Бош саҳифа / Жамият / Танга дармон тут

Танга дармон тут

Энг мазали табиат инъомларидан бўлган тут мевалари таркибида 10,9-12,7 фоизгача қанд миқдори мавжуд. Тут майизида эса қанд миқдори 73,29-83,71 фоизни ташкил этади. Бундан  ташқари, тут мевалари В, С, E, К, РР витаминларига бой. Шунга кўра, уни касалликдан заифлашиб қолган, тез-тез шамоллайдиган кишиларга истеъмол қилиб туришлари тавсия этилади. Воҳамизда тутнинг бир неча турлари мавжуд.

БАЛХИ ТУТ

“Балхи тут” 24 апрелдан пишиб бошлайди ва то июнь ойигача мевасидан баҳраманд бўласиз. Унинг меваси катта-катта, ниҳоятда ширин. Мева тўкилиб кетавергани боис дарахт остига бўз ёки целлофан қоғоз тутиб қўйиш керак. Ундан мураббо, шинни қилиш мумкин. 10 килограмм тут шарбатига 10 килограмм тут меваси солиб қайнатиб мураббо қилинади. Ҳеч қандай шакар керак эмас. Меваларнинг бирдан ҳаммаси пишмаганлиги туфайли ҳар куни пишган, тагига тутиб қўйилган матодаги меваларнинг сувини олиб, бир қайнатиб қўйиб, шарбат 40-50 литрга етганда обдон қайнатиб шинни қилиш мумкин. Тут шинниси ўпка сили, нафас йўллари ва жигар касалликларига шифо бўлади. Буни ибн Сино бобомиз ҳам “Тиб қонунлари” китобида ёзиб қолдирган.

“МАРВАРИД” ТУТ

“Марварид” тут ҳам эрта пишар мевалардан. Ундан тут майиз қилмоқчи бўлсангиз, офтобга ёясиз ва 3 кунда қуриб қолади. Бу тут шираси кўп бўлса ҳам суви кам, ундан фақат тут майиз ва мураббо қилса бўлади. Ҳатто, тут майиздан “тут ҳолва” қилиш мумкин.  Бунинг учун тут майизни гўшт майдалагичдан ўтказиб, унга туйилган ёнғоқ ва ўрик данагининг мағзини қўшиб, озгина намлаб қайнаган сув билан ийлаб, хоҳлаган катталикда кесиб олгач, духовкага 20-30 дақиқа қўйилади ва яхшилаб елим қоғозларга ўраб қўйгач, йил давомида тановул қилаверасиз.

ШОТУТИ

Хўраки тутнинг “шотути” деган нави мавжуд. У июнь ойида пишади. Меваси катта-катта тўқ қизил рангда бўлиб, жуда хушхўр, иштаҳа очувчидир.

ОҚТУТ

Оқтутларни ўтирадиган супангизнинг ёки чорпоянгизнинг атрофига экинг. 1-1,5 ой меваси тўкилиб безовта қилади, демасангиз уни яхшилаб шакл беринг ва ўстиринг, уни сояси жуда қалин бўлади. Оқтут мевасини қандли диабет билан оғриган беморлар бир кунда 2-3 маҳал 10 донадан ейиши мумкин. Соғ-лом кишилар тўйиб-тўйиб есалар ҳам бўлади. Оқтутлар энг эрта пишар мева бўлиб, у “йўғон чўзилиб, ингичка узиладиган пайт” пишади. Энг тезпишар кўк султон, олча, ўрик мевалари ҳам тутдан 30-40 кун кейин пишади. Айниқса, витаминозга учраган, ошқозон ичак касалликларига чалинган болаларга жуда асқотади. Эрта баҳорда болалар тўйиб ейишса, баҳорда кўп учрайдиган  витаминлар етишмовчилигига фойда қилади.

Эртапишар мевалар қатори ҳовлингизда фарзандларингиз ва набираларингиз учун албатта тут дарахтини экинг, уларнинг шифобахш неъматларидан баҳраманд бўлишсин.

Баҳриддин ХОЛМАМАТОВ,
Шеробод туман ДСЭНМ врачи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Битирувчилар МИБда ишлаши мумкинми?

Бу саволга талабалар Термиз давлат университетида Маж-бурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармаси вакиллари билан ўтказилган …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan