Таълим тизимига бир назар

0
62

ёхуд соҳада эришилаётган катта ютуқлар хусусида

Йиллар давомида вилоятимизнинг таълим соҳасидаги натижалари бошқа вилоятларга қараганда қуйи ўринларни банд қилиб турган бўлса, сўнгги бир ярим йилда ушбу соҳада туб бурилиш бўлди, дея баралла айта оламиз.

Таълим соҳасида эришилган бошқа ютуқлар билан бир қаторда ўқитувчи ва ўқувчилар турли хил танловларда, фан олимпиадаларида ҳамда халқаро танловларда фаол иштирок этиб, республикада юқори кўрсаткичга эришганлигини эътироф этиш мумкин.

Буни вилоят халқ таълими фанлар олимпиадасида 2017 йилдаги 11-ўриндан 1-ўринга, “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси-2018” кўрик-танловида 13-ўриндан 2-ўринга, “Билимлар беллашуви”да 12-ўриндан 3-ўринга кўтарилганлигининг ўзи ҳам кўрсатиб турибди. Илгари вилоятимиз ўқувчи-ёшлари халқаро фан олимпиадаларида иштирок этмаганлигини инобатга олсак, бу йил икки нафар ўқувчимиз республикада ғолибликни қўлга киритиб, Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида математика, физика ҳамда информатика фанларидан бўлиб ўтган Жаутиков номидаги 14-халқаро олимпиадада мувафаққиятли иштирок этиб келган бўлса, Термиз шаҳридаги 4-ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 7-синф ўқувчиси Искандар Бўриев Болгариянинг Бургас шаҳрида ўтказилган халқаро математика мусобақасида бронза медалини қўлга киритди.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Юртбошимиз томонидан 2018 йил — Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили деб номланиши муносабати билан илк бора ўтказилган иқтидорли ўқувчиларнинг инновацион олимпиадасида вилоятимиз ўқувчилари 4-ўринни эгаллаган. Булар қаторида спортдаги ютуқларга ҳам бир назар ташлайдиган бўлсак, ўтган ўқув йили давомида республика ва халқаро миқёсда ўтказилган спорт мусобақаларида 39 нафар ўқувчи-ёшлар ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. Уларнинг 15 нафари олтин, 9 нафари кумуш, яна 15 нафари бронза медалини қўлга киритди.

Бу ютуқлар ўз-ўзидан бўлиб қолгани йўқ. Бунинг замирида таълим соҳасида фидокорона меҳнат қилаётган минглаб ўқитувчиларнинг заҳмати ётибди. Таълим соҳасида кўрсатилган жонбозлик самара берди.Таълимга бўлган эътибор ва соҳадаги ютуқлар бугун кўнглимизни тоғдек кўтаряпти.

Шу ўринда вилоятда ёшларнинг таълим олиши учун яратилаётган имконият ва шарт-шароит билан ҳам яқиндан танишсак.

Бугун вилоят халқ таълими бошқармаси тизимида 826 та умумтаълим мактаби, 12 та мактаб-интернати, 11 та ихтисослаштирилган мактаб, 5 та имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернати мавжуд. Ушбу масканларда 421249 нафар ўқувчига 35825 нафар педагог таълим-тарбия бериб келмоқда.

Айни кунларда вилоятдаги барча таълим муассасаларида янги ўқув йилига тайёргарлик жараёнлари жадал кетаяпти. Хусусан, шу кунгача 278 та мактаб янги ўқув йилига шай. Қолган мактабларда таъмирлаш ишлари тугалланиш арафасида. Жумладан, 2 та мактаб янгидан қурилаяпти, 31 таси капитал реконструкция қилиниб, 4 та мактабда мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Спортга бўлган эътиборнинг кучайганлигини яна 33 та мактабда спорт заллари қурилаётганлигидан ҳам кўришимиз мумкин.

Шунингдек, вилоятдаги 854 та мактабнинг 255 тасида меъёрий тавсиялар асосида ҳарбий хоналар жиҳозланган ва қолганларида ҳам тайёргарлик ишлари кетмоқда.

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирлигининг 2017 йил 20 ноябрдаги “Умумий ўрта таълим мактабларида ҳарбий-ватанпарварлик йўналишига ихтисослаштирилган синфлар ташкил этиш тўғрисида”ги буйруғига асосан 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб, Термиз шаҳридаги 9-, Олтинсой туманидаги 2-, Узун туманидаги 4-, Музработ туманидаги 8-мактабларда ҳарбий-ватанпарварлик йўналишига ихтисослаштирилган синфлар ташкил этилиб, 7-синфдан бошлаб, ҳар бирига 26 нафардан ўқувчи қабул қилиниши белгиланган.

—     Таълим жараёнини сифатли йўлга қўйиш мақсадида Президентимизнинг 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида қайд этилган вазифаларга биноан, вилоят халқ таълими бошқармаси ҳам ўз олдига бир қатор вазифаларни белгилаб олган, — дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Абдурасул Эргашев. — Айни кунларда янги ўқув йили бошлангунга қадар вилоятдаги барча туманларда биттадан, Термиз шаҳрида эса иккита хусусий таълим муассасаси ташкил этиш бўйича иш олиб борилаяпти. Вилоятдаги барча мактабларни қаттиқ ва юмшоқ мебеллар, ўқув-дарсликлар, компьютер техникаси билан таъминлаш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилаяпти.

—     Бугунги кун ёшлари таълим жараёнида компьютердан фойдаланишни тўлиқ ўзлаштириши муҳим масалалардан бири. Шундай экан, бу йил мактабларга 159 синфга компьютер жамланмаси етказиб берилди, — дейди таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бўлими бошлиғи Собиржон Ашуров. — Болани дарсга қизиқтириш учун аввало, унга етарлича шароит ва имконият яратиб берилса, улар беихтиёр мактаб томон ошиқади. Шу мақсадда биринчи синфга қабул қилинаётган ўқувчилар учун ҳам 51829 та ўқув дарсликлар жамланмасини ўз вақтида етказиб бериш режалаштирилган. Бу йилдан бошлаб маҳаллий бюджет ҳисобидан мактаблар ҳар чоракда 100 миллион сўмлик бадиий адабиётлар билан таъминлана бошланди.

Маълумки, жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб барча мактабларда биринчи синфлар 5 кунлик ўқув ҳафтасига ўтказилди. Янги 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб эса бошланғич синфларнинг барчасида ўқув ҳафтасининг давомийлиги 5 кун этиб белгиланди. Бу ҳам таълим соҳасидаги муҳим қадамлардан бири бўлди, дея оламиз.

Соҳада кадрларга бўлган талаб ҳам юқори. Ушбу талаб олий таълим муассасасини тамомлаган битирувчи ёшлар, махсус сиртқи йўналишларда таълим олаётган педагоглар ҳисобидан қопланиши режалаштирилган.

Қайсики соҳада сидқидилдан меҳнат қилиниб, ёш авлод, юрт тақдири биринчи ўринга қўйилса, ўша жойда ривожланиш бўлади, ютуқлар шодаси бўй кўрсатади. Буни биз вилоят халқ таълими тизимида эришилаётган ютуқлар мисолида кўриб турибмиз.

Адолат МЎМИНОВА

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг