Бош саҳифа / Жамият / Тадбиркорга тўсиқ бўлманг!

Тадбиркорга тўсиқ бўлманг!

Таҳририятимизга “Денов транс оқ йўл” корхонаси бошлиғи Ўктам Менгқобилов (“Лолазор” МФЙ) ҳамда “Жўрабек — ҳалол балиқлари” оилавий корхонаси раҳбари Салима Йўлдошева (“Тотувлик” МФЙ”) дан келиб тушган шикоят аризаси юзасидан журналистик суриштирув ўтказдик.

Бугунги кунда Денов туманида ёш ва ғайратли ҳоким Улуғбек Қосимов раҳбарлик қилмоқда. Кўпчиликдан янги ҳоким ҳақида ижобий фикрларни эшитганман. Аммо раҳбар қай даражада зукко, тажрибали бўлмасин, барибир, қўл остидагиларга суянишга, улар тақдим қилган таклиф ва хулосаларга таянишга мажбур.

Шуни комил ишонч билан айтиш мумкин, ўтган йиллар мобайнида туман ер ресурслари ва кадастр бўлимида ҳужжат ишларида кўплаб муаммо ва чалкашликлар келиб чиққанлиги рост. Асосий ишни эса қуйида турган раҳбарлар бажарган. Ҳужжат ишларини юритишда қуйи бўғин мутахассислари ҳамонки нохолисликларга йўл қўйишар экан, ҳоким томонидан чиқариладиган қарорлар баҳс-мунозарали, кўпдан кўп оворагарчиликларга сабаб бўлиши табиий.

25 ТА ЯНГИ ИШ ЎРНИ
ЯРАТМОҚЧИ

Ўктам Менгқобилов 2017 йил март ойида яхши ниятлар билан “Денов транс оқ йўл” номли хусусий корхонага асос солиб, тадбиркор сифатида фаолият юритиб турган эди.

— 5 та иш ўрни яратиб, ижара асосида фаолият юритиб келаётган эдик, — дейди корхона раҳбари Ў. Менгқобилов. — Корхона жойлашган ҳудудда мулк эгаси томонидан қурилиш ишлари амалга оширилиши муносабати билан ижарага берилмаслиги маълум қилингач, ер майдони сўраб туман ҳокимига мурожаат қилдик. Туман ҳокимлиги томонидан ер майдони ажратилавермагач, ўзимиз Қизилсув дарёси устида қурилган катта кўприк ёнидаги ташландиқ чиқиндихонани расмийлаштириб беришларини сўрадик. Аммо мурожаатимиз қаноатлантирилмади. Бир ойдан сўнг ўзимиз ҳокимиятдан жавоб хатини талаб қилиб олдик. 2017 йил 15 декабрда Денов туман архитектори Раҳматилла Саттаровдан олинган маълумотномада йил охирида 5 та бўш ер майдони танловга қўйилганлигидан хабар топдик. Бу пайтда танловлар ўтиб бўлган эди. Эшитишимиз бўйича, бугунги кунда биз даъвогарлик қилаётган 68-контурда кимдир қурилиш ишларини бошлаб юборибди. Бизга туман ҳокимлигидагилар ер танлов ўтказиш йўли орқали берилишини айтишганди. Аммо натижани ўзингиз кўриб турибсиз. Агар бизга ер майдони ажратилса, 25 та янги иш ўрни яратамиз, кейинчалик бу кўрсаткични 50 тага етказишни режа қилганмиз.

ТАДБИРКОРЛИГИ
СОХТАМИ…ДИ?

Ҳудудни ариза муаллифлари
Ў. Менгқобилов, С. Ҳодиев, А. Ҳодиев ҳамда алоқадор ташкилот ва 3-сектор ишчи гуруҳи аъзолари билан ўрганганимизда ҳақиқатан ҳам йўл чеккаси азалдан чиқиндихона бўлганлигига гувоҳ бўлдик. Бир пас ўтиб, иккинчи даъвогар тарафдан 3 нафар  норғул йигитлар келишди. Ўзини Муҳаммадамин Салоҳиддинов деб таништирган йигит анчадан бери шу ерни олиш илинжида чопиб юрганлигини, тадбиркорлигини пеш қилди. Аммо ҳар иккала даъвогар тарафдан тадбиркорлигини тасдиқловчи ҳужжатларини сўраганимизда М. Салоҳиддинов тадбиркорлик субъекти эканлигини тасдиқловчи ҳужжатларини тақдим қила олмади.

Куни кеча “Денов транс оқ йўл” корхонаси иш юритувчиси Сафар Ҳодиев телефон қилиб, вилоят ҳокимлиги томонидан текширувчилар келиб, низоли ҳудудда ноқонуний қурилиш ишларини бошлаётган иккинчи даъвогар тарафдан тегишли ҳужжатларни сўрашганида ҳеч қандай асос келтира олишмаганлигини айтиб қолди. Зўрники тегирмон юргизади, деганлари шу бўлса, эҳтимол.

НОМИ БОРУ КЎЛИ ЙЎҚ
БАЛИҚХОНА ХУСУСИДА…

Ўхшашликни қарангки, икки ариза муаллифлари кўприкнинг икки ёқасидаги ер учун даъвогарлик қилишмоқда. “Жўрабек — ҳалол балиқлари” оилавий корхонаси билан “Исмоил” фермер хўжалиги низолашаётган Қизилсув  дарёси қирғоғида жойлашган 66-дала контурини кўздан кечирдик. Ўтган йили бу майдонда қишлоқ хўжалиги экинлари экилиб, фойдаланилганлиги кўриниб турибди. Аммо бизни ҳайрон қолдиргани, даланинг бир чеккасида, дарё қирғоғидан 8-10 метр чамаси ёнида фермер хўжалиги томонидан ёзги оғилхона қурилган. Бу ҳам майли, фермер жаноблари ҳали ҳеч қандай меъёрий ҳужжатларини расмийлаштирмасдан туриб, қирғоқбўйида қишки бостирма, оғилхона қуриш ишларини бошлаш арафасида эканлигини далага тўкилган пишган ғишт, қум, шағал, блок ва бошқа хил қурилиш ашёларидан ҳам билса бўлади. Фермер хўжалиги иш юритувчиси Абдулла Тангировдан, “Қурилиш қилиш учун қандай асосларингиз бор?” дея сўраганимизда, “Қурилишимиз битаверсин-чи, унгача ҳужжат ишлари ҳам ниҳоялаб қолар”, қабилида жавоб қайтарди. Ажабо, тартиб-тамойиллар ўзгариб кетган экан, шекилли, замонадан бироз орқада қолибмизда…

“Жўрабек — ҳалол балиқлари” оилавий корхонаси туман ҳокимининг қарори билан 2017 йил 19 сентябрь куни ташкил этилган. Қарор чиққанига қарийб 7 ой бўлишига қарамасдан, ҳалигача ерга эгалик қилишолмаяпти. Бунга сабаб, фермер хўжалиги раҳбарлари 145 гектар ерга қаноат ҳосил қилишмасдан шу бир парчагина ерга кўз тикишаётганлигида. Фермер хўжалигига қарашли экин далаларини айланганимизда қирғоқ бўйидаги экин далаларидан оқиб чиқадиган сувнинг қуйилиш жойида тупроқ эррозияга учраши натижасида ўпирилишлар, катта-катта жарликлар, узун-узун ёриқлар пайдо бўлганлигига гувоҳ бўлдик. Қирғоқ бўйидан экин даласининг баландлиги 20-25 метрни ташкил қилади. Тақдим қилинган харита чизмасида 66-контур фермер хўжалигининг чизма харитасидан   ташқарида акс эттирилган. Қизил сиёҳ билан чизиб, чегаралаб қўйилган.

ТАДБИРКОРЛИККА ДЕНОВЧА
МУНОСАБАТ

ёхуд пажмурда қарорлар
сабаб тадбиркор сарсон-
саргардон бўлмоқда

Салима Йўлдошева ва унинг ўғиллари учун ҳали бошланмасдан бўғилган тадбиркорлик армонлигича қолмоқда.

— Оилавий корхона очиб бошимиз ғавғодан чиқмай қолди. Мамлакатимиз Президенти томонидан тадбиркорликка кенг йўл очилаётган, кўпдан-кўп имкониятлар берилаётган бир пайтда бизнинг бундай оввораи сарсон бўлиб судма суд, маҳкама-ю муассасаларнинг бўсағасида сарғайиб юришларимиз қай бир қонунга тўғри келади?! Наҳотки, бизнинг арзимизни тинглайдиган бирон-бир муассаса, идора ёки раҳбар топилмаса? Тадбиркорликка бўлган муносабат шуми? Оилада 6 нафар ўғлим, 1 нафар қизим ва турмуш ўртоғим билан бирга яшаймиз. Аммо иш йўқлиги боис бугунги кунда уларнинг барчаси ишсиз, — дейди С. Йўлдошева.

Турли ташкилотлар томонидан турли даврларда фуқаро С. Йўлдошева ва алоқадор ташкилотлар номига йўлланган маълумотномаларда можарога сабаб бўлаётган 66-дала контури “Исмоил” фермер хўжалигига қарашли эканлиги айтилса-да, чизма харитасидан ташқарида жойлашган. Фермер хўжалиги иш юритувчиси А. Тангировнинг айтишича, 66-контурнинг аксарият қисми аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан ўзлаштирилиб, иморатлар қуриб олинган. Маълумотномалар, жавоб хатлари бир-бирини рад қилади. Жумладан, Денов туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи Ш. Хуррамовнинг хатида низоли ер майдони  2007 йил 1 мартдаги 941-сонли қарор асосида фермер хўжалигига ажратилгани айтилади, аммо қарорда айнан 66-контур дейилмаган. Вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси бошлиғи А. Ғаниевнинг 2017 йил 12 декабрдаги хатида “Исмоил” фермер хўжалигига туман ҳокимининг 2014 йил  19 декабрдаги 711-сонли қарори билан эгаликка, ижарага олинган, дейилган. Аммо ҳокимнинг бу қарорида ҳам 66-контур кўрсатилмаган. Яна кимсан, бошқарма бошлиғи шундай хатога йўл қўйиб ўтирса-я.

Денов туман прокуратурасининг 2017 йил 10 октябрда йўллаган  жавоб хатида: “Исмоил” фермер хўжалиги қарорида аниқ контур кўрсатилмаганлиги ҳамда белгилаб берилган ер майдонлари қарорда ажратилган ер майдонидан кўплиги сабаб Қизилсув дарёси қирғоқбўйи муҳофаза зонасидан сизга 66-дала контури “Тўпаланг Қоратоғ” ирригация тизими билан келишув хулосаси ҳамда экология экспертизаси олиниб, туман ҳокимининг қарорига асосан балиқчилиқ хўжалиги учун 0,60 гектар ер майдони ажратиб берилган”, дейилади. “Жўрабек — ҳалол балиқлари” оилавий корхонасига ер майдони ажратилиши ҳаққоний бўлганлигини туман ҳокимлиги комиссияси томонидан тузилган далолатномадан ҳам билса бўлади. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари,  комиссия раиси Д. Аллабердиев ва комиссия аъзолари иштирокида 2017 йил 11 августда тузилган далолатномада ҳудуд жойида ўрганилганида ушбу  майдон “Ғалаба” СИУ га қарашли “Қўзичоқли” МФЙ ҳудудидаги туман ҳокимлиги захирасида бўлган 66қ-дала контурларидаги қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер бўлиб, майдони 0,60 гектарни ташкил этади”, дейилган. 9 кишидан иборат комиссия аъзолари ўз имзолари билан тасдиқлаб беришган.

Дарвоқе,  вилоят ҳокимлиги мутахассислари томонидан 2017 йил 18 сентябрда фуқаро С. Йўлдошеванинг мурожаатини ўрганиш жараёнида аниқланган, 66-дала контури туман ҳокимлигининг “Жўрабек — ҳалол балиқлари” оилавий корхонасига ажратиб берилганлигини тасдиқловчи хатидан кейин ҳам фермер хўжалиги ва баъзи бир масъуллар томонидан тадбиркорга нисбатан тўсқинликлар тўхтамаяпти.

КОРРУПЦИЯДАН ҚАЧОН
ХАЛОС БЎЛАМИЗ?

ХУЛОСА ЎРНИДА: халқимизда, ”Етти ўлчаб, бир кес”, деган пурҳикмат мақол бор. Афсуски, айрим ташкилот раҳбарлари, масъуллар ва мутахассислар аррани тўғри тортмаётганлиги, нохолислиги бугунги тараққиётга ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда. Маҳаллийчилик, таниш-билишчилик, порахўрлик каби коррупциянинг айрим кўринишлари ҳали-ҳамон  илдизимизга болта ураётганлиги ҳам рост. “Коса тагида нимкоса”, деганлари ушбу мақолада кўрсатиб ўтилган воқеа жараёнларига ҳам бевосита алоқадор. Ҳужжатларнинг чалкашликлари ортида, албатта, қайсидир амалдорнинг шахсий манфаати ётганлигини зийрак одам дарров илғаб олади. Қиссадан ҳисса шуки, бугунги кунда Деновда тадбиркорлик қилиш осон эмас. Зеро, бунга шикоят аризаларини ўрганиш жараёнида яна бир карра амин бўлдик.

Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тавсиялар берилди

Саноат хавфсизлигини таъминлаш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан “Сурхондарёдонмаҳсулотлари” акционерлик жамияти тасарруфидаги корхоналарда навбатдаги …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE