Бош саҳифа / Жамият / Талабалар учун вилоят ҳокими стипендияси жорий қилинади

Талабалар учун вилоят ҳокими стипендияси жорий қилинади

Ёшлар фестивали доирасида “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди. Санъат саройи атрофидаги боғда ўтган учрашув анча самимий кечди. Вилоят ҳокими Тўра Боболов воҳадаги фаол ёшларнинг таклифларини эшитиш билан бирга, саволларига ҳам жавоб берди.

Ўз номи билан мотивацион руҳда кечган учрашувда ёшлар вилоят ҳокимининг ҳаётдаги ақидалари, талабалик давридаги қийинчиликлари ҳақида сўрашди. «Олий таълимда қайсидир ўқитувчининг имтиҳонидан ўтолмаган вақтингиз бўлганми?» деган саволга » Ҳа бўлган, йиқилганман ҳам ва қайта ўқиб бўлса ҳам имтиҳонларни топширганман. Муҳими, инсон хато қилгач, уни тушуниб етиши ва йиқилганда қайта туриб яна олға қадам ташлай билиши кераклигини тушунганман»  деб жавоб берди ҳоким.

Учрашувда талаба Зулайҳо Бадирова воҳада дўппилар фестивалини ўтказиш таклифи билан чиқди ва унинг таклифи қўллаб-қувватланди. Хоразмлик аскар йигитнинг тик-ток, ютуб ва бошқа ижтимоий тармоқларга нисбатан қандай муносабатда эканлиги ҳақидаги саволга эса вилоят ҳокими:

– Ижтимоий тармоқдан фойдаланиш керак, ундан хабардор бўлиб туриш бу замон талаби. Фақат меъёрни унутмаслик керак. Мен ҳам ишдан ортиб, вақт топиб, ижтимоий тармоқларга кириб тураман, – дея жавоб берди.

Термиз давлат университети талабаси ижодкор ва ютуқларга эришган талабалар учун стипендия жорий қилиниши бўйича билдирган таклифини Т.Боболов қўллаб-қувватлади. Ва бу масала халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясига киритилиши, ҳар кварталда мазкур стипендия учун муайян маблағ ажратилишини айтди.

  • Айни пайтда Термиз давлат университетида таҳсил оламан, —

дейди Қумқўрғон тумани “Киндиктепа” маҳалласида яшовчи Гулноза Ҳайдарова. — Инглиз тили бўйича IELTS имтиҳонидан 6 балл олганман. Энди шу билимларимни болаларга улашиш ниятида улар учун бепул инглиз тили фани тўгарагини очмоқчиман. Фақат бунинг учун менга жой керак бўлади. Ушбу масалада вилоят ҳокимига юзландим ва бу бўйича менга ёрдам бериладиган бўлди.

          Учрашувда ёшлар саволларига жавоб ола туриб вилоят раҳбарининг сохтакорликни, ёлғонни қоралашини, самимийлик ва ростгўйликни ёқлашини, шу воҳада яшаётган ҳар бир фуқаронинг муаммоси билан қизиқишини, ҳокимга берилган топшириқларнинг ечимини топиб, ҳал қилишга ҳаракат қилиши, яна талабалик даврларида керак бўлса, пойтахтда оғир меҳнат қилиб, пул топгани ҳақидаги айрим нюансларни билиб олишди.  

Қизғин саволлар ва таклифларга бой ўтган мотивацион учрашув ниҳоясида фаол ёшларга вилоят ҳокими китоблар жамланмаси ва қимматбаҳо совғаларини топширди. Албатта, ҳокимлик мактаби, мартабаси бир неча поғона баланд. Аммо шу поғонадан тушиб, ёшлар билан дўстона мулоқотга киришишнинг ҳам таъсир-тавсифи ўзгача. Бу фестивалга  йиғилган ўғил-қизларимизнинг кайфиятига ҳам ўзгача таъсир қилгани рост.  

Наврўзгул ТУРДИЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Vaksina vahimasi

Bir necha yillardan buyon butun dunyoni tashvishga solgan, jamiyat hayotining barcha jabhalariga birday jabr ko‘rsatgan, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan