Бош саҳифа / Маданият / Тангри сўзининг луғавий маъносини биласизми?

Тангри сўзининг луғавий маъносини биласизми?

ХХ асрнинг тахминан 30-йилларидан бошлаб чет эл, хусусан, Европа ва рус ёзувчилари асарларининг ўзбек тилига таржималарида “Тангри” сўзи тез-тез учраб туради.

Масалан, А.С.Пушкиннинг “Эсимдадир ажиб дам ҳали” номли шеърий асарлари жамланган китобда “Тангри” сўзи 15 марта ишлатилган. Шоир “Олегнинг фоли тўғрисида қўшиқ”нинг асл матнида фақат бир марта “любимец богов” (“Худоларнинг арзандаси”) иборасини ишлатган. Номи эслатилган китобдан ўрин олган ушбу шеърнинг ўзбекча таржима матнида эса “Тангри” сўзига 4 марта дуч келамиз. Ёки Пушкиннинг “Марҳум Иван Петрович Белкин қиссалари” асарининг “Бўрон” қисми асл матнида Марья Гавриловна Бурминга қарата мурожаатида “Боже мой, Боже мой!” дейди. Бу ўзбекчага “Оҳ, Тангрим, оҳ, Тангрим!” деб ўгирилган. Ваҳоланки, “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”нинг 8-жилдида “Тангри” сўзининг икки маъноси кўрсатилган: 1) милоддан аввалги учинчи минг йилликлар даврида қадимги туркий ва олтой халқлари эътиқод қилишган тангричилик дини Худосининг номи, 2) ислом динини оммавий қабул қилган туркий халқларда, жумладан, ўзбекларда Аллоҳнинг номларидан бири.

Аёнки, “Тангри” сўзи иккала изоҳда ҳам кенг маънодаги умумий “Худо” сўзини эмас, балки ундан торроқ бўлган маънони ифодалайди. Шунинг учун тор маънодаги “Тангри” сўзини кенг маънодаги “Худо” сўзи билан айнанлаштириш, уларни тенг маъно ва ҳажмга эга бўлган синоним сўзлар сифатида баравар ишлатиш нотўғри.

Бундай мисолларни бош- қа хорижий ёзувчилар асарларининг ўзбекчага таржималаридан ҳам кўплаб келтириш мумкин. Чунончи, немис ёзувчиси Фридрих Клингернинг “Фауст ҳаёти, аъмоли ва жаҳаннамга қулаши” романининг рус тилидан ўзбекчага таржимасининг биргина сўнгги саҳифасида “Тангри” сўзини 4 марта учратамиз.

Ўзбек тилида “Худо” сўзининг “Парвардигор”, “Яратган” каби синонимлари мавжуд бўлиб, таржимонлар улардан ўринли ва унумли фойдаланишлари мумкин. Хуллас, муҳтарам таржимонларимиз хорижий адабиётлар таржималарида ҳар бир сўз ва иборани ўз ўрни ва маъносида ишлатишлари, бинобарин, “Худо” сўзини “Тангри” деб ноўрин бериш билан ўқувчиларни чалғитиб қўймасликлари лозим.

Норали БЕРДИЕВ,
фалсафа фанлари
номзоди, доцент

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Нега Турон деб аталган?

Тарихий асарлар ва географияга оид манбаларда Турон, Туркистон, Туркистон губернаторлиги, Ўрта Осиё, Марказий Осиё каби …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE