Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Тадбиркорга яна бир имтиёз

Тадбиркорга яна бир имтиёз

Вилоятимиз ҳудудидаги корхоналарда сифатни бошқариш тизимларини жорий этиш учун тадбиркорлик субъектларига қулайлик яратиш мақсадида марказнинг www.surssm.uz веб-сайтига сифат тизимини жорий этиш юзасидан аризаларни онлайн тарзда қабул қилиш йўлга қўйилди. Ушбу сайт орқали тадбиркорлар куннинг исталган пайтида саволларига жавоб олишлари мумкин. Яна бир қулайлик: тадбиркорлик субъектлари вакиллари марказда доимий равишда ишлаб турган (0-376) 227 01 89 ҳамда 227 00 23 рақамли “Ишонч телефонлари” орқали соҳага оид саволлар билан мурожаат этишлари мумкин.

Ўтган йиллар мобайнида вилоятдаги кўплаб корхона ва ташкилотларда халқаро стандарт- лар талабларига мувофиқ сифат менежменти тизими жорий этилди ва корхоналар ISO 9001, OHSAS 18001, ISO 14001, ISO 22000 халқаро сертификатларига эга бўлдилар. Жумладан, жорий йилда Термиз шаҳрида жойлашган ва фаолияти музқаймоқ ишлаб чиқаришга мўлжалланган “Саиджон муҳаммаджон музқаймоқлари” МЧЖ, Термиз туманида жойлашган ва фаолияти сут ва гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган “Наврўз наслчилик” ХФ, шунингдек, Денов туманида жойлашган сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган “Кафолат-Саркор-Денов” фермер хўжаликларига сифат тизимлари жорий қилиниб, ISO 22000 (озиқ-овқат хавфсизлиги менежменти тизими) сертификати тақдим этилди.

Энг муҳими, тизимни жорий этган корхоналар солиқ ва бож тўловлари, биржа савдоларида давлатимиз томонидан жорий қилинган имтиёз ва имкониятлардан фойдаланишаётир. Натижада, саноат, йирик ишлаб чиқариш корхоналари, қайта ишлаш цехлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари мазкур тизимни жорий этиш истагини билдиришмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 апрелдаги “Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 2-иловасига асосан, Сурхондарё вилоятида фаолият олиб бораётган корхоналарда 2018 йилда сифат менежменти тизимларини жорий этиш бўйича туманлар кесимида тасдиқланган тармоқ жадвал асосида 69 та корхона ва ташкилотларда сифат тизими жорий этилиб, тўлиқ сертификатлаштирилди. Марказ мутахассислари томонидан 2019 йилда вилоятимиздаги яна 75 та корхонада сифатни бошқариш тизимларини жорий қилиш режалаштирилган.

Белгиланган режа ва чора-тадбирлар натижасида вилоятда халқаро стандарт талабларига мувофиқ фаолият олиб бораётган корхоналар сони ортиб, бу орқали ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг ички ва ташқи бозорда рақобатбардошлигини таъминлашга замин яратилмоқда.

А. ОСТОНАЕВ,
“Сурхондарё синов ва
сертификатлаштириш маркази”
давлат корхонаси мутахассиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Yosh tadbirkor granuladan to’qima mebel ishlab chiqarmoqda

Termiz shahridagi “Yoshlar markazi” binosida yosh tadbirkorlar tomonidan ishlab chiqarilgan mahsulotlar ko’rgazmasidamiz. Bu yerda kiyim-kechaklar, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan