Таълим такомили

0
31

Келажак ҳақидаги ўйлар ҳамма вақт муҳим саволларни ўртага қўяди. Уларга жавоб топилганда, янги мушоҳадалар пайдо бўлиб, истиқбол учун зарур бўлган тавсиялар, таклифлар ўртага ташланади. Зиёли сифатида узоқ йиллик кузатувларимни сизларга тутиндим. Бунга таълим соҳаси вакилларининг матбуот ходимлари билан бўлган очиқ мулоқоти сабаб бўлди.

Дарҳақиқат, таълим ва тарбия жамиятимиздаги муҳим ижтимоий жараёндир. Унга эътибор, аввало, оила тарбиясига бўлган муносабатдан бошланади. Бу ҳақда муҳтарам Президентимиз ўз маърузаларидан бирида Абдурауф Фитратнинг қуйидаги фикрларини келтирганди: “Халқнинг аниқ мақсад сари ҳаракат қилиши, давлатманд бўлиши, бахтли бўлиб иззат-ҳурмат топиши, жаҳонгир бўлиши ёки заиф бўлиб хорликка тушиши, бахтсизлик юкини тортиши, эътибордан қолиб, ўзгаларга тобе ва қул бўлиши, асир бўлиши уларнинг ўз ота-оналаридан болаликдан олган тарбияларига боғлиқ”. Юртбошимиз бу олтинга тенг сўзларга ҳар биримиз, айниқса, энди мустақил ҳаётга кириб келаётган ўғил-қизларимиз амал қилишларини жуда-жуда исташини таъкидлаган эди.

Илмий-педагогик фаолиятим давомида дунё халқлари дурдона фикрларини, таниқли инсонлар томонидан ёзиб қолдирилган афоризм ларни, халқ мақол ва маталларини, ҳадисларини ўрганиб келмоқдаман. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, дунё илмига бизнинг бобокалонларимиздек улкан ҳисса қўшган буюк сиймолар ҳамма халқларда ҳам учрайвермайди. Аждодларимиз илм соҳасида довруқ таратиб дунёвий, диний қомусий билимларга эга бўлишган. Ўзбек халқи учун “Бешикдан қабргача илм изла”, деган муборак ҳадис ҳар қандай даврда ҳам бажарилиши шарт бўлган олий вазифа ҳисобланган.

Ўзбекистон жаҳон аҳлининг ҳамиша эътиборида. Июнь ойида Термиз шаҳрида вилоятимизнинг инвестицион, экспорт ва туризм салоҳиятини кенг ёритишга бағишланган “Open South International Business Forum” халқаро бизнес-форумида Словакия Республикаси элчиси Ян Бори билан мулоқотда бўлдим. Юқори мартабали меҳмонни вилоятимизда жойлашган тарихий ёдгорликлар билан таништирдим. “Қирққиз” тарихий мажмуасида бўлганимизда, мен элчига бу жойда IX асрда “Аёллар академияси” бўлганлигини, унда жаҳоннинг 40 та мамлакатидан қизлар келиб, дунёвий ва диний билимлар, касб-ҳунар эгаллаганлигини, академияни тугатиб, махсус муҳр билан тасдиқланган гувоҳномаларга эга бўлиб, ўз юртларида фаолият олиб борганлиги ҳақида фахр ва ифтихор билан сўзлаб бердим. Элчи жаноблари ҳам “У давр ларда Европада аёлларнинг билим олишлари у ёқда турсин, ҳаттоки бирор фойдали иш қилганликларини тарих билмайди”, дея таъкидлади.

Бугунги ҳаёт шиддат билан давом этмоқда. Ўтган йилларда бажарилган ишлардан кўра бугун кўпроқ ишлар бажариш — давр талаби. Ўқувчи ёки талабанинг илм-фан ёки касб-ҳунар соҳаларини эгаллаши лозим бўлган билим, кўникмалар мажмуи ҳисобланган таълимдаги фаолият ҳам бундан мустасно эмас. Албатта, ҳаёт билан ҳамнафас бўлиши зарур. Ундан орқада қолишга ҳаққимиз йўқ. Агар биз педагог ходимлар ҳам кечагидек ўқитишни давом эттирсак, болаларимизни келажакдан жудо қилган бўламиз.

Япония мактабларида фаррош штати мавжуд эмас. Ўқувчилар ҳафтанинг беш кунида синфхоналарни ва мактабни тозалаш ҳамда ободонлаштириш ишларини бажонидил бажаришар экан.

Оммавий     ахборот воситаларида “Янги педагогик ғоя” рукнини очиш вақти келди. Бу биринчидан, жорий йилнинг номланиши билан боғлиқ вазифаларнинг бажарилишига хизмат қилса, иккинчидан, профессор-ўқитувчиларнинг энг яхши фикрларини жамлайдиган минбарга айланади. “Энг яхши педагогик ғоя муаллифи” номинациясини ҳам таъсис этиш мумкин. Маълумки, кичкина жилғалардан катта дарёлар вужудга келади.

Таълим муассасаларининг барчасида ота-оналар йиғилишини тез-тез ўтказиб туриш лозим. Буни бизнинг менталитетимиз тақозо этади. Йиғилишларга барча ота-оналар, айниқса, оталар вақт топсинлар. Ота-оналар йиғилишлари ўтадиган кунларда профессор-ўқитувчилар томонидан очиқ дарслар ташкил қилиниб, уларда барча хоҳловчилар иштирок этсинлар.

Баъзи педагоглар, айниқса, ёш ўқитувчилар керакли педагогик тажрибага эга эмаслигини ҳисобга олган ҳолда ҳамда “устоз-шогирд” тарихий анъаналарини тизимли давом эттириш мақсадида фан дастурлари бўйича тажрибали педагогларнинг “Дарслар видеоёзувлари”ни ёзиб олиб, уларни интернет тармоғига жойлаштириш керак. Бунда яхши сифатли дарс лардан барча билимсевар ва илмсеварлар баҳраманд бўладилар.

Олий таълим муассасаларида амалиётнинг барча турларига жиддий эътибор қаратиш лозим. “Бугунги амалиётчи — эртанги ўқитувчи” эканлигини унутмаслик керак. Асосий малака ва кўникмаларни талаба амалиёт даврида эгаллайди. Ҳафтанинг бир кунини “Амалиёт куни” деб белгилаш лозим.

Барча таълим муассасаларида шанба, якшанба кунлари ва таътиллар даврида хоҳловчилар учун ҳар хил мавзудаги ҳафталик чуқурлаштирилган пулли курслар ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Қачонки пулли бўлса, унинг қадри ва аҳамияти зиёда бўлади. Одамлар ўзларини қизиқтирган мавзулар бўйича гуруҳларда бирлашиб, таълим муассасаси раҳбариятига буюртма берсалар, етарли. Тематик курсларни тажрибали профессор-ўқитувчилар амалга оширадилар. Бу таълим курсларида барча тоифадаги қизиқувчи инсонлар қатнашишлари мумкин.

Биз юқорида таълим ва тарбия жараёнида кутилган натижаларга эришиш учун зарур бўлган баъзи бир фикрларни билдирдик, холос. Хулоса сифатида шуни таъкидлайманки, биз педагог ходимлар шогирдларимизни мактаб, ўрта махсус таълим муассасаси ёки университетлар учун эмас, балки келажакдаги ҳаёт учун ва ҳаётни муносиб яшаб ўтиш учун ўқитишимиз лозим.

Поён БАКИРОВ,
ТерДУ чет тиллар факультети декани,
филология фанлари доктори

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг