Бош саҳифа / Таълим / Таълимда аҳвол қандай?

Таълимда аҳвол қандай?

Юртимизда ёш авлодни замон талаблари даражасида сифатли таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар сирларини мукаммал  ўрганиши учун барча шароитлар яратиб берилмоқда. Хўш, бу имкониятлардан унумли фойдаланиш, ўқиш сифати ва самарадорлигини ошириш борасидаги ишлар ҳам кўнгил-дагидекми? Айни жиҳатларни атрофлича  кузатиш  ва  ўрганиш  учун  Термиз  шаҳридаги   таълим муассасаларида бўлдик.

Термиз ахборот технологиялари ва туризм коллежида ҳам давлатимиз томонидан зарур шароитлар яратиб берилган. Коллежнинг  шундоққина  ёнгинасидаги “Талабалар бекати” бугунги  кунда  “ишбилармон”ларнинг фойда олиш нуқтасига айланганлиги дилимизни хуфтон қилди. Кичиккина бекатда музқаймоқ  маркази, савдо шохобчаси, пойафзал устахонаси, пайнет, ошхона, олибсотар  чайқовчи  аёллар  савдо растаси қандай сиғим билганлиги кишини  ҳайратлантиради.

Қонунчиликка  кўра, тамаки маҳсулотлари сотуви билан шуғулланиш  мактаб, мактабгача таълим ва диний муассасалардан камида 500 метр узоқда жойлашиши лозим. Унга кўра, агар алкоголли ва тамаки маҳсулотларининг инсон соғлиғига салбий таъсири тўғрисида огоҳлантирувчи  ёзувлари  бўлмаса сотилмаслиги, тамаки маҳсулотларини сотаётган сотувчи  ташқи томондан  йигирма  ёшдан кичик кўринган харидордан ёшини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатишини  талаб  қилиши, ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда эса унга сотишни рад этиши шартлиги  мажбурият сифатида белгилаб  қўйилган. Бироқ, юқоридаги қонун-қоидаларни бузаётган  чайқовчиларнинг хатти-ҳаракатларига   коллеж  маъмурияти  нега бу қадар эътиборсизлигини эса тушунмадик?

Таълим  муассасасида  аввалги  ўқув йили  маънавият соати мавзулари асосида сабоқ  берилаётганлигига нима дейсиз?

Жасур Жўраев — таълим муассасаси ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилот етакчиси. Ёшлар ташкилотининг  моҳиятидан  келиб чиққанда, етакчи таълим  муассасасининг  ёшлари  билан  яхши таниш бўлиши, уларга  ҳар томонлама ёрдам кўрсатиши керак. Аммо, мақсад  муддаодан келиб чиқиб, тадбирлар ўтказилмаганлиги, баённомалар ва ҳужжатлар юритилмаганлиги, мутахассис ўз фаолият низоми, мақсад ҳамда вазифаларини  билмаслигининг  ҳам гувоҳи  бўлдик.

Дарсларда ҳам  ўқитувчилар томонидан ўқувчиларнинг билимларини баҳолаш ва давоматини белгилаш журналлари  тўлиқ  юритилмаганлигини, хусусан, рус тили ўқитувчилари  Нодира Сафарова,  Вера  Қурбоноваларнинг фаолиятларидан  билса  бўлади. Коллеж маъмуриятининг айтишича, бинода иситиш тизими янгиланган, кўмир ажратилган. Бироқ кўпгина хоналарда ўқитувчи ва ўқувчилар қалин кийимларда, пальтода ўтиргани муассасанинг етарли даражада иситилмаётганини  англатади. Иситиш печлари ва унинг атрофи антисанитария ҳолатида. Қувурлар иссиқлик қолиплари билан ўралмаган. Борлари  ҳам яроқсиз ҳолатга келган.  Коллежда ўқув қуроллари, китоблар  етишмайди. Жумладан, кинология йўналишида дарсликлар йўқлиги сабабли ўқитувчилар ўз билганларича дарсларни ўтиб келишмоқда.

Х Х Х

 Шаҳардаги  15-ўрта  таълим  мактаби  920 ўринга мўлжалланган бўлса-да, бугунги  кунда 2066 нафар  ўқувчи икки навбатда таҳсил олади.  Шу  билан  бирга  мактаб маъмурияти шаҳардаги  16-мактабдан   ҳам  синфхоналарни ижарага олиб фаолият кўрсатиб келмоқда. Мактабдаги баннерлар ва хушманзара гуллар   эътиборга лойиқ, албатта. Аммо, спорт майдонининг қаровсизлиги, ўқувчиларнинг эскирган қурилмалардан  фойдаланишаётгани  кишини  ранжитади.

Майдончада жисмоний тарбия дарсидан сўнг, спорт  либосларини ташқарида, очиқ ҳавода  алмаштираётган  болажонларни  кўриб, кийиниш хоналари  ҳам  йўқ  экан-да,  деган савол  ўтди кўнглимиздан. Ҳақиқатдан  ҳам  шундай  бўлиб чиқди. Мактабларнинг дарсликлар  билан ўз вақтида таъминланмаганлиги — ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши, ўзлаштириш  даражасига  ҳам  салбий  таъсир  кўрсатиши  шубҳасиз. Мазкур мактабда ҳам ўқув йилининг ярми  ортда  қолганига  қарамай, 4-, 6-, 7-  синфларда дарсликлар ҳамон етиб бормаганлигининг  гувоҳи  бўлдик. Хўш, биргина Термиз шаҳридаги 15-мактабдагина эмас,   барча мактабларда 10-11-синфларнинг  ўқитилиши борасида  етарлича, керакли даражада тайёргарлик кўрилганмиди? Ўқув йили бошида дарсликлар муаммосига  қай даражада ечим  топилиши  кўзда тутилганди?  Айни саволларга вилоят халқ таълими бошқармаси умумий бўлим мудири  Эркин  Аҳмедов қуйидагича жавоб берди:

—   Вилоятимиздаги  таълим  муассасаларида  10-11-синфларни    ўқитилиши   учун   барча  шароит яратилган. Мактаблар, синфхоналар, ўқитувчилар,  синфлар,  дарслар  тўлиқ  шакллантирилган. Баъзи фанлар  бўйича, юртимизнинг барча ҳудудларидаги  каби   муаммо  бор,  дарсликлар йўқ эди.  Шу   кунларда  масалага ҳам ечим топиляпти. Дарсликлар  чоп этилиб, олиб  келинмоқда, мактабларга   тарқатилмоқда.

Хулоса  қилиш  мумкинки, нафақат  қайта ташкил этилган юқори синфлар, балки 4-, 6- ,7- синфлар ҳам икки чорак ортда қолибдики, ҳали- ҳамон дарсликлар   билан тўлиқ таъминланмаган.  Вилоят халқ таълими бошқармаси  масъул ходимига “Ўқув йилининг деярли ярми ортда қолган бир пайтда, ўқувчиларга дарслик ва қўлланмаларнинг эндигина етиб бориши уларнинг сабоқларни мукаммал ва пухта ўзлаштиришларига  салбий  таъсир  кўрсатмайдими?” деган савол берарканмиз “Йўқ, токи янги дарсликлар  мактабларга тўлиқ  етиб боргунича эски дарсликлардан фойдаланилиши белгилаб қўйилган”, деган  жавобни  олдик.

Хўш, чиндан ҳам ўқув  йили яримлагандагина  келажагимиз эгалари қўлига  етиб  борган  дарсликлар туфайли ўқувчилар сабоқ олишда  муаммоларга  дуч келишмаяптимикан, ёки..?

— Ўғлим 7-синфда ўқийди. Мана, тўрт ойдирки,  у на эски, на янги нашр этилган дарсликни кўргани йўқ. Сумкаси дафтарга  тўла, —  дейди куюнчаклик билан Денов  туманида  истиқомат  қилувчи   Эркин  Соҳибов.

Бу   каби  ўринли  мулоҳазаларни  Музработ, Сариосиё, Узун, Денов  туманларидаги   юртдошларимиздан  ҳам  эшитдик. Ҳар бир инсон фарзандига фақат яхшилик қилишни, қулайлик яратишни истайди, унинг келажагини ўйлайди. Айтажак  гапимиздан  муддао ҳам шу.

Сарвар ТЎРАЕВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

5 август куни ОТМга кириш имтиҳонлари бошланади

Бу йилги тест синовлари икки сменада ўтказилади: 1-смена 07:00 да, 2-смена 19:00 да Surxondaryo viloyatida …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan