Бош саҳифа / Жамият / Тадбиркорнинг ташаббуси

Тадбиркорнинг ташаббуси

Бойсун туманидаги “Меҳробод” маҳалласида тадбиркор Собир Хурсандов аҳолининг оғирини енгил қилиш мақсадида янги оилавий мактабгача таълим муассасасини очди.

Боғчага борган бола бошқа тенгдошларига нисбатан интеллектуал салоҳияти ривожланган бўлади. Чунки йиллар давомида боғча опалари ва тарбиячилардан расм солиш, қўшиқ айтиш, шеър ёдлаш, санаш, ёзиш-чизишни, хорижий тиллардан бирини ўрганади. Демакки, мактабга биринчи синфга борганда боғча кўрмаган болаларга нисбатан дарсларни яхши ўзлаштиради. Шунинг учун ҳам ҳар бир ота-она фарзандини боғчага беришдан манфаатдор. Тумандаги Авлод ва Сариосиё қишлоқлари аҳолиси боғча йўқлигидан қийналишарди. Собир Хурсандов эса ана шу муаммони ҳал қилишга киришди.

— Вазирлар Маҳкамасининг 595-сонли қарори билан танишдим. Мактабгача таълим муассасаларининг тасдиқланган низомини ўргандим, менга маъқул келди. Жорий йил июнь ойида якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, туман мактабгача таълим бўлимига ариза бердим. Вазирлик билан битим тузилди. Туман ҳокимининг қарори чиқди. — дейди Собир Хурсандов. — Октябрь ойи бошидан оилавий боғчанинг тантанали очилиш маросими бўлди. Унда туман ҳокими А.Жўраев, жамоатчилик вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамда туман имом-хатиби иштирок этиб, самимий тилаклар билдиришди.

Тадбиркорнинг 8 хонали уйи, 10 сотих томорқаси бор. Ҳеч бўлмаганда оила аъзоларини фойдали иш билан таъминлаш масаласини анча вақтдан буён ўйлаб юрарди. Ниҳоят, қарорини оила аъзоларига маълум қилди. Улар ҳам бир овоздан маъқуллашди. Шахсий маблағи эвазига хоналарни боғчага мослаб қайта таъмирдан чиқарди. Кичкинтойлар учун ҳовуз қурдирди. Мактабгача таълим муассасасида болалар тарбияси ва парвариши учун нима лозим бўлса, ҳаммасини ҳозирлади. Натижада, қизи Маржона, келини Зайнура ва Латофат, турмуш ўртоғи Самия опа доимий ишли бўлишди. Бундан ташқари, олий маълумотли Шарифа Хурсандова кичкинтойлар билан турли машғулотлар олиб борувчи мураббий сифатида фаолият юритмоқда. Қўл жанги бўйича Ўзбекистон чемпиони Фарангиз Сайфиддинова кичкинтойлар билан спорт машғулотларини олиб боради.

— Иккала қишлоғимизда 2 та мактаб бор. Унда кўплаб ўқитувчи аёллар ёшларга таълим-тарбия беришади. Муаллималар, шифокорлар, ёш фарзандини уйда қолдириб кетгани учун иши тугагунча хаёли уйида, боласида бўлади, — дейди Сариосиё қишлоғида яшовчи тадбиркор Озода Тошқулова. — Собиржон барака топсин, жуда хайрли ишни амалга оширди. Эндиликда ёш болаларимизни боғчага топшириб, хотиржам ишга бориб, келаяпмиз.

Бугунги кунда янги очилган оилавий боғчада 25 нафар бола тарбияланмоқда. Кичкинтойлар 4 маҳал мазали иссиқ овқат билан таъминланади. Ошпаздан тортиб, тарбиячи ва мураббийлар болажонларга парвона. Узоқ тоғ қишлоғида ҳамма қулайликларга эга бўлган бундай мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш, одамларнинг мушкулини осон қилиш, фуқароларни иш билан таъминлаш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Энг муҳими, фарзандларини боғчага бериш иштиёқида бўлган ота-оналар кўпчиликни ташкил этади.

Тадбиркор Собиржон Хурсандов боғчадаги шароитни янада яхшилаш, тажрибали мутахассисларни жалб қилиш, келажакда бу манзилни энг намунали муассасага айлантириш ниятида. Биз эса унинг юрт ободлиги, эл фаровонлиги, кичкинтойлар келажаги йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатларига омад тилаб қоламиз.

Сафар Омон,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan