Бош саҳифа / Таълим / Тайёргарлик қачонгача?

Тайёргарлик қачонгача?

Кечагина ҳаяжон оғушида энтикиб, давлат имтиҳонларини топшириб юрган ўсмирлар бугун ўзгача орзиқиш ва соғинч билан яқинлашаётган янги ўқув йилига ҳозирлик кўришаяпти.

Бугун бизни қизиқтирган нарса, ижтимоий аҳамиятга эга давлат муассасаларида, айтиш мумкин бўлса, раҳбар ва мутахассисларнинг қалбида ҳам кузги-қишги тайёргарлик жараёнлари кечяптими, шуниси муҳим! Ҳақиқий аҳволни ўрганиш мақсадида Қизириқ туманида бўлиб, тайёргарлик ишлари билан танишдик.

Туманда халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига қарашли 74 та умумий таълим мактаби, 19 та мактабгача таълим муассасаси, 2 та ихтисослаштирилган мактаб ва “Баркамол авлод” болалар маркази фаолият кўрсатаяпти. Мактабларнинг 30 таси замонавий, 24 таси анча илгари қурилган, 20 таси эса мослаштирилган биноларда жойлашган.

Янги ўқув йили мавсумига ҳам саноқли кунлар қолаётганлигини инобатга оладиган бўлсак, тумандаги мактаблардаги кузги-қишги тайёргарлик ишларини  кўнгилдагидек, деб бўлмайди. Мониторинг кузатувлари шуни кўрсатмоқдаки, 2017-2018 ўқув йили куз-қиш мавсуми учун мактаб ва МТМлар бугунги кун ҳолатига кўра, кўмир захиралари билан таъминланмаган. Ободонлаштириш, тозалик, таъмирлаш, бўёқлаш ва оқлаш ишлари олиб борилган, мавжуд печларнинг ҳолати ўрганилиб, синов далолатномалари тузилган. Аммо, масаланинг бир лекини бор. Гап шундаки, таълим муассасалари иситиш тизимининг 95 фоизини “Ҳаракат+” ва буржавика печлари ташкил этади. Табиийки, бу печлар кўмирда иситилади. Печлар синфхоналарнинг ичига ўрнатилган. Ўзингиз биласиз, ёниш жараёнида кўмирдан соғлик учун зарарли бўлган ис гази ажралиб чиқади. Бу эса ўқувчи ёшларнинг саломатлигига жиддий хавф солади. Туман миқёсида атиги 5 фоиз печ газ билан қиздирилади.

Ҳисоб-китоблардан маълум бўлишича, бугун Қизириқ туманидаги мактабларда куз-қиш мавсуми учун кўрилган тайёргарлик ишлари талаб даражасида эмас. Печлар билан боғлиқ муаммолар бўйича эса яхшиси, мутахассислар фикр билдиргани маъқул.

Таълим муассасаларининг эҳтиёжи учун 968 тонна кўмирга буюртма берилган, аммо шу кунгача бир килограмм ҳам кўмир келтирилмаган. Тумандаги мавжуд мактаб ва МТМ ларнинг том қисмини таъмирлаш, қозон сотиб олиш, жорий таъмир ишлари, кузги-қишги тайёргарлик учун маҳаллий бюджетдан 793 миллион 900 минг сўм  ажратилган. Таълим муассасаларида куз-қиш мавсуми, янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари давом этмоқда. Таъмирлаш ишлари 10 августгача тўлиқ тугатилиши назарда тутилган.

Туман тиббиёт бирлашмасида бу борада бироз ҳаракат бор. Зарур бўлган кўмир захирасининг ярми келтирилиб, бўлимларга тарқатилган. Яна қўшимча равишда, 207 тонна брикет кўмирга буюртмалар берилган-у, лекин ҳали олиб келинмаган. Яхши томони, марказий касалхона марказлашган қозонхона орқали иситилади. Бу  қулай, хавфсиз бўлиш билан биргаликда, ёқилғини тежаш имконини беради.

Ёзнинг жазирамасида иссиқдан безиб юрган кунларда қишнинг аёзли дамлари ҳақида кўпам ўйлайвермаймиз. Тасаввуримизда, аёзли кунлар ҳали жуда ҳам олисдек, қиш ҳам бизни сийлаб, осонгина ўтиб кетадигандек, алдамчи туйғуларга берилиб юрамиз. Кексаларимиз орасида “ёзда чопонингни ташлама, қишда ўзинг биласан!” деган пурҳикмат гап юради. Бу бежизга эмас. Иссиқ кунлар омонат. Эсимиз ва имконимиз борида қишнинг ғамини қилсак, келажак авлод олдидаги инсоний бурчимизни оқлаган бўламиз. Бунинг учун ҳозирча бизда барча имкониятлар бор. Куз келиб, кунлар совиб, деразангизнинг ойналарини ёмғир томчилари черта бошлаганда кеч бўлади…

Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ҳарбийлар-ёшлар даврасида

“Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига асосан мамлакатимизда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE