Бош саҳифа / Жамият / “Тайфанг”га кўприк керак!

“Тайфанг”га кўприк керак!

Олтин даврнинг сўнгги йилини ҳам бошлаганимизга икки ой бўлди. Курсдошлар орасида бир-бирининг уйига меҳмонга бориш одати бор. Биз ҳам ушбу одатга биноан Қумқўрғон туманига меҳмонга бордик.

Курсдошимизнинг уйи туман марказидан роппа-роса 18 километр узоқликда жойлашган экан. У ерга туман марказидан енгил машинада йўлга тушдик. Йўл-йўлакай мактаб, боғча, оилавий поликлиника ва замонавий спорт мажмуаларини кўриб бордик. Ҳайдовчи бизга қишлоқ шароитини таништирарди. Узоқдан адирликка ўхшаш тепалик кўринди. Ўша тепалик курсдошим яшайдиган “Тайфанг” маҳалласи экан. Унга етиш учун эса кўприкдан ўтиш лозим. Замонавий кўприкдан ўтамиз, дебмиз. Аслида-чи, акси бўлди. Кўприкка яқинлашиб бошлаган эдик, юрт ободлигидан қувнаб келаётган кўзларимиз “ким олади-ё шугинани-я”, деб уюм-уюм ётган чиқиндига тушди. Кўприкка етгач эса машина тўхтади. Ҳайдовчи  машинадан тушишимизни илтимос қилди. Негаки, машинанинг ост ки қисми ерга тегиб қолар экан. Ҳаммамиз машинадан тушдик.  Ҳайдовчи ўнқир-чўнқир бўлиб ётган кўчадан 700 метрлар чамаси юриб тўхтади. Биз эса шимни тиззагача шимариб, пойафзалимизнинг устигача кўмиладиган бу тупроқ кўчадан машинагача оҳиста юриб бордик.

— Э, укалар, хафа бўлманглар, бизлар кўникиб кетганмиз.

“Ҳечқиси йўқ”, деганча машинага ўтириб, бироз юргач, манзилимизга етдик.

“Тайфанг” маҳалла фуқаролар йиғинида бугунги кунда 3 485 нафар фуқаро истиқомат қилади. Маҳалланинг умумий йўл узунлиги 47 километрни ташкил этади. Асфальт- ланган бўлмаса-да, бу йўлларнинг катта қисмида юриш мумкин. Аммо кўприк бўйидаги йўлнинг қарийб бир километрча келадиган қисми  жуда ачинарли аҳволда.

ТАЙФАНГДАН САЙЛАНГАН
ДЕПУТАТ КИМ?

Инсон манфаатлари барча нарсадан устун қўйилаётган жорий — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида одамлар билан мулоқот ўтказилиб, уларни қийнаётган муаммоларга ечим топиляпти. Наҳотки, шу вақтгача бу кўприк ва йўл муаммоси билан ҳеч ким қизиқмаган бўлса! Маҳалла аҳли давлат идораларига мурожаат қилгач, 3-4 “КамАЗ” қум келтирилибди. Аммо бу чамбилга чироқ бўлмайди. Яқин кунларда ёмғир, қор сероб бўлса, қишлоқ аҳолиси, айниқса, ўқувчи-ёшлар нима қилишади? Бу қишлоқдан 83 нафар ўқувчи қўшни маҳалладаги 19-мактабга, 100 нафар ўқувчи коллежга дарсга боришади. Улар айнан шу кўприкдан ўтишади. Ачинарлиси, баҳор ойларида суткалаб сел келганда ўқувчилар ўн-ўн беш кунлаб мактабга бормаслиги эса оддий ҳол саналар экан.

Аслида халқнинг бундай дардини ўзлари сайлаган, ишонч билдирган халқ депутати раҳбариятга етказиб ҳал этиши лозим эмасми? Ахир юртбошимиз сиёсий соҳа вакиллари билан учрашганда, уларни фаолликка, уйғоқликка, эл дарди билан яшашга чақирмаганмиди?

Биз “Ушбу ҳудуддан сайланган халқ депутатлари туман ва вилоят Кенгаши депутат ким?” деган савол билан аҳолига мурожаат қилдик.

— Депутат бўлиб, биз билан бирор марта мулоқотда бўлмаса, дардинг нима, ҳолинг қандай демаса, қаёқдан ҳам танирдик? — дейди шу маҳаллада истиқомат қилувчи Абдурашид Бердишукуров.

Муҳтарам Президентимиз бошчилигида одамларни ҳаётдан рози қилишдек эзгу амаллар бажарилаётган бир пайтда юқоридаги каби ҳолатларни қандай изоҳлашга ҳайронсан киши.

Кўпдан бери депутатни, туман раҳбариятини, мутасадди ташкилот ва идора раҳбарларини кутаётган “Тайфанг” маҳалласи аҳли ҳамон уларнинг муаммосига ечим топа оладиган нажоткор келишига умид боғлаб яшашяпти.

Бобуржон ХИДИРОВ,
ТерДУ талабаси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan