Тадбиркорликда гап кўп

0
61

Яқинда бир танишим билан инсон ҳаётида пулнинг ўрни ҳақида баҳслашиб қолдим.  Узоқ тортишувдан сўнг у: “пул ҳеч нарсани ҳал қилмаслигини билишинг учун ҳам, пулинг бўлиши керак, йўқса ҳамма омадсизлигингни пулдан кўраверасан”, деган эди.

Ҳақиқатдан ҳам, агар камбағал одамдан нега яхши яшай олмаётганини сўрасангиз, саволингизга жавоб топиб бера олади. Ҳар бир камбағал инсоннинг  бутун умри давомида ўзи ҳам ишониб келган “ҳақиқати” бор. Кимдир тақдирини айблайди, кимдир омадсизлик ҳақида гапиради. Шу ўринда бир савол туғилади, аслида пулга муносабат инсонда қандай шаклланади?

Кўпинча пулга муносабат оиламиз, ота-онамиз, яқинларимизнинг бизга кўрсатган ибрати орқали шаклланиб боради. Бизнинг жамиятимизда эса фарзандларга турлича тарбия берилади. Фарзандининг ёшлигиданоқ пулга меҳр қўйишидан қўрққан ота-оналар “пул ёмон нарса, усиз ҳам яшаса бўлади, ҳаётда ҳамма нарса ҳам пулга боғлиқ эмас” деб ўргатишади. Бола улғайгач, эҳтиёжлар каттариб, моддият билан боғланиб боради. Мўъжизаларга ишониб, кўп нарсани қўлга кирита олмаётган инсон пулни қандай топишни ва уни сарфлашни билмайди, қарабсизки, ҳаётдан аламзадалик, тақдирга тан бериш билангина чегараланиб  қолади, болалигида эшитган мўъжизалари ва моддий ҳаёт ўртасида муаллақ қолиб кетади. Бундай инсонлар жамият учун фойда келтира олмайди. Бежиз эмаски, буюк Амир Темур:“Азми қатъий, тадбиркор ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши – минг тадбирсиз ва лоқайд кишидан афзал”, — деб ҳисоблаган. Тадбиркор инсоннинг вояга етиши учун энг аввало, оила ва таълим-тарбия муҳим ҳисобланади.

Масалан Америкада мактабга қадам қўйган ўқувчиларга банкда алоҳида ҳисоб рақам очилади. Мактабда меҳнат таълими дарсларида уларнинг ясаган буюмлари ким ошди савдосига қўйилиб,  сотилган маҳсулотнинг пули ёш ўқувчининг ҳисоб рақамида жамғариб борилаверади. Шу тариқа улар рағбатлантирилади. Мақсад уларга ёшлигиданоқ пул жамғаришни, уни қандай ишлаб топишни ўргатишдир!

Мактаб ёшиданоқ пул ҳақидаги тўғри тарбия ишбилармон инсонларнинг кўпайиши учун замин бўлади.  Ишлаган, ҳаракат қилган ва пулни тўғри сарфлашни билган тадбиркор инсон нафақат ўзи, балки оиласи ва яшаётган жамияти билан бирга фаровон ҳаётга эриша олади.

Юртимизда истиқлол даврида изчиллик билан олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг бош мақсади — Ўзбекистонимизни ривожланган давлатлар сафидан муносиб ўрин эгаллашига қаратилган. Муҳтарам Президентимиз ҳар гал халқ фаровонлиги ҳақида гап кетганда “Тадбиркор фаолиятига тўсиқ бўлиш давлат сиёсатига хиёнат деб қабул қилинади” дея тадбиркорлар фаолиятига юксак ишонч билдирдилар.

Бизнинг мактабларимизда ҳам меҳнат дарслари ўқитилади. Лекин иқтисодиёт фанлари юқори синфлардагина ўтилади. Агар меҳнат ва иқтисодиёт фанларини жамлаштирган ҳолда бошланғич синфлардаёқ ўтилса, яхши натижалар бера олади, деб ўйлайман. Таниқли бизнесмен Жон Рокфеллер айтганидай, “Агар пулинг кам бўлса, бизнес қил. Агар пулинг  умуман бўлмаса — унда зудлик билан бизнес қил”.

“Ўзим тадбиркорлар оиласида туғилганман, мактаб давриданоқ оилавий бизнес қилар эдик. Ўз мустақил тадбиркорлигимни бошлашим учун кам фоизли кредит олиб иш бошлаганман. Ҳужжатларни тўғирлаш, рўйхатдан ўтиш бўйича қийинчиликлар бўлмаган, лекин бизнесда кўпинча таваккал қилинади, муваффақиятсизликка учраган пайтлар ҳам бўлган. Шундай кезларда бизнес тренингларда иштирок этиб, тадбиркорлик бўйича илмий назарий билимларимни мус- таҳкамлашга тўғри келди”, — дейди “Сурхон Файз Барака Мебел” корхонаси директори Ислом Абдураҳмонов. — Таълим йўналиши ҳали кўп изланишларга муҳтож бўлиб, мактаб дарс- ликларига киритилса, тадбиркорликда бунданда кўпроқ ютуқларга эришиш мумкин. Шу ўринда ўсиб келаётган ёш авлодни тадбиркорлик ва пул билан муносабатини тўғри шакллантириш жуда ҳам муҳим.

Бу ҳаётда пулдан ҳам муҳимроқ нарсалар бўлиши мумкин. Лекин тадбирли инсон пул топиш билан бирга сотиб олиб бўлмайдиган дахлдорлик, фаровонлик, эзгу ном қолдириш каби бебаҳо неъматларни қўлга кирита олади.

Шаҳринисо ФАРҲОДОВА

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг