Бош саҳифа / Таълим / Таълим кредити кимларга берилади?

Таълим кредити кимларга берилади?

Меҳринисо БОЗОРОВА, Қумқўрғон тумани

Ўғлим бу йил университетнинг учинчи курсида таҳсил олаяпти. Жорий йилда қизим ҳам тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинди. Уларнинг ҳар иккаласига ҳам контракт пулини тўлашга имконим етмаяпти. Таълим кредити бор, деб эшитгандим. Аммо уни қандай олиш ва қандай ҳужжатлар тақдим этишни билмайман. Шу ҳақда маълумот берсангиз.

Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 26 июлдаги «Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисида»ги 318-сонли қарорига мувофиқ, «Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисидаги Низом» тасдиқланган эди. Унга кўра, таълим кредитлари тижорат банклари томонидан олий таълим муассасаларининг кундузги бўлимларига тўлов-контракт асосида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган талабаларнинг ўқиши учун талабаларнинг ўзларига, уларнинг ота-оналарига ёки васийларига берилиши мумкин.

Тижорат банклари томонидан бериладиган таълим кредитлари, олий таълим муассасаларида ўқиш даври ҳисобга олинган ҳолда, бакалавриятга ўқишга қабул қилинган талабаларга 10 йилгача, магистратурага ўқишга қабул қилинган талабаларга эса 5 йилгача бўлган муддатга берилади.

Мазкур Низомга мувофиқ тижорат банклари томонидан берилган таълим кредитлари бўйича: чин етимларга, Меҳрибонлик уйларида тарбияланганларга ҳамда болаликдан I ва II гуруҳ ногиронларига ноль фоиз ставкаси (фоизсиз кредит); талабаларнинг қолган тоифаларига Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг амалдаги қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган ўзгарувчи фоиз ставкалари белгиланади. Ушбу кредитнинг афзал томонларидан бири шундаки, кам таъминланган оилалардан бўлган талабалар учун кредит бўйича қўшилган фоизларнинг 50 фоизи туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари томонидан тўлаб берилади.

Таълим кредитини олиш учун қарз олувчи тижорат банкига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади: Ариза, талаба ва олий таълим муассасаси ўртасидаги тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақида белгиланган тартибда расмийлаштирилган шартнома (контракт); қарз олувчининг яшаш жойидан маълумотнома; кредитни қайтаришнинг таъминланиши тўғрисида ҳужжат; имтиёзли таълим кредитлари олиш ҳуқуқига эга бўлган чин етимлар, Меҳрибонлик уйларида тарбияланганлар, болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлари, кам таъминланган оилалар фарзандлари тегишли тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этадилар.

Саволга вилоят Марказий банк бош бошқармаси иқтисодчиси
Санжар ШАЙМУРОДОВ
жавоб берди

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

TARBIYA VA SAVIYA

“Gapni gapir uqqanga” degan donishmandlar. Donishlar teran ildizga egaki, uning aslini ham ko‘pchilik bilmaydi. Aytilgan …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan