Бош саҳифа / Таълим / Таълим-тарбиянинг илк бўғини

Таълим-тарбиянинг илк бўғини

унда қандай ўзгаришлар кутилмоқда?

Таълим-тарбиянинг илк бўғини бу — мактабгача таълим- тизимидир. Чунки мактабгача таълим боланинг соғлом, ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайишига интилиши ва билим олишга  қизиқишини уйғотадиган муҳим босқичдир. Мантиқан ёндашганда, боланинг 5-7 ёшгача эгаллаган билими қанчалик кўп бўлса, умрининг кейинги қисмида ўрганганлари ҳам шунга мос бўлади.

Шу маънода, бугун фарзандларимиз мактабга чиққунига қадар саводли бўлсин, ўқишни, санашни, керак бўлса, хорижий тилларни ўргансин, деб мактабгача таълим тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилаётир.

14 февралда Президентимиз Ш.Мирзиёев раислигида ўтказилган мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар натижадорлиги таҳлилига бағишланган видеселектор йиғилишида ҳам мазкур тизим чуқур таҳлил қилиниб, шу пайтгача назардан четда бўлган энг кичик жиҳатларгача эътибор қаратилди. Унда жорий йилда мактабгача таълим муассасаларини қуриш-таъмирлаш бўйича манзилли рўйхатни тасдиқлаш, яқин икки йилда мамлакатимиздаги барча боғчаларни жиҳозлаш бўйича ҳужжатларни тайёрлаш зарурлиги таъкидланди. Давлат хусусий шерикчилик асосида хусусий боғчалар ташкил этиш бўйича ҳам қатор вазифалар белгиланди. Бу бўйича бир нечта вилоятлар ҳокимларининг ҳисоботлари тингланди.

Вилоятимизда 266 минг 866 нафар 3-7 ёшли болалар бўлиб, уларнинг 34 минг 352 нафари, яъни 12,9 фоизигина мавжуд 289 та, шундан 286 та давлат ва 3 та хусусий мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинган. Шунинг учун бу йил вилоятда давлатимиз раҳбарининг кўрсатмаси билан 16 минг 980 ўринли 242 та хусусий ва давлат хусусий шерикчилик асосида мактабгача таълим муассасалари ташкил этилади. Шунингдек, бюджет маблағлари ҳисобидан 33 та мактабгача таълим муассасаси реконструкция ва капитал таъмирдан чиқарилиб, натижада 2018 йил якунига қадар қўшимча яна 200 та ўрин яратилади. Бу эса вилоятда болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамровини 51 минг 532 нафарга, яъни 19,3 фоизга етказиш имконини беради.

Албатта, мактабгача таълим тизимида сифат ва самарадорликни таъминлаш учун, энг аввало, тарбиячи кадрларнинг савияси, билими юқори бўлиши керак. Бироқ, бугунги кунда уларнинг аксарияти  ўрта-махсус маълумотга эга, қолаверса,  етарлича  тажрибага эга эмаслиги бизнинг оғриқли нуқтамиздир. Шу боис, 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим ўқув муассасаларида мактабгача таълим йўналишида кундузги шаклда 3 йиллик бакалавр тайёрлаш тизими жорий этилади.

Шу ўринда воҳамизда мавжуд 2 минг 580 нафар педагоглардан 556 нафаригина олий маълумотга эга эканлиги масаланинг биз учун ҳам долзарблигини ифодалайди. Эндиликда мураббийлар ўз билимини ошириш ва ўқиб олий маълумот олиш учун Термиз давлат университети ҳамда Низомий номидаги педагогика институти Термиз филиалида таҳсил олишади. Бундан ташқари, Термиз давлат университети ҳузуридаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва  малакасини ошириш ҳудудий марказида жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб “Амалий психология” ва “Мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси” касбий қайта тайёрлаш курсларининг давлат гранти асосида бепул ташкил этилиши сифатли кадрлар тайёрлашда айни муддао бўлди.

Шунингдек, видеоселектор йиғилишида таомнома сифатига алоҳида эътибор қаратиш ва унга балиқ маҳсулотларини ҳам қўшиш кераклиги айтиб ўтилди.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

5 август куни ОТМга кириш имтиҳонлари бошланади

Бу йилги тест синовлари икки сменада ўтказилади: 1-смена 07:00 да, 2-смена 19:00 да Surxondaryo viloyatida …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan