Бош саҳифа / Жамият / Таклиф қуйидан бўлиши керак

Таклиф қуйидан бўлиши керак

Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари ва раҳнамолигида бугун мамлакатда кенг кўламда юрт ободлиги, халқ фаровонлиги йўлида бир қатор давлат дастурлари изчил ҳаётга татбиқ этилмоқда. Шу муносабат билан ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий аҳволни ва аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш бўйича республика ишчи гуруҳи жуда катта хайрли ишларни амалга оширмоқда. Аввал хабар қилганимиздек, республика ишчи гуруҳи аъзолари Ангор, Қизириқ, Бойсун туманларида қишлоқма-қишлоқ, уйма-уй юришиб, ҳақиқий аҳвол билан обдон танишишди. Аниқланган муаммолар, камчиликлар ва уларнинг ечими борасида бир қатор амалий ишлар қилинди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Абдуғаффор Каримжонович Киргизбоев билан шу ҳақда суҳбатлашдик.

— Аввало, Сиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ва катта тажрибага эга бўлган журналист сифатида жойлардаги аҳвол билан яхши танишсиз. Айтингчи, Сурхон воҳасида Сиз гувоҳи бўлган муаммоларнинг асосий келиб чиқиш сабаблари нимада деб ўйлайсиз?

— Ишчи гуруҳи аниқлаган камчиликлар ярим аср, қолаверса, ундан ҳам кўп вақт давомида тўпланиб қолганлигини унутмаслигимиз керак. Жамият, инсоният бор экан, эҳтиёж ва талаб йилдан-йилга ортиб бораверади. Хонадонлар, оилалар кўпаяди. Шаҳарлар, қишлоқлар, маҳаллалар кенгаяди. Табиийки, шунга яраша янги-янги талаб ва эҳтиёж ортади. Ушбу жиҳатлар пухта ўрганилиб, аниқ ва ишончли режа асосида олиб борилмас экан, муаммо устига муаммо қўшилаверади.

Масалан, аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган талабини қондириш учун Қизириқда 260 километрга қувур тортиш, 52,2 километр асфальт йўлни таъмирлаш, 716,4 километр тупроқ йўлларга тош-шағал ётқизиш, Бойсунда 92,5 километр ички асфальт йўлни қайта таъмирлаш, 348,7 километр тупроқ йўлга тош-шағал тўшаш лозим. Ангор тумани шундоқ катта йўл устида жойлашган бўлса-да, маҳаллалардаги ички йўллар мутлақо талабга жавоб бермайди. 120 километрлик асфальт, 377 километрлик тупроқ йўл муаммоси ечимини кутмоқда. Ахир бу камчиликлар кечагина пайдо бўлмаган-ку?

Қаловини топса, қор ҳам ёнади, деганлар. Бойсун туманидаги энг узоқ Хўжадияк, Мачай, Қизилнавр каби тоғ қишлоқлари йўлига чиройли қилиб, қалин тош тўшалган. Туман марказидан 80 километр узоқда жойлашган Қизилнавр қишлоғида 190 хонадон истиқомат қилади. Ахир, йўл дегани жамиятнинг қон томири-ку. Нега, денгиз сатҳидан 2500-3000 метр баландликда жойлашган тоғ қишлоқларида шундай ободончилик ишлари қилингану Ангор ва Қизириқдаги қишлоқлар йўли ёзда чанг, қишда лой бўлиб ётади?

Муҳтарам Президентимиз айнан қишлоқ ва маҳаллаларни обод қилиш, аҳоли саломатлиги, бандликни таъминлаш борасида “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ёшлар келажагимиз” Давлат дастурларини қабул қилдилар. Бу борада ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Юртбошимиз жойлардаги оғриқли нуқталарни азалдан яхши билганликлари учун ҳам ана шундай йўл тутишга қарор қилдилар.

Масалан, қабристон ва зиёратгоҳларнинг қаровсизлигини олинг. Учала тумандаги аҳвол: ободончилик дейсизми, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларини иситиш дейсизми, бир-биридан қолишмайди. Ахир мавжуд сектор раҳбарлари, маҳалла раиси ва оқсоқоллари бир-икки марта ҳашар қилишса, олам гулистон. Эътибор беринг, ичимлик суви бўйича Ангорда 1527 та, Қизириқда 3752 та, Бойсунда 85 та, талабга жавоб бермайдиган йўллар борасида Қизириқда 4696 та, Ангорда 1172 та, Бойсунда 120 та камчилик аниқланди. Барча замонларда қишлоқда ҳам, шаҳарда ҳам йўл ва ичимлик суви асосий масала бўлиб келган.

Ўтган йил 24 июлдаги Вазирлар Маҳкамасининг 558-сонли қарорига кўра, Хўжамайхона булоғидан 36,6 километр магистраль сув қувури тортилди. Эндиликда Бойсун туманидаги “Инкабод”, “Даштиғоз” маҳаллаларига 12 километрлик қувур тортилиб, маҳаллий аҳоли ичимлик сувидан баҳраманд бўлмоқда. Бу далилдан кўриниб турибдики, ҳукуматимиз юрт ободлиги, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш учун ҳамма имкониятларни ишга солмоқда.

— Жойлардаги 4 та сектор раҳбарлари фаолияти билан яқиндан танишдиларингиз. Бу борадаги муносабатингизни билмоқчи эдик?

— Хабарингиз бор, Президентимиз сектор раҳбарлари ўша ҳудуднинг ҳокими ҳисобланади, деб бежиз айтмадилар. Уларга етарли ваколат берилган. Демак, ўзига беркитилган ҳудуддаги барча камчилик ва муаммоларга секторлар раҳбарлари жавобгардир. Ичимлик сувими, газ, электр таъминоти, соғ- лиқни сақлаш, таълим, банк кредити, паспорт, бандлик, кадастр, ободончилик, уй-жой, моддий ёрдам масалалари бўладими, сектор раҳбари уларни биринчи нав- батда ҳал қилиши лозим. Бу масалаларга масъулиятли шахс виждон амри билан ёндашаяпти, деб бўлмайди.

— Дарҳақиқат, бундай ҳолатлардан кўз юмиб бўлмайди. Абдуғаффор Каримжонович юқоридаги муаммолар бўйича сизнинг таклиф ва хулосаларингиз?

— Биринчидан, ушбу туманлардаги қишлоқлар, уй-жойлар, шаҳарсозлик бўйича бош режа маънан эскирган. Бугунги замонавий талабга мутлақо жавоб бермайди. Масалан, Бойсун туман бош режаси 30 йил олдин қабул қилинган. Бу нима деган гап? Бунинг оқибатида кўпгина янги-янги муаммолар келиб чиқмоқда. Барча туман ва шаҳарларда бугуннинг эмас, келажакнинг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, янги бош режа ишлаб чиқилиши жуда зарур.

Иккинчидан, аниқланган муаммоларни бартараф этишда жамоатчилик назорати гуруҳлари, сектор раҳбарлари, маҳалла фаоллари масъулиятни янада кучайтиришлари лозим. Маълум бўлишича, сектор раҳбарлари ва туман ҳокимлари белгиланган муддатда сайёр қабуллар ўтказишмаган. Фуқароларнинг муаммоларини ҳал этишда туман Кенгашлари депутатларининг бор-йўқлиги мутлақо билинмайди. Ахир халқ уларни не умид билан депутат — вакил этиб сайлашган. Яна бир нарса, туман Кенгашлари қошидаги доимий комиссиялар фаолияти талабга жавоб бермайди.

Воҳадаги учта туманда салкам бир ой давомида республика ишчи гуруҳи томонидан 25313 тадан кўпроқ камчилик аниқланган. Бу муаммо ва камчиликларнинг 90 фоизини туман ва вилоят миқёсида бемалол ҳал қилса бўлади. Ахир, уларнинг 35 фоиздан кўпроғи республика ишчи гуруҳи томонидан жойида ҳал этилганлиги гапимизнинг яна бир исботидир.

Учинчидан, ишчи гуруҳи томонидан ҳар учала туманда муддат ва маблағ талаб этиладиган муаммолар бўйича масъуллар белгиланиб, “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Эндиги масала, тегишли раҳбарлар вазифага виждонан ёндашиб, белгиланган муддатларда камчиликларни бартараф этиши лозим. Бунинг учун маблағ, техника, ишчи кучи етарли. Фақат ишни тизимли ва астойдил йўлга қўйиш зарур.

Республика даражасида ҳал этиладиган муаммоларни ишчи гуруҳи Сенатга тақдим этди. Бундай масалалар вилоятнинг бошқа туманларига ҳам тегишли, деб ўйлайман. Демак, ечимсиз муаммонинг ўзи йўқ. Муҳтарам Президентимиз айтганларидек, биздаги камчилик ва муаммоларни четдан ҳеч ким келиб ҳал қилиб бермайди.

—    Қизиқарли суҳбатингиз учун раҳмат.

Сафар ОМОН
суҳбатлашди

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Битирувчилар МИБда ишлаши мумкинми?

Бу саволга талабалар Термиз давлат университетида Маж-бурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармаси вакиллари билан ўтказилган …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan