Тафаккурга қанот беринг

0
67

Китоб инсониятнинг энг улуғ кашфиётидир. У бўлмаса бугунги тараққиёт ҳам, тафаккур олами ҳам бўлмас эди. Китоб — инсон қалби ҳақидаги билимлар, тадқиқотлардир. Китоблар, аввало, ички дунёмизга боқишга, қалбимизнинг, хаёлларимиз ва эркимиз эгаси бўлишимизга ўргатади бизни.

Мутолаа орқали ўзимизники бўлмаган нарсалардан халос бўламиз. Бу худди покланишдек гап. Бунда ўзингиз устоз, ўзингиз шогирдга айланасиз. Билингки, ўзингизга насиҳат, ўгит беролмас экансиз, бошқалар ҳам сиздан ҳеч нарса ололмайдилар. Мана, шу сабоқхонада ички “мен”ингиз улғаяди. Ёвузлик китобгача бўлган манзилдир. Мутолаа завқи сизни шу зулматдан йироқлаштириб, кенгликларга бошлайди. Фақат китобгина тасаввур ва хаёл чегараларини бузиб ўтишга қодир. У билан ўтмиш ва келажакка сайр қилиш имкониятимиз кўпроқ, бунда вақт ва макон тушунчалари ўз моҳиятини йўқотади.

Китоб ўқиш ҳам санъат. Яхши ва ёмон, рост ва ёлғон китобларни ажрата олиш мутолаа маданиятининг бош талабидир. Китоблар эзгуликка қанчалик хизмат қилса, ёвузлик ҳам унинг хизматидан фойдаланишга мудом уринаверади. Шу боис, китобларнинг нотўғри талқин этилишига йўл қўймаслик лозим. Мисоли ёруғ нурдек қалбимизни ёритган бу мўъжиза омадсизликлар толиқтириб қўйган умиднинг қайтишига ягона чора. Назаримда, инсон қалби ҳақидаги ҳар қандай китоб ўқилишга муҳтож. Ундан бебаҳралик инсон ўз исмини билмай яшаш билан баробар. Яхши китоблар “бемор” қалбларга маънавий шифодир.

Мулоҳазаларимиз китоб ҳақида экан, Хитойнинг биринчи императори Цинь Шихуандини эсламай бўлмайди. У маълум сабаблар билан ўзигача бўлган уч минг йиллик тарих жамланган барча китобларни, бутун бошли халқ ўтмишини ёқиб юборишни буюради. Унда сариқ император тарихи, Лаоцзи, Конфуций ва бошқа фалсафий мактаблар қолдирган китоблар бор эди. Цинь Шихуанди бу иши билан Хитой тарихида биринчи император, биринчи китоб ёзувчи, биринчи товушларга ҳарф берувчи халқ тарихидаги ягона шахс бўлмоқни истаганди. Айни мақсадда, аниқроғи, Хитой ҳудудларини ўтмишдан дарак берувчи хабарлар кириб келишидан сақлаш умидида Буюк Хитой деворини тиклашни бошлади. Айрим тарихчилар бу девор мамлакатни ёвлардан ҳимоя қилиш учун бино этилган дейишади. Аслида бу бир баҳона. Цинь Шихуанди минглаб масофаларга чўзилган Хитой деворини қурди, аммо китоблар йўлини тўсолмади. Лаоцзи, Конфуций ғоялари яшаб қолди.

Ўқиш бахти шу китобни ёзиш, яратиш каби масъулиятлидир. Ўқувчи асар мутолаасида у билан бирга яшайди, тафаккур қилади, борлиқ ва ҳодисаларни англайди, унга муносабат билдиради.  Аргентиналик машҳур ёзувчи Борхес ўзидан ёзувчи сифатида эмас, кўпроқ ўқувчи сифатида ўрнак олишга чақиради. У сўнгги йигирма йил — кўзи ожиз бўлган пайтларда ҳам мутолаадан воз кечмади. Онаси ёки котибаси унга тинимсиз китоблар ўқиб берар, назарида китоб ўқилмаган бир кун умрнинг тенг ярми беҳуда ва мазмунсиз ўтганини анг- латар эди. Мутолаа шунчаки эҳтиёж эмас, нодонлик ва жаҳолат, юзсизлик ва эътиқодсизлик, зулм ва зўравонликка қарши исёндир. Одатга айланган машғулот инсонни оломончилик занжиридан халос этиб, кишини аслияти билан юзлаштиради. Китоб билан сеҳрланган қалб мўъжизалар яратади, ҳеч бўлмаганда унинг яратилишига ҳисса қўшади.

Маънавиятимиз сарчашмаси бўлган халқ дос тонларимиз, уларнинг тарғиботи бугун ҳар қачонгидан муҳим. Асл қадриятларимиз, урф-одатларимиз ҳамда миллий ғуруримизнинг ёрқин ифодалари айнан шу хазиналаримизда яширин. Биргина “Алпомиш” достони мисолида уларда илгари сурилган эзгу ғояларнинг бадиий шарҳини ёшларимизнинг тафаккур даврасига, баҳсига ташлаш ҳам фойдали бўлар, деган фикрдаман. Негаки, мутолаада англанмаган ҳақиқатлар баҳс ва таҳлилларда ҳақиқий баҳосини топа олади. Фикрлар, қарашлар, ёндашувлар шаклланаётган ёшлик айёмида бу каби адабий баҳсларнинг, мушоҳадаларнинг ранг-баранглиги уни янада файзли этишига, албатта, умид қиламиз.

Обид ПИРИМҚУЛОВ,
ТерДУ иқтисодиёт кафедраси ўқитувчиси

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг