Бош саҳифа / Таълим / Таълимга эътибор – эзгуликка пойдевор

Таълимга эътибор – эзгуликка пойдевор

Ҳар қандай давлат ва жамият ривожида инсонларнинг билими ва малакаси  муҳим ўрин тутади. Шу боис, мамлакатимизда олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги устувор вазифаларга мос ҳолда кадрлар тайёрлашнинг маъно-мазмунини тубдан қайта кўриб чиқиш, халқаро стандартлар даражасида олий малакали мутахассислар тайёрлаш энг асосий масалалардан бирига айланмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса бу борадаги ишларимиз самарадорлигини оширишда муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Буни 9 минг нафардан зиёд талаба таҳсил олаётган Термиз давлат университети мисолида айтадиган бўлсак, унинг моддий-техник ва ахборот базасини замон талабига мос равишда мустаҳкамлаш мақсадида босқичма-босқич энг сўнгги русумдаги техник воситалар, компьютерлар, ўқув-илмий лабораториялар фаолиятини изчил йўлга қўйиш, модернизация қилиш орқали ўқув жараёни сифатини ошириш, таълим ва фаннинг самарали интеграциялашувини таъминлашни мақсад қилиб олганмиз.

Жорий ўқув йилидан АҚШ, Германия, Россия, Япония, Хитой каби давлатларнинг етакчи турдош илмий-таълим муассасалари билан истиқболли ҳамкорлик алоқалари яқиндан йўлга қўйилдики, бу илмий-педагогик фаолиятимизга юқори малакали чет эл ўқитувчилари ва олимларини жалб этиш, истиқболли педагог ва илмий кадрларимизни ушбу хорижий таълим муассасаларида малакасини ошириш имконини бермоқда.

Яқин кунларда олийгоҳ ҳузурида инновацион тараққиётнинг ҳудудий муаммоларини ўрганиш ва профессор-ўқитувчилар, докторант ва мустақил изланувчилар, иқтидорли талабаларнинг интеллектуал салоҳиятини мазкур муаммолар ечимига сафарбар қилиш, илмий-тадқиқот  ишланмаларини ишлаб чиқаришга жорий қилишни тизимли тарзда ривожлантириш мақсадида Инновация марказини ташкил этиш режалаштирилган.

Биз эртанги кунимизнинг муносиб давомчилари бўлган баркамол авлодни вояга етказишни мақсад қилган эканмиз, унинг камолотида адабиётнинг, китобнинг ўрни ва тарбиявий аҳамияти беқиёс эканлигини унутмаслигимиз лозим.  Бинобарин, айнан мутолаа инсонга билим ва ахборот беради, унинг маънавий оламини бойитади. Шу боис, юртимизда китобхонлик маданиятини янада юксалтириш, ёш авлодни мутолаага ундаш каби вазифалар олиб борилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Термиз давлат университетида ҳам талабаларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини кучайтириш  мақсадида ахборот-ресурс маркази фонди босқичма-босқич бойитиб борилмоқда. Яқинда 6 мингдан зиёд турли номдаги энг сара адабий-бадиий, ўқув-услубий, илмий-назарий, илмий-оммабоп  адабиётлар келтирилди. Шу тариқа университет Ахборот-ресурс маркази китоб фонди 190 мингдан ортди. Уларнинг 40 мингдан ортиғи электрон шаклдаги адабиётлардир. Шу кунларда яна 99 номда янги ўқув дарсликларини олиб келиш, 2 мингдан зиёд адабиётлар, ўқув-методик мажмуаларнинг электрон шаклини тайёрлаш ва олиш режалаштирилган.

Яқин-яқингача вилоятимизда ягона Термиз давлат университети фаолият олиб борган бўлиб, ҳар йили бакалавриат босқичига абитуриентлардан энг кўп ҳужжат топшириш бизнинг муассасага тўғри келарди. 36-37 минг нафар абитуриентдан 43 та таълим йўналиши бўйича бор-йўғи 1800 нафари талабаликка қабул қилинар, қолганлари эса “омадсиз”лигидан нолиб кейинги қабулгача яна абитуриентликнинг заҳматини чекишга ёки иш излаб хорижий юртларга чиқиб кетишга мажбур бўлишарди.

Мамлакатимиз раҳбари Ш. Мирзиёевнинг вилоятимизга ташрифи чоғида берган таклифлари асосида эса ҳозирда Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника, Тошкент давлат аграр, Тошкент давлат педагогика университетлари ҳамда Тошкент давлат тиббиёт академияси филиалларининг ташкил қилиниши воҳа ёшларининг олий таълим олишга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришда муҳим омил бўлди. Қалбларда келажакка ишончни янада мустаҳкамлади, фарзандининг ўқишга киролмай сарсон-у саргардон кезишидан хавотир кўнгилларга ҳаловат бағишлади.

2017-2018 ўқув йилидан бошлаб республикамиздаги 15 та олий таълим муассасаси қаторида Термиз давлат университетида ҳам педагогика йўналишлари бўйича махсус сиртқи бўлимнинг очилиши соҳадаги яна бир муҳим ўзгаришлардан бири бўлди. Бу билан ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатиб, тегишли соҳада фаолият олиб бораётган мутахассисларга илмий даражасини ошириш, яъни олий маълумотли бўлиш имкони янада кенгайди. Ҳозирда университетнинг махсус сиртқи бўлимида тўлов-контракт асосида  минг нафарга яқин талаба таҳсил олмоқда. Шунингдек, белгиланган квотадан ортиқ, қўшимча тўлов ҳисобига ўқишга қабул қилиш борасидаги ўзгариш ҳам айни муддао бўлди.

Тизимдаги бу ўзгаришлар бизни янада кўпроқ изланишга ва меҳнат қилишга, замон талабига мос равишда таълим сифати ва самарадорлигини ошириб боришга ундайди. Зеро, бугунги ривожланиш ва ислоҳотлар жараёни, иқтисодиёт тармоқларининг жорий ва истиқболдаги эҳтиёжлари таълим-тарбия соҳасига янгича ёндашувни, кадрлар тайёрлашни сифат жиҳатидан юқори поғонага кўтаришни тақозо этмоқда. Университет жамоасининг бу борадаги саъй-ҳаракатлари эса ўз самарасини бермоқда. Талабалар орасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Беруний, Ибн Сино, Навоий, Улуғбек, Имом ал-Бухорий каби номдор стипендияларга сазовор бўлганлари, республика ва халқаро миқёсда ўтказилаётган фан олимпиадалари, кўрик-танловлар ва мусобақаларда пешқадамлар сафида бўлиб келаётганлари талайгина. Биргина жорий йилнинг февраль ойида университетнинг 3 нафар талабаси ўз ишланмаларининг янгилиги, мазмун-моҳияти, иқтисодий, маънавий-маърифий самараси, аҳамияти билан  “Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси” танловининг Республика босқичида яхши лойиҳа ва ғоялар муаллифлари сифатида эътироф этилиши, яна 3 нафар талабамиз спортнинг кураш ва дзюдо турлари бўйича ўтказилган мамлакат чемпионатларида 3 та олтин ва 1 та кумуш медални қўлга киритишиб,  биринчи ва иккинчи ўринни эгаллашгани дилларга чексиз ғурур-ифтихор бағишлади.

Дарҳақиқат, бу ёшлар эртанги кун эгалари, келажак пойдеворлари ҳисобланади. Уларни ҳар томонлама етук, баркамол шахс бўлиб вояга етишлари, таълим-тарбия олишлари ҳамда юксак ахлоқли бўлишлари бугунги таълим тизимининг асосий вазифаларидан ҳисобланади. Шундай экан, ёш авлод келажаги учун қайғуриш, миллат ва Ватан тақдирини ўйлаш – халқнинг эртанги ёруғ кунини барпо этмоқ учун қилинаётган эзгу ишлар пойдевори демакдир.

Заҳириддин ТЎРАЕВ,
Термиз давлат университети, маънавият-маърифат
ва иқтидорли талабалар билан ишлаш  бўлими бошлиғи

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

ТАНИШИНГ: “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси”

Феруза Жаббарова, Термиз шаҳар 4-давлат ихтисослаштирилган мактаби интернати она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси ОЛИМ …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan