Таъминотчи фермер, пудратчи эса ижрочи

0
39

Мўл ҳосил яратиш илинжида даласига отланган деҳқон борки, бугун саратон жазирамасига бардош бериб астойдил ишлаётир. Термиз туманидаги “Дўстлик” сув истеъмолчилар уюшмаси таркибидаги “Акромжон Баҳористон” фермер хўжалиги пахтазорини оралаган киши дарҳол деҳқонларнинг руҳи тетик, ишлари авжида эканлигини сезади. Аввало, айтиш керакки, хўжалик аъзолари чигитни оби-тобида экишгани дарров билинади. Ҳар бир погона метрда 9-10 туп ғўза яшнаб турибди.

Бу деҳқонларнинг энг катта муваффақияти. Чунки далада ғўза туп сони меъёрда бўлса бас, ер бонитети бўйича ҳисобланган ҳосил, албатта, етиштирилади.

Ҳозир кўпчилик фермер хўжаликлари пахтазорларини айлансангиз ғўза сийрак, даланинг бир метрида 4-5 туп ниҳол ҳам йўқ, ғўзалар нимжон. Биз ҳикоя қилаётган жамоанинг баравж ғўзалари ҳолатини кўриб: “қандингни ур, азамат пахтакорлар” дегинг келади. Кўз тегмасин, ҳар бир ғўза бўлиқ, бўй-басти ҳам бир хил — ниҳоллар худди қадаб қўйилгандай. 21 гектар майдонда чигити экилган ўрта толали ғўзанинг “Султон” навини уч йилдан бери ўстиришаётгани учунми, парваришини яхши ўзлаштиришган. Дуркун ғўзалар ривожидан деҳқонларнинг кўнгли тўқ. Шу кунгача меъёрдаги минерал ўғитлардан ташқари, гектар ҳисобига 6 тоннадан маҳаллий ўғит сув билан оқизилгани боис, бўлиқ кўсаклар ҳар туп ғўзада 8 тани ташкил этади. Азаматлар жорий йил ҳам 35 центнердан кам бўлмаган ҳосил етиштириш мақсадида мақбул муддатларда зараркунандаларга қарши курашгани, суспензиялаш ва бошқа агротехник тадбирлар ўз вақтида ўтказилаётгани эвазига ғўзалар серҳосил ўсмоқда.

Хўжаликнинг атиги 5 нафар аъзоси бўлса ҳам ҳаммаси тажрибали ва омилкор. Равшан Очилдиев, Муҳриддин Тоғаев, Рустам Шовалов сингари сувчилар оби-ҳаётдан оқилона фойдаланиш, сув танқислиги оқибатларини юмшатиш, ҳосилга ҳосил қўшишда жонбозлик кўрсатишаяпти. Фермер хўжалиги етакчиси Жўра Хўжановнинг ўзи ТТЗ-80-11 русумли чопиқ трактори рулига ўтириб, ғўзанинг ҳолати, ернинг тобига қараб қатор ораларига ишлов беради. Ишчи органларига ҳимоя воситаларини ўрнатиб, ҳосилга зарар етказмай сифатли культивация қилади.

Айтиш керакки, хўжаликнинг пахта даласи талабгорларнинг имкониятига қараб 50 сотихдан бир гектаргача пудратчиларга тақсимлаб берилган. Айрим жамоалардагидай пудратчилар фақат ғўзапоя илинжида енгил-елпи ишлашмайди. Келгусида пахтани ўша пудратчилар оиласидан бошқа ҳеч ким теришига йўл қўйилмайди. Фермер хўжалиги билан пудратчилар ўртасида шундай шарт билан шартнома тузилган. Демак, ҳосил қанча мўл чиқса, пудратчи ундан шу қадар манфаатдор. Айнан шунинг учун ҳам пудратчилар ғўза униб чиққанидан бери то шу кунгача ниҳолларда ҳосилни кўпайтиришнинг барча чораларини кўришаяпти. Дейлик, бир гектар пахтазордан айни пахта терим пайти 4-5 тонна ҳосил чиқса, пудратчи шунинг терим пулига эга бўлади. Фермер хўжалиги раҳбарию иш юритувчи пудратчига маҳаллий ва минерал ўғитни белгиланган меъёрида келтириб бераяпти, унинг далага киритилишини назорат қилаяпти, ариқларда сув оқишини кузатмоқда, зараркунандаларга қарши курашадиган воситаларни етказаяпти. Пудратчилар эса ижрочи. Ғўза қатор орасида техника ишларини бажариш зарур бўлганда фермер хўжалиги етакчисининг ўзи тракторни бошқаради, культивация сифатли бўлишига эришади.

— Жазирамами, изғиринми, дала кезишни, экинзор оралашни канда қилмайман, — дейди фермер Жўра Хўжанов. — Ҳар туп ниҳолни эринмай кўздан кечираман, ҳолатни ўрганиб, ён дафтарчамга ёзаман. Эртасигаёқ мутахассис билан бу ерга келиб, зарур чораларни кўрамиз. Бизда сийрак ғўза бўлмайди, ҳар қарич ер ҳисобда. Барака шунда-да! 2011 йилдан бери юзимиз шувут бўлмай, давлатга дон ва пахта сотиш режаларини бажариб келаяпмиз.

Миришкор деҳқонлар ҳосилга ҳосил қўшадиган муҳим агротехник тадбирлардан бири чеканкани ҳам сифатли бажаришаяпти. Тўпланган ҳосилни сақлаб қолиш, кўсакларнинг йириклашуви ва гулларнинг кўсакка айланиши барвақт бошланган ҳамда сифатли қилинган чилпишга боғлиқлигини яхши биладиган деҳқонлар даладаги ғўзалар ҳолати ва ривожига қараб бу тадбирни икки марта ўтказишмоқчи. Чунки такрор қилинган чеканка ғўза ҳосилига ҳосил қўшади, ўсимлик ғовлаб ўсиши олдини олади.

Хўжалик аъзолари ўтган йилнинг кузида 20 гектар майдонга буғдой экишганди. Деҳқончилик, мўл ҳосил етиштириш баъзида деҳқонга ҳам боғлиқ бўлмай қоларкан. Бу йил бошқа жамоаларда бўлгани каби “Акромжон Баҳористон” фермер хўжалигида ҳам бошоқлар серҳосил бўлмади. Буни деҳқонлар айни декабрь-январь ойларида осмондан бир томчи ҳам нам ғаллазорга тушмагани билан изоҳлайдилар. Шунда ҳам хўжалик қабул омборларига 38 тонна дон топширди, лекин деҳқонларга бир қоп ҳам буғдой тарқатиш имкони бўлмади.

— Одамларимизнинг қўли ишдан совимаслиги учун уларга ғалладан бўшаган майдондан бир гектардан ер бердик, қандай экин экиб олишни ўз ихтиёрларига топширдик, экиладиган жойни шудгорлаб, экин экишларига техника ажратдик. 6 гектар майдонда парваришланаётган мошнинг даромади ҳисобига буғдой даромадидан кўнгли тўлмаган деҳқонларимизни рағбатлантирамиз, — дейди фермер хўжалиги етакчиси, тиниб-тинчимас деҳқон Жўра Хўжанов.

Н. УСМОНОВ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг