Бош саҳифа / Таълим / Таълимдаги ўзгаришлар

Таълимдаги ўзгаришлар

Вилоят халқ таълими бошқармаси раҳбарияти ташаббуси билан мактабларда фанларнинг ўтилишини таҳлил ва назорат қилиш, ютуқларни эътироф этган ҳолда муаммоларни ўрганиш ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида ҳар ойда бир туманда алоҳида бир фанга бағишланган ўқув семинарлари ўтказиш амалиёти бошланди.

Жумладан, шу ҳафта бошида Сариосиё туманидаги 68-умумтаълим мактабида “Ўқувчиларда мустақил дастур тузиш кўникмаларини ошириш” мавзусида семинар ташкил қилинди. Туманларнинг халқ таълими бўлими мудирлари ўринбосарлари, соҳанинг етук услубчилари, информатика фани ўқитувчилари ва тренерлари иштирок этди.

Аввало айтиш керакки, 68-умумтаълим мактаби жамоасидан ибрат оладиган жиҳатлар кўп. Педагогик жамоа ҳар бир дарсни муқаддас билиб, ўқувчиларга чуқур билим беришаяпти. Ҳар бир синфхона кўргазмали қуроллар билан жиҳозланган. Фанларга доир меъёрий ҳужжатлар алоҳида файл-папкаларга жойлаштирилган. Фанга оид бажарилган ишлар, илғор тажриба, янги педагогик технологиялар асосида ўтилаётган дарсларнинг илғор усуллари ҳужжатлаштириб қўйилган. Синфхоналар деворларида осиғлиқ илм-маърифатга чорловчи ёзувлар, паннолар шубҳасиз ўқувчининг диққат-эътиборидан четда қолмайди.

Аёнки, мамлакатимизда дини, тилидан қатъий назар ҳар бир фуқаро ўз тилида сўзлашиш ва таълим олиш ҳуқуқига эга. Жумладан, вилоятимизнинг Узун, Сариосиё, Денов ва Бойсун туманларида ўқувчиларга тожик тилида сабоқ берилаётган мактаблар сони анча. Хусусан, семинар ташкил қилинган 68-умумтаълим мактабида ҳам ўқувчиларга тожик тилида дарс ўтилади. Семинар иштирокчилари мактабнинг тожик тили ва адабиёти фани ўқитувчиларининг очиқ дарсларида қатнашиб, якунда ўз мулоҳазаларини баён этдилар. Йиғилганларга айниқса, тажрибали устоз Малика Муродуллаеванинг дарс ўтиш услуби жуда манзур бўлди ва унинг ютуқлари эътироф этилди.

— Семинар жараёнида очиқ дарсларни кузатиб, кўп маълумотларга эга бўлдим ва бу мактаб ўқитувчиларининг илғор иш тажрибасини ўз дарсларимда қўллайман, деган хулоса келдим, — дейди Узун туманидаги 6-умумтаълим мактаби тожик тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Юсуфали Хидиров. — Айниқса, менга М. Муродуллаеванинг мавзуни слайд асосида, ўғил-қизларни гуруҳларга бўлиб кластер усулда дарс ўтиши манзур бўлди. Савол-жавоб тарзида мавзунинг тушунтирилиши ўқувчи онгида узоқ вақт сақланиб қолади…

Аёнки, охирги уч йилдан бери олий ўқув юртларига ҳужжат топшираётган абитуриентлар математикадан тест ечаётганда информатикадан қўйилган олтита тест саволларига жавоб топиш шарти жорий этилгач, ёшларнинг информатика фанига бўлган қизиқиши янада кучайди. Афсуски, вилоятимиздаги мактабларда бу фанни ўқитишда ютуқлардан кўпроқ ечимини кутиб турган муаммолар борлиги семинарда очиқ-ойдин айтилди.

Олтинсой туманидаги 16-умумтаълим мактаби математика ва информатика фанлари ўқитувчиси Салоҳиддин Қорахоновнинг “Саноқ системалари” мавзусидаги маърузаси семинар иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Музработ туманидаги 16-умумтаълим мактаби информатика фани ўқитувчиси Санжар Саидов ва Сариосиё туманидаги 1-давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқитувчиси Хусрав Мирзаевларнинг информатика фанига оид илғор тажрибаларидан семинар иштирокчилари кўп маълумотга эга бўлишди.

Якунда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Илҳом Сафаров бу семинар кўпчиликда катта қизиқиш уйғотгани ва Сариосиё тумани маорифчилари ютуқларидан бошқа туманларнинг ўқитувчилари ҳам ўрнак олиши, бундай ўқув семинарларни ҳар ойда бир туманда алоҳида фанлар бўйича ташкил этиш тажрибасини оммалаштириш таълим-тарбия жараёнини юксалтиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Ўз мухбиримиз

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Қалбни ёритувчи маёқ

Онам қишлоқдаги мўъжаз кутубхонада ишлардилар. Бутун ҳаётим давомида китобни севишни, уларга меҳр қуйишни онамдан ва …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE