Бош саҳифа / Жамият / Тадбиркор соҳтамиди?..

Тадбиркор соҳтамиди?..

ёхуд Олтинсой туман “Қумпайкал” маҳалласидаги қишки клубнинг тадбиркор томонидан талон-торож қилинганлиги хусусида

Бу ҳаётда инсоннинг ўзига боғлиқ бўлган ва бўлмаган жиҳатлар бор. Инсоннинг қаерда ва қачон, қандай оилада туғилиши, қайси миллат, қайси динга эътиқод қилувчиларга хос муҳитда яралиши, албатта, унинг ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатлардир.

Аммо инсон улғаяр экан, ўзи мустақил йўл танлаши, илм эгаллаши, ўз дунёқарашига кўра турмуш кечирмоғи, қайси маслак, қайси дин, қайси эътиқод ортидан кетиши унинг ўз зиммасидаги вазифа, десак янглишмаймиз.

 Хабарингиз бор, сўнгги йилларда мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида кескин ўзгаришлар рўй берди. Айниқса, узоқ йиллардан бери аҳолини, хусусан, тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларга ижобий ечим топилди. Уларнинг йўлига ғов бўлаётган барча сунъий тўсиқлар олиб ташланди. Мамлакатимиз Президенти томонидан тадбиркорларга шунчалик катта имкониятлар яратиб берилдики, кўриб, беихтиёр ҳавасингиз келади. Солиқ тўловлари юки камайтирилиб, айрим турларидан бутунлай воз кечилди. Бу сингари ислоҳотларнинг барчаси тадбиркорликка кенг йўл очиш орқали юртимизни ривожланган давлатлар қаторида кўриш мақсадида амалга оширилаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Катта-катта бино ва иншоотлар тадбиркорларга “ноль” харид қийматида берилди. Аммо афсуски, берилган бу сингари имтиёзлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиб, эл ишончини суиистеъмол қилаётган “тадбиркор”лар оз бўлса-да, учраб туради. Олтинсой туман “Қумпайкал” маҳалла фуқаролар йиғинидан бир гуруҳ одамлар адолат истаб, газетамизга шикоят-ариза билан мурожаат қилишган эди. Аризада “Маҳаллага қарашли қишки клуб биноси 1980 йилларда қурилган бўлиб, 18х34 метр ҳажмда, 2 та залдан иборат, 2003 йилда жорий таъмирдан чиқарилган”лиги айтилади.

— Маҳалламизда 430 та хўжаликда 2500 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ўтган йили маҳалламиздан вакиллар туман ҳокимига бориб, ушбу бинони қишлоғимизда яшайдиган бирорта тадбиркорга беринг, маиший хизмат кўрсатиш нуқталари: кутубхона, сартарошхона, пойафзал таъмирлаш устахонаси, новвойхона, нуронийлар чойхонаси, гўзаллик салони, бичиш-тикиш хонаси очсин. Бунинг натижасида 15-20 нафар қишлоқдошимиз ишли бўлиб қолар, деган мазмунда мурожаат қилган эдик. Аслида шундай бўлиши керак эди. Яъни, бино танловга қўйилди. Аммо афсуски, кейинчалик клуб биноси деновлик “Ибрагимов Шерали” хусусий корхонасига “ноль” харид қийматида берилганлигидан хабар топдик. Натижаси эса ўзингиз кўриб турганингиздек чакки бўлди, — дейди А. Қодиров.

Шу маҳалла фуқароси Ботир Нормуродовнинг гапларида ҳам жон бордек:

— Ўтган йили ушбу танловда қатнашиш учун барча меъёрий ҳужжатларни тайёрлаган эдим. Туман ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи бўлиб ишлаган Баҳодир Абдурайимов ҳам ушбу бинони олишимда амалий ёрдам сўраб, вилоят давлат “Рақобат” бошқармаси бошлиғига тавсия берган эди. Аммо негадир биз танловдан бехабар қолиб кетдик. Кейин билсак, деновлик бир йигит “ютиб” олган экан, — дейди.

Ҳокимлик ҳамда давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан берилган хатларда тадбиркорлик субъектининг номи 2 хил кўринишда акс этган. Олтинсой туман ҳокимининг хатида “Ибрагимов Шуҳрат” дейилса, давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси жавоб хатида “Ибрагимов Шерали” тарзида талқин қилинади. Аммо масаланинг муҳим жиҳати шундаки, мазкур бино тадбиркорга сийлов сифатида эмас, балки ривожлантириш мақсадида берилганлиги айни ҳақиқат.

 Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан тақдим этилган жавоб хати ушбу масалага ойдинлик киритди.

“Вилоят ҳокимининг 2018 йил 13 мартдаги “Вилоятнинг давлат мулки объектларидан келгусида самарали фойдаланиш тўғрисида”ги Қ-216-сонли қарорининг иловасига ҳамда давлат объектларини харидор томонидан инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар қабул қилиниши шарти билан “ноль” харид қийматида сотиш бўйича вилоят ҳудудий танлов комиссиясининг 20.07.2018 йилдаги 10-сонли йиғилиш баённомасига асосан Олтинсой туман ҳокимлиги тасарруфидаги “Қумпайкал” маҳалласида жойлашган собиқ қишки клуб биносини “ноль” харид қийматида “ИБРАГИМОВ ШЕРАЛИ” хусусий корхонаси билан 29.08.2018 йил 01/85/1-сонли олди-сотди шартномаси тузилган. Шартномага кўра, “ИБРАГИМОВ ШЕРАЛИ” хусусий корхонасига 1 миллиард 200 миллион сўм миқдордаги инвестиция мажбуриятларини киритиш эвазига замонавий маросимлар ўтказиш жойи ташкил этиш ва 15 та иш ўрни яратиш мажбурияти юкланган.

Олди-сотди шартномасига асосан, 2019 йил иккинчи чораги якунига қадар инвестиция мажбуриятларини тўлиқ якунлаш белгиланган бўлиб, бугунга қадар инвестор томонидан инвестиция мажбуриятлари киритилмаганлиги сабабли белгиланган тартибда шартномани бекор қилиш ҳамда жарима ундириш бўйича судга даъво аризаси киритиш юзасидан ҳужжатлар тайёрланмоқда”, дейилади.

Биз ўрганиш жараёнида аррани тенг тортиш мақсадида тадбиркорни телефон орқали излаб, кўп маротаба мулоқотга чорладик. Аммо уларни учратишнинг сира иложи бўлмади.

Бир вақтлари катта-катта концерт томошалари ҳамда кино намойишларига гувоҳ бўлган ушбу ҳашаматли клубдан бугун, афсуски, эски чолдеворларгина қолган. Маҳалла аҳлининг куйинганича ҳам бор. “Тадбиркор” гўёки ишлар энди бошланаётгандек таассурот уйғотиш, айбини яшириш учун бинонинг бузилган олд қисмига яшил тунука ўрнатиб қўйибди.

— Деновлик Қодиров Азамат исмли шахс мана, қарийб бир йилдан бери бизни алдайди. Шундай катта бинонинг плита, угольник, темир фирма, шифер, ДСП паталок, пол ёғочи, лага, эшик каби тахминан, 250 миллион сўмлик қурилиш ашёлари тадбиркор томонидан бузиб кетилди, — дейди Абдуризвон Қодиров.

Ҳақиқатан ҳам клуб биноси ўтган йили тадбиркор томонидан бузиб кетилган, ўрнида бир уюм чиқинди-ю бойўғлилар макон қилган чолдеворларгина қолган. Натижада, унинг ўрни хароба ва файзсиз бир масканга айланган. Маҳалла аҳли эса кимга мурожаат қилишни ўйлаб, боши қотган. Инвестиция мажбурияти талабларининг ижросига эса бор-йўғи 1 ойча вақт қолди. Аммо тадбиркордан эса ҳамон дарак йўқ.

Хулоса Ўрнида: бугун Олтинсой туман “Қумпайкал” маҳалла аҳли бир пайтлар қишлоқлари кўрки бўлган қишки клубнинг қандайдир “устомон тадбиркор” томонидан талон-торож этилганидан норози бўлмоқда. Давлатимиз томонидан берилган имтиёздан шахсий манфаат йўлида фойдаланиш, жамоат мулкини ўзлаштириш учун инсон нималардан воз кечиши, қайсидир инсоний хислатлар унга бегона бўлиши керак, албатта. Туман ҳокимлиги ва давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан ўз вақтида назорат ишлари олиб борилмаганлиги сабабли тадбиркор ўзбошимчалик билан ҳали бинони баҳолатмасдан туриб, талон-торож қилиб кетган. Тегишли назорат қилувчи ташкилотлар томонидан мониторинг ишлари ўз вақтида олиб борилганида эди, бу сингари англашилмовчиликларга асло ўрин қолмаган бўлур эди. Шу ўринда бизни бир ҳолат ажаблантирди. Нега танловга қадар тадбиркорнинг меъёрий ҳужжатлари, иқтисодий қуввати, салоҳияти синчиклаб ўрганилмаган? Талон-торожликларга айнан ушбу ҳолат сабаб сифатида йўл очиб берган бўлса-чи! Унутманг, биз ваколатимиз доирасида воқеалар жараёнига қараб, ушбу мавзуга яна қайтамиз.

Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ,

“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE