Бош саҳифа / Жамият / Таъмагирга иш берманг

Таъмагирга иш берманг

Корхонангизга кимдир иш сўраб келди. Сиз худди унингдек мутахассисга муҳтожсиз. Аммо уни ўз соҳаси, вазифаларини яхши билишидан ташқари, таъмагирликка мойиллиги бор-йўқлигини ҳам албатта, синаб кўринг. Бундан сира ютқазмайсиз. Агар у виждонли бўлиб чиқсаку нур устига нур, аммо акси бўлса раҳбарнинг ҳам, жамоанинг ҳам юзини шувут қилади.

Яқинда олий таълим даргоҳида таҳсил оладиган бир танишим сўраб қолди:

—    Фалончи домлага гапи ўтадиган танишингиз йўқми? Баҳо олишим қийин бўляпти.

—    Нимага? Демак, дарсда фаол қатнашмагансиз.

—    Йўқ, домла йил бошида бир келиб талабалардан тест олиб кетгандилар. Шу бўйи қорасини ҳам кўрсатмади. Сессия пайти эса яна пайдо бўлди. Ҳамманинг рейтинг бали паст. Ахир дарс ўтилмаган бўлса, қандай қилиб баҳо олайлик?

Унга қўшимча топшириқ олиб, ўқитувчининг олдида ёқлашини маслаҳат бердим. Аммо, фойдаси бўлмабди. Шунчаки ўқитувчининг беш минг сўмга чоп этилган китобини 40 минг сўмга сотиб олибди. Энг қизиғи, талаба танишим ўша китобни ўқигани ё ўқимагани учун эмас, сотиб олгани учун ҳам рейтинг бали кўтарилибди. Аслида бу ҳам таъмагирликнинг силлиқ йўли, назаримда. Чунки, китоб муаллифини айблай ҳам олмайсиз, бирор нарсани бўйнига ҳам қўёлмайсиз. Аммо талаба ҳам унчалик содда эмас. У ўқиганини яхши ўзлаштирмаса ҳам, кўрганини яхши эслаб қолади. Эртага у бирор жойда ишлаганида ҳам бу усуллардан устамонлик билан фойдаланади.

Аксарият тиббиёт муассасаларида таъманинг силлиқ усуллари ҳали ҳам учрайди. Ишингиз тушиб борганингизда тўғридан тўғри пул сўралмаслиги мумкин, фақат бланка қоғози ёки резина қўлқопи, жуда бўлмаса, муассасани тозалаш келган-кетганнинг чекига тушгандай, “сода-совунга” кетадиган харажат учун сўралиши мумкин.

Ахир нарзу ниёз, қўл ҳақи деган нарсалар ҳам борку, дейишингиз мумкин. Буни инкор этмайман. Бироқ бир кунда тиббиёт ходимининг олдига нечта одам келиб кетади?! Уларнинг ҳар бири сизга ўхшаб “нарзу ниёз” ташлаб кетаверса, “тоза” одамни  ҳам тузалмас дардга мубтало қилиб қўясиз.

Бир сафар қариндошим билан бирга вилоят кардиология марказига бордик. Дастлаб, кираверишда текширувларнинг пулини тўлаб, чекини олдик. Кейин кўрикдан ўтиб, шифокор тавсиясини олгач, қариндошим унга қўл ҳақи узатди. У эса кулиб, “Шифокорнинг ҳам, текширувларнинг ҳам пулини тўлагансиз”, деди. Кейин билсак, ҳар бир шифокор қабул қилган бемори неча пуллик текширувдан ўтган бўлса, марказ маъмурияти унга тушган маблағдан маълум миқдорда улуш тўларкан. Қолаверса, марказдаги барча бўлимлар ягона электрон тизим, кузатув камералари орқали назорат қилиб бориларкан. Мана сизга “ақлли тиббиёт”нинг яна бир афзаллиги.

Албатта, бу раҳбарнинг қай даражада ҳалоллигига ҳам боғлиқ. Агар у марказ директорига ўхшаб, назоратни қатъий қўлга олган бўлсагина иш беради. Акси бўлса таъмагирликнинг йўлини излаган одам истаган пайтда “имкон” топади.

Агар ақлли, узоқни кўрадиган раҳбар бўлсангиз,  қўл  остингиздаги одамнинг кимлигини, “оёқ олишини” яхши биласиз. Демак, таъмагирга иш берманг. У нафақат халққа, балки ўзингизгаям жабр қилади.

Ф.РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan