Бош саҳифа / Иқтисодиёт / ТАДБИРКОРГА ҲАМКОРМИЗ

ТАДБИРКОРГА ҲАМКОРМИЗ

Мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида миллий иқтисодиётимиз ривожланмоқда. Бунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг етакчи кучга айланаётгани халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришда алоҳида аҳамият касб этаётир.

Хусусан республика ялпи ички маҳсулотининг 59.4 фоиз, экспорт ҳажмининг 27.2 фоиз,  аҳоли бандлигининг 76.3 фоиз улуши кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига туғри келмоқда. Бу эса шубҳасиз, тадбиркорлар учун кенг имкониятлар, қулай шарт-шароитлар яратилаётгани, уларнинг фаолияти эркинлигини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий асосларнинг такомиллаштирилаётгани ва ривожига тўсиқ бўлаётган муаммолар бартараф этилаётгани натижасидир.

Юртимизда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг институционал тизими яратилган. Тадбиркорлик субъектларига кредит бериш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш борасидаги хизматлар кўлами ҳам ортмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 5 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва конуний манфа­атларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институтини таъсис этиш туғрисида”ги, 2019 йил 15 мартдаги “Тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш ва прокуратура органлари фаолиятини оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги Қонуни ҳам айни мақсадга қаратилган.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида Президент ҳузурида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш буйича вакили институти ташкил этилди. Вакил тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфа­атларини ҳимоя қилиш билан бирга уларни ривожлантиришга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ҳам тайёрлайди.

Ушбу институт фаолиятининг йўлга қўйилиши тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш, давлат назоратини амалга ошириш соҳасида ягона ҳисоб ва ҳисобот юритилишини, шунингдек ушбу соҳада назорат қилувчи органларнинг ягона ҳуқуқни қўллаш амалиёти юритилишини таъминлашида мустаҳкам кафолат сифатида хизмат қилади.

Умуман олганда, бизнес-омбудсман ижрочи органларнинг ҳаракатидаги хатоларни бартараф этиш билан бирга бизнеснинг ривожланишига ҳам муносиб ҳисса қўшади. Шунингдек, тегишли идоралар томонидан дастурларнинг бажарилишини назорат қилади. Иқтисодий низоларни ҳал этишда давлат механизмига тушадиган оғирликни ўз зиммасига олади.

Бугунги кунда Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили девони белгиланган вазифаларни амалга ошириб келаётир. Тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини ўрганмоқда, мурожаатларни қонунда белгиланган тартибда ҳал қилмоқда.

Хусусан биргина вакил девонининг Сурхондарё вилоятида фаолият кўрсатувчи ходимларига ўтган қисқа даврда келиб тушган 93 та мурожаатларнинг 75 фоизи кўриб чиқилиб, қаноатлантирилган ва ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.

Давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан олиб борилган назорат ишлар натижасида назорат органларига 2 та тақдимнома киритилди, 3 та огоҳлантириш берилди, 10 та тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини кўзлаб судга 2.1 млрд. сўмлик даъво аризаси билан мурожаат этилди.

Жумладан “Сурхондарё автомабиль ўқув ишлаб чиқариш комбинати” МЧЖ масъулияти чекланган жамияти раҳбари Р.Жабборовнинг туман ҳокимлиги томонидан давлат ва жамоат эҳтиёжи учун олиб қўйилган мулки ўрнига ер ва товон пули берилмаётганидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.

Мурожаатда келтирилишича, Шўрчи туман ҳокимининг 2017 йил
12 сентябрдаги Қ-1683-сонли қарорига ва Денов туманлараро иқтисодий судининг 2017 йил 11 октябрь кунидаги  1905-171/3902-сонли қарори билан жамият зиммасига унга тегишли туманнинг Ат-Термизий кўчаси 34-уйда жойлашган бинони ўз ҳисобидан бузиб олиш мажбурияти юклатилган ва бинолар давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиниб бузилган, тадбиркорга етказилган зарар ва бузилган бино ва иншоот ўрнига белгиланган тартибда компенсация тўловлари ва аввалгисига тенг қийматда  ер майдонини бериш ишлари амалга оширилмаган.

Амалдаги қонунчиликка ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбир­корлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили тўғрисида”ги қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда судга даъво аризаси киритилди ва суд тамонидан тадбиркорга компенсация тўланилиши бўйича қарор қабул қилинди.

Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли тадбиркорлик субъектлари учун янги имконият ва қулай шарт-шароитлар яратилаётгани уларнинг фаолиятида муҳим аҳамият касб этяпти. Аммо айрим давлат идоралари ва ташкилотлар мутасаддиларининг ўз хизмат вазифасига эътиборсизлик билан қараши оқибатида тадбиркорлик субъектлари ҳамон турли муаммоларга дуч келмоқда.

Жумладан назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказиш соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши аҳволи ўрганганда, 15 дан ортиқ мансабдор шахсларнинг ҳуқуқбузарликлар содир этганлиги аниқланиб, уларга нисбатан маъмурий ва интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Бир сўз билан айтганда, тадбиркорлик субъ­ектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатла­рини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг асоссиз аралашувининг олдини олиш, хусусий мулк дахлсизлигининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг устуворлиги принципини таъминлаш мақсадида ташкил этилган бизнес-омбудсман том маънода тадбиркорларнинг яқин ва ишончли ҳамкорига айланиб бормоқда.

Ш.Яхшиқулов, А.Бахрамов,

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Сурхондарё вилоятида фаолият кўрсатувчи ходимлари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Қонундан қочиб бўлмайди

Мамлакатимизда тадбиркорларга барча шароит, имкониятлар яратилганига қарамасдан уларнинг айримлари солиқ тўловларидан қочишга уринишмоқда. Вилоят давлат …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan