Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Такрорий экин – қўшимча даромад

Такрорий экин – қўшимча даромад

Қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бозор иқтисодиёти талаблари асосида тадбиркорлик билан иш юритаётган вилоятимиз деҳқонлари мавжуд суғориладиган ерлардан самарали фойдаланиш, бир даладан, бир мавсумда икки-уч ҳосил етиштириб, кўпроқ даромад олиш чораларини излашаётир.

Ғалласи ўриб олинган майдонларнинг 56,1 гектарига такрорий экинлар экишни мўлжаллаган ишбилармон деҳқонлар ишни жадал давом эттиришаяпти. Айни куз пайтида ҳам бозорларимиз расталарини хилма-хил сабзавот маҳсулотлари билан тўлдириш ва нархини арзонлаштиришга аҳд қилган деҳқонлар қарийб 7 минг гектар майдонда турфа сабзавотлар ўстиришади. Ҳозиргача 1500 гектар майдон шудгорланиб, текисланиб, ҳар хил сабзавотлар уруғи ва кўчати экилди.

Бугун полизкорларнинг қовун-тарвузи бозор расталарини тўлдириб турибди. Ҳа демай, эртачи маҳсулотлар пишиб тугайди. Охирги йилларда деҳқонларимизнинг баракали меҳнати туфайли элимиз келгуси йил март ойигача қовун-тарвуз истеъмол қилишаяпти.

Кечки полиз экинлари етиштириш анъанасига амал қилаётган деҳқонларимиз ғалладан бўшаган майдонларнинг 2418 гектарига қовун-тарвуз уруғини экишади. Бугунгача Қизириқ, Шеробод, Музработ, Қумқўрғон, Жарқўрғон туманларининг омилкор деҳқонлари 200 гектардан кўпроқ далага кечки қовун-тарвуз уруғини қадаб, суғориш ва парваришни бошлаб юборишди. Қолган майдонларга ҳам тезроқ полиз экинлари уруғини экиш  чоралари кўрилаяпти.

Охирги йилларда вилоятимиз деҳқонлари мош, нўхат ва бошқа дуккакли экинлардан мўл ҳосил етиштирмоқда. Айниқса, Шўрчи, Қумқўр- ғон туманлари деҳқонлари мошни иккинчи экин сифатида экиб, юқори ҳосил олишаяпти. 24,5 минг гектар майдонга дуккакли экинлар экишни режалаштирган деҳқонларимиз бу ишни тезроқ якунлаш, имконият ва сувдан оқилона фойдаланиб, мўл ҳосил етиштириш ҳамда элимизни мошга, нўхатга бўлган эҳтиёжини қондириш учун ҳозирдан зўр ғайрат билан меҳнат қилишаётир. Музработ, Шеробод туманларида эса ғалладан бўшаган майдонлар пешма-пеш шудгорланиб кунжут, тариқ сингари экинлар экилаётир. Деҳқонларимизнинг тадбиркорлиги туфайли бугунгача 220 гектар майдонга тезпишар ва серҳосил кунгабоқар уруғи экиб бўлинди.

Ерёнғоқ деҳқон учун ҳам,  қайта ишловчилар учун ҳам сердаромад экин. Айниқса, ерёнғоқ экспортбоп. Шунинг учун 13166 гектар майдонга ерёнғоқнинг  сара навлари уруғи экилди ва деҳқонлар ўсимлик парваришини агротехника талаблари асосида олиб боришаяпти.

Деҳқонларимиз фақат даромадни ўйламай, чорвачиликни ривожлантиришга ҳам ўз ҳиссаларини қўшмоқда. Элимизнинг гўшт, сутга бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қиладиган чорвачилик тараққиёти йўлида 8203 гектар майдонга ҳар хил озуқабоп ўсимликлар парваришланаётир.

Ўз мухбиримиз

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мўл ҳосилга замин

Денов туманида агросаноат мажмуи ва уруғчилик фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 5 …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE