Бош саҳифа / Жамият / “Талабалар бекати”да сотилаётган сигаретлар

“Талабалар бекати”да сотилаётган сигаретлар

Ҳар куни эрталаб Термиз шаҳридаги 11-умумтаълим мактабига амалиёт ўташ учун бораман. Манзилга етгунча ҳар хил инсонлар, турли ҳодисаларга дуч келаман. Масалан, Алишер Навоий кўчасида Термиз ахборот технологиялари ва туризм касб-ҳунар коллежи бор. Коллеж дарвозасидан 10-15 қадам юрсангиз, мўъжазгина бир бекатга дуч келасиз.

Унинг пештоқига катта қилиб “Талабалар бекати” деб ёзиб қўйилган. Ана кўрдингизми, ўқувчи ёшлар учун алоҳида бекат ҳам барпо этилган!

Бекатнинг ёнгинасидаги ўқув қуроллари сотиладиган кўчма столга назар ташласангиз, стол устида ўқув қуроллари билан ёнма-ён турган турли номдаги сигареталарни кўрасиз. Афсуски, бундай ҳолга бекатнинг ўзидаги дўкончада ҳам дуч келасиз. Коллеж ўқувчилари учун ўқув қуроллари эҳтиёж, аммо сигарета кимнинг эҳтиёжи? Ахир университет талабаларию коллеж ўқувчилари кўп тўпланадиган мазкур бекат ва унинг ёнида тамаки маҳсулотларини сотиш тўғримикан? Ваҳоланки, қонунларимизда ҳам 20 ёшгача бўлган фуқароларга, шунингдек, таълим муассасалари ёнида спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари сотиш таъқиқланган.

Йўлимда давом этар эканман, яна бир ҳолатга дуч келдим. Марказий озиқ-овқат деҳқон бозори олдидаги “Матбуот дўкони” шахобчасига етгач, у ердан бирорта газета ёки журнал олмоқчи бўлдим. У ерда ҳам газета-журналлар устида ўн хил номдаги яна ўша заҳри қотил сигареталар савдода…

Халқимизда “Боланинг бегонаси бўлмайди” деган нақл бор. Бу жойдан ҳар куни қанча ота-она, таълим-тарбия бевосита касби бўлган мураббийлар ўтишади. Наҳотки, улар бу ҳолат ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши ҳақида ўйлаб кўришмайди. Ҳаммамиз ҳам уйдаги болаларимизнинг тақдирига ўзимизни гўё қизиққан биламиз, лекин кўчада, ўқишга бораётган ё келаётган, бевосита шу дўконларга эҳтиёжи боғланган ёшлар кимники? Сиз бунга нима дейсиз, азиз муштарий?

БОБУРЖОН ХИДИРОВ,
ТерДУ талабаси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тадбир ўтказилди

Кўнгилсизликнинг олдини олиш мақсадида ходимларимиз Собир Термизий номидаги вилоят ахборот кутубхона маркази ишчи ходимлари билан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan