Таълимга янгича муносабат

0
109

Тарих ва тажрибадан маълумки, бола ҳаётдаги асосий билим ва кўникмаларни ўрта мактабда олади. Президентимиз таълимга эътибор, миллат ва мамлакат келажагига эътибор, деб бежиз таъкидламадилар.

Ўтган йиллар давомида рақам ва далиллар ортидан қувиб, таълим сифатига эътибор беролмадик. Айниқса, хусусийлаштириш баҳонасида кўплаб мактабгача таълим муассасалари ўрнига бошқа тадбиркорлик ва ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилди ёки муассаса майдони бошқа мақсадларда сотиб юборилди.

Шу сабабли ҳам Юртбошимиз мамлакат бўйича таълимни тубдан ислоҳ қилиш масаласига қатъий киришди. Бу борада тегишли қарор ва фармонлар чиқарилди. Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. Эндиликда замонавий ва обод мактаб дас- тури лойиҳаси тайёрланаётганлиги ҳам бу соҳага бўлган эътиборнинг ёрқин намунасидир.

Кеча Юртбошимиз республика ўрта таълим вазирлиги таркибини тубдан янгилади. Вазир ва унинг барча ўринбосарлари ишдан олиниб, янги раҳбарлар тайинланди. Шуни айтиш лозимки, Юртбошимиз томонидан масъулиятли вазифага тайинланган барча раҳбар ходимлар энг ривожланган мамлакатлардаги нуфузли университетларни тугаллаган.

Президентимиз таълимни ривожлантириш, кадр лар салоҳиятини ошириш учун, биринчи навбатда, қилиниши ва эътибор берилиши лозим бўлган тўртта масалага алоҳида урғу берганлари видеоселекторда яна бир карра таъкидлаб ўтилди.  Биринчидан, жамиятда ўқитувчининг обрўси ва нуфузини ошириш. Иккинчидан, халқ таълими вазирлиги миллат ва давлат келажагини белгиловчи энг стратегик тизим эканлигини унутмаслик. Учинчидан, бундан буён мактаблар ҳокимларга эмас, халқ таълими вазирлигига бўйсуниши, мактаб ва таълим ишига ҳеч бир амалдор аралашишга ҳаққи йўқлиги белгиланди. Тўртинчидан, халқ таълимига энг қобилиятли, энг истеъдодли кадрларни жалб этиш бу борадаги ислоҳотлар сифат ва самарасини белгиловчи омил эканлиги таъкидланди.

Шунингдек,  халқ таълими вазирлигининг янги раҳбарияти Бош вазир томонидан селектор иштирокчиларига яқиндан таништирилди.

Йиғилиш сўнггида вилоят ҳокими мактабларни янги ўқув йилига тайёрлаш, жойларда белгиланган намунавий мактабларни ҳар томонлама талаб даражасига келтириш ҳамда соҳада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ва камчиликлар ҳақида алоҳида тўхталиб, тегишли бошқарма ва муассаса раҳбарларига кўрсатма ҳамда вазифалар юклатилди. Айниқса, Олтинсой, Шўрчи, Қизириқ, Термиз туманида намунали мактаб режаси борасида ишлар сустлиги танқид қилинди. Мақомига яраша намунали мактабни қабул қилиб олгач, туманларда кўргазмали ўқув-семинарлари ўтказилишини таъкидлади.

Бир сўз билан айтганда, соҳада кенг кўламда бошланган ислоҳотлар мамлакатдаги таълим сифатини ва самарадорлигини жаҳон талаблари даражасига олиб чиқишига шубҳа йўқ.

Сафар ОМОН

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг