бунинг жабрини ўқувчилар тортар эди. Ахир, далаларга ишга ҳайдалган ўқитувчидан дарс сифати, самардорликни талаб қилиб бўладими.

Муҳтарам Президентимиз томонидан ўқитувчиларга яратилаётган шароит ва имтиёзлар ҳавас қилгулик даражада. Ойлик маошларимизга қўшимча фоизлар жорий этилиб, қишлоқ хўжалиги ишларидан озод қилинганлигимиз кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшмоқда. Шунинг баробарида, ўқувчилар билан муттасил ишлаш учун кенг имкониятлар пайдо бўлди. Дарсларни ўз вақтида ўтиб, тўгарак машғулотларига ҳам фурсат топаяпмиз. Айни пайтда ўқувчилар учун таътил даври бўлса-да, биз – педагоглар мамлакатимиз Президенти томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус бўйича ўз йўналишимизда фаолият юритаяпмиз. Ўйлайманки, олиб бораётган ушбу тадбирларимиз, албатта, ўз самарасини бериши тайин.

Бахтиёр Фаттоев,
Сариосиё туман 9-умумтаълим мактаби ўқув-методик ишлар бўйича директор ўринбосари

КАМОЛОТ ЙЎЛИДА

Таълим-тарбиянинг келажак авлод баркамоллиги йўлидаги ўрни беқиёс. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш ўринлики, айни пайтда дунё миқёсида илм олишдан бебаҳра қолаётган болалар бир неча миллионларни ташкил қилади.

Айниқса, уруш ҳаракатлари кетаётган ёки яқин ўтмишда парокандаликка учраган айрим давлатларда болалар оч-наҳор, яланғоч, бошпанасизлик оқибатида нафақат билим олишдан бебаҳра қолишмоқда. Минг шукрлар бўлсинки, бугун юртимизда тинчлик ҳукмрон. Фарзандларимиз тинч ва осойишта юртда эмин-эркин униб-ўсиб, билим олишмоқда. Ўқувчиларимиз ўзлари қизиққан фанлардан юксак натижалар кўрсатиб, юртимизни дунёга танитмоқда. Уларнинг бу муваффақиятларида албатта, юртимизда яратилаётган шарт-шароитнинг ўрни катта. Мактабларимизда таътил даври бўлишига қарамасдан, устоз ўқитувчиларимиз томонидан Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус юзасидан тадбирлар уюштириб борилмоқда.

Зариф Хурсандов,
Бойсун туман 33-умумтаълим мактаби математика ва информатика фани ўқитувчиси

АХБОРОТ АСРИ ФАРЗАНДЛАРИМИЗ

ХХI аср шубҳасиз, ахборот асридир. Бугунги кунда фарзандларимиз энг сўнгги замонавий ахборот технологияларидан унумли фойдаланиш имконига эга бўлишмоқда.

Ҳозирги пайтда эрталаб пайдо бўлган янгилик куннинг ярмида ўз долзарблигини йўқотмоқда. Интернет сайтларини кузатадиган бўлсак, ахборотлар соат сайин, дақиқа сайин янгилаб борилади. Қўйилаётган ахборотларнинг маиший, ижтимоий, сиёсий аҳамияти сайт фойдаланувчилари томонидан билдирилаётган турли тоифа ва дунёқарашга эга фикрлар кенг омма томонидан қизғин кузатиб борилади.

Бу борада ижтимоий сайтларнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, ижтимоий сайтларда эълон қилинадиган “пост”ларнинг биринчи омили ахборот бўлса, иккинчи омил ижтимоий фикр қўзғаши билан муҳимдир. Соддароқ қилиб айтганда, ижтимоий сайтлар аҳолининг кенг қатлами учун холис минбар вазифасини ўтамоқда. Аммо ҳар тўкисда бир айб бор, деганларидек, ушбу сайтлар орқали давлат хавфсизлигига таҳдид соладиган ёлғон ахборотлар ҳам афсуски, учраб туради. Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ёшларни огоҳликка даъват қилиш биз, катталарнинг бирламчи вазифамиздир.

Саҳифани Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ тайёрлади

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Билимлилар синовларда сараланмоқда

Йилдан йилга севган соҳалари бўйича таҳсил олиб, олий маълумотли бўлиш илинжида бўлган ёшларимиз сафи тобора …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE