Бош саҳифа / Жамият / Таллимароннинг олтин тупроғи

Таллимароннинг олтин тупроғи

Ангор туманидаги “Юқори Таллимарон” маҳалласи ҳудудида 3049 нафар киши яшайди. Эл аҳил, бири-бирига меҳрибон. Айниқса, меҳнатсеварлик бобида улардан ўрнак олса арзийди. Масалан, шу йил апрель-май ойларида маҳаллага қўшни республикалардан харидорлар келди. Чунки аҳоли томорқаларида эртачи карам, саримсоқ пиёз етиштиради. Ҳар бир хонадон томорқасидан етиштирилган маҳсулотлардан мўмай даромадга эга бўлишди.

Маҳалла аҳли ташвишидан бўшамайдиган оқсоқол Раҳмиддин Эшонов оиласи аъзолари томорқасида етиштирилган карамдан 20 миллион сўм даромад олди. Энди аҳоли қишда ҳам маҳсулот етиштириш учун иссиқхона қуришга катта эътибор бераяпти. Шу пайтгача қишлоқдаги 20 та оиланинг иссиқхонаси бор эди. Уларнинг мўмай маблағга эга бўлаётганини кўрган бошқа оилалар ҳам бу йилги даромадларининг бир қисмини иссиқхона барпо этишга сарфлашяпти. Бугунгача 82 та оила иссиқхона барпо этиб, ҳар хил сабзавот маҳсулотлари етиштирмоқда.

Самарали меҳнат қилаётганлар кўнгилли ҳордиқ чиқариш, маънавиятини ошириб боришни ҳам ўйлайди. Энг асосийси, китобхон оилалар кўпайиб бораяпти. Масалан, Ҳамидулла Нормуродовнинг китоб жавонида 350 та китоб бор. Қўшнилари ҳам 50-60 тадан китобга эга. Китобхон оилалар яқинда маҳалла оқсоқолига қишлоқда кутубхона ташкил этиш маслаҳатини беришди. Хўжаликнинг маъмурий идораси бўлган олти хонали бино маҳалланинг идораси эди. Яқинда маҳалла идораси 14-умумтаълим мактабига кўчиб ўтди. Бўшаган бинонинг хоналарини сартарош, тикувчи, этикдўз ва дўкончилар эгаллади. Катта бир хона эса кутубхонага айлантирилди. Маҳалла фаоллари Термиз шаҳридаги марказий кутубхона ва вилоят ахборот ресурс маркази маъмурияти билан шартнома тузиб, жавонларни ҳар хил китоблар билан тўлдиришаяпти. Қишлоқдаги китобхон оилалар, 2 та мактаб ва қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи ўқитувчилари ҳам ўзлари ўқиб бўлган китобларни кутубхонага топширишмоқда. Китоб- лар уйда чанг босиб ётгандан кўра бошқалар баҳраманд бўлсин, маънавий озуқа олсин, дейишган-да.

Одамлар бойиган сайин меҳрли бўлишаяпти. Кам таъминланган оилаларга, кўп болали қўшниларига имкон қадар ёрдам қўлини чўзишмоқда. Гулчеҳра Эгамбердиева Шеробод томонлардан эзгу ниятлар билан қишлоққа келин бўлиб тушганди. Икки нафар ёш фарзанди бор, бирининг имконияти чекланган. Яқинда бошига кулфат тушди, узоқ вақт касал ётган турмуш ўртоғи вафот этди. Маҳалла фаоллари, хусусан, оқсоқол Раҳмиддин Эшонов ташаббуси билан Гулчеҳрага янги уй қуриб берадиган бўлишди. Томорқасидан анча даромадли бўлган оилалар, фермер хўжаликлари ва қишлоқдаги тадбиркорлар оқсоқолнинг ташаббусини қўллаб-қувватладилар. Кимдир 50 қоп цемент, кимдир тош-шағал олиб келди, яна бирови тупроқ олиб келтириб қишлоқдаги ёшларга бош бўлиб, 30 минг дона ғишт қуйдирди. Қарабсизки, тез орада Гулчеҳра Эгамбердиевага уч хонали уй қуриб бердилар. Гулчеҳра опа эса қишлоқдошларининг меҳрибонлигидан, ёрдамидан мамнун, қувончи ичига сиғмай, фақат “фарзандларингизнинг роҳатини кўринглар, уйларингиз буғдойга тўлсин” деб дуо қилади.

Одамлар бойиса сахий бўларкан, меҳр-оқибатли бўларкан. Айтиш керакки, қишлоқ аҳли ҳар байрамни биргаликда нишонлашга одатланишган. Маҳалла оқсоқоллари ташаббуси билан мустақиллик байрами қишлоқ марказидаги “Бобомурод полвон” чойхонасида кенг нишонланди. Катта қозонларда ош дамланиб, элга ош берилди. 14-умумтаълим мактаби ўйингоҳида қишлоқ полвонлари кураш тушди, ёшлардан уюшган 6 та жамоа ўртасида футбол мусобақаси ташкиллаштирилди. Туман маданият уйи ҳаваскорлари концерт уюштирди.

Албатта, бундай тадбирлар маблағсиз бўлмайди. Харажатлар учун аҳолининг ўзи маблағ тўплади. Оқсоқолнинг айтишича, тўпланган маблағнинг қолган 5 миллион сўмига кам таъминланган оилаларга ёрдам берилади, ногирон ва беморлар, фахрийлар ҳолидан хабар олинади.

Қисқаси, “Юқори Таллимарон” маҳалласи аҳлининг бу ташаббуси, ибратли ишлари кўпларга ўрнак бўлгулик.

Усмонали НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сувга чўкишдан сақланинг!

Сўнгги вақтларда вилоятимиз ҳудудида фуқароларнинг, айниқса вояга етмаганларнинг сув ҳавзаларида чўкиб кетиши билан боғлиқ нохуш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE