Тафаккур камалаги

0
117

Вақтга не-не даҳолар чўнг ва инжа таъриф беришган. Яна истаганча, таъриф-тавсиф беришингиз мумкин. Лекин Вақт ҳамма нарсани енгади ва барча даҳоларнинг асл моҳиятини ҳамда баҳосини белгилайди. Тафаккурни улғайтирадиган ҳам, инсоннинг асл моҳиятини белгилайдиган ҳам, интиҳосига нуқта қўядиган ҳам Вақтдир. Шодмонқул Саломнинг туркум шеърларини ўқиганимда беихтиёр шу нарсалар шууримни оҳорлагандай бўлди.

… Шодмонқул кечагина кўз ўнгимизда ўспирин бола эди. Назаримда Шодмонқул ҳалиям ТерДУ талабасидек. Гўё бир кун олдин таҳририятга шеърий машқларини олиб келгандай. Адашмасам, уни менга ҳамкасбим Алишер Поёнов илк бор таништирганди. Ўшанга ҳам чорак аср бўлибди.  Мана Вақтнинг ҳикмати! Ҳаёт ташвишлари, икир-чикирлар гирдобида йиллар ўтганини, зарра уруғдан унган гиёҳ гуллаганини, ҳосилга кирганини, забардаст дарахтга айланганини гўё сезмагандаймиз.

Аслида мутахассислиги кимёгарлик, лекин Шодмонқул укамиз санъат, адабиёт, шеърият, муҳаббат, қалб ва руҳият кимёгари. Агар сиз шоирнинг “Юрак иқлими”, “Кўнгил китоби”, “Борлигини билганлар”, “Улкан бобо гурунглари” каби китобларини ўқиган бўлсангиз,  унинг тафаккур камалаклари ўзига хослигини ҳис қилган, менинг айтганларимни шунчаки Сурхонча лутф эмаслигига ишонч ҳосил қиласиз.

Айни пайтда республика “Маънавий ҳаёт” журналида фаолият кўрсатаётган укамизга мустаҳкам соғлиқ, бетакрор ва бардавом ижодий парвозлар тилаб, туркум шеърларини ҳукмингизга ҳавола этаётганимиздан масрурмиз.

Сафар ОМОН

Сурхон қўшиғи

Ҳазрат Султон чўққисида эриган қор,
Термизийнинг зиёратин қилар бажо.
Икки тоғнинг орасида бир осмон бор,
Кўкрагимни тўлдиргандир ўшал ҳаво.
Боботоғдан Бойсунтоққа учар лочин:
Менинг мангу ҳайратимсан, Сурхондарё!

Бақтрия, қадим Кушон, Чағониён,
Тешиктошда бобо тарих тарих тузган.
Қирқ минг йиллик мангу хабар – Зараутсой,
Унда менинг суратим бор, бобом чизган.
Будда каби жим ўлтирар кўҳна қирлар,
Менинг битмас ҳикматимсан, Сурхондарё!

Сингилларнинг тилагидай ҳур жилғалар,
Дўмбиранинг ўркач сойдай нолалари,
Бешик каби чайқалганда не асрлар,
Туғилади Алпомишнинг болалари.
Ойбарчиннинг исирғаси – кўксимда ор,
Эллар аро иззатимсан, Сурхондарё!

Кунгай бетда Сўфий Оллоёр дуо этса,
Кафтларида капалакдан бургут дўнар.
Гар чўпони бир дам хаёл қилиб қолса,
Таёғидан зўр Сайроби чинор унар.
Замин алқаб, бағрин очиб турган само,
Ёмғирдайин раҳматимсан, Сурхондарё!

Замонларнинг гуноҳини ювган дарё.
Пирлар каби тунлар хаёл сурган дарё.
Ўзанини эзгуликка бурган дарё.
Соҳилида тарих ўтов қурган дарё.
Ҳар эпкини битта шоир берган дарё.
Ҳайратимсан, шиддатимсан, ҳикматимсан,
Ҳар сатримда шарқирайсан, Сурхондарё,
Жануб ёқдан ярқирайсан, Сурхондарё!

Манзара

Мусофиротдаги ота умридай,
Булутлар ортида ой сузар эди.
Сунбула сочини юларди кўкда,
Август кузак билан шарт тузар эди.

Кундуз шовқинидан ҳорган соқчидай,
Устунга суяниб мудрайди бекат.
Кўҳна бешик каби чайқалар Термиз,
Уйқунг келмадими ҳей, Саидаҳмад?
Йиғлоқи боладай уйқу элитиб,
Афғон шамоллари тинган эдилар.
Август ёзган мактуб баргдай узилиб,
Кузакнинг бағрига қўнган эдилар.

Авралган илондай эшилган дилни
Мастона этганди сокинлик найи.
Пирлар ечган белбоғ — Амударёда
Оқиб кетар эди Термизнинг ойи.
Бор бўлса, бир келсин…
Отамнинг сояси тоғларга тушди,
Онамнинг оҳидан унди қизил гул.
Бир нидо ярадор қуш бўлиб учди,
Бор бўлса, бир келсин, Шодмонқул.

Боболар кафтида қабарди тупроқ,
Қабарган тупроқлар бердилар ҳосил.
Қўлда айри асо-абадий сўроқ:
Бор бўлса, бир келсин, Шодмонқул.

Оғалар кўзида қафасбанд йўлбарс,
Нигоҳлари ҳасрат, елкалари йўл.
Зиндонда қолганлар Алпомиш эмас,
Бор бўлса, бир келсин, Шодмонқул.

Қишда ҳам кетмасдан қолди турналар,
Улар турна эмас, эгачи, сингил.
Соғинчдан жимирлаб эриди қорлар,
Бор бўлса, бир келсин, Шодмонқул.

Мезон торларига дилни боғладим,
Узилган барг чизар ҳавода бир йўл.
Ўзимни шу зайл узоқ йўқладим,
Бор бўлса, бир келсин, Шодмонқул

Дил кечаси

Олим Тошбоевга!

Ойдан келди юрагимга товушлар,
Бўй қизлардек титраб кетди қамишлар.
Бир кечада кул қолдирмай ёндим мен,
Кўнолмадим, ҳеч бўлмади қонишлар.
Қабоғимдан сизгани йўқ ёшлар-ей,
Бойсунтоғдан юмалади тошлар-ей.

Мағрур тоғлар бу дам недан хомушлар,
Зериккандай, ториққандай туришлар.
Болаликни қай газага кўмгандик,
Эсласангиз, бир кўрсатинг танишлар.
Бир гардини суртай кўзу қошлар-ей,
Бойсунтоғдан юмалади тошлар-ей.

Шом қавариб, тонг оқарган паллалар,
Кўкибийда чайқаларди далалар.
Тўғдонанинг шохида бир беланчак,
Соғинч мени уйқу бермай аллалар.
Қайтмайдими шохдан учган қушлар-ей,
Бойсунтоғдан юмалади тошлар-ей.

Дараларда озод қулун  кунларим,
Ойни отга тақа қилган тунларим.
Қани? Айтинг, тушунтиринг, юпатинг,
Оғаларим, жўраю иниларим.
Тақаланган отман — хомуш бошлар-ей,
Кўкрагимда гурсиллайди тошлар-ей.

Алпнинг ҳидин олиб бўзлар Бойчибор,
Бир отчалик кўнглинг йўқми эй, шунқор?
Дунёсини бир киссамга жойлайман,
Юрагимда менинг шундай шавқим бор.
Дилни қумсаб туринг дунёдошлар-ей,
Бойсунтоғдан юмалади тошлар-ей.

Шодмонқул САЛОМ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг