Бош саҳифа / Жамият / Тадбиркор йўлига ғов бўлаётган кимлар?

Тадбиркор йўлига ғов бўлаётган кимлар?

Ёш тадбиркор Жўрабек Менгноров томонидан “Сурхон тонги” газетаси таҳририятига йўллаган шикоят хатини ўрганиш учун Олтинсой туман, “Ҳайрондара” маҳалласига йўл олдик. Жўрабекнинг мактуби ўзи истиқомат қилаётган қишлоғида мини стадион қурмоқчи бўлиб, 1000 кв.м  ерни тендер танловида сотиб олиб, туман ҳокимининг ер ажратиш бўйича қарори чиқарилгани, аммо туман бош архитектори Оқбўта Янгибоев, “Ҳайрондара” маҳалла фуқаролар  йиғини раиси Нурали Пардаев ва яна баъзи бир ҳамқишлоқлари томонидан қаттиқ қаршиликка учраётгани билдирилган.

Бу борада бир неча маротоба туман ҳокимлигига мурожаат қилганига қарамай ҳеч қандай кўмак ололмаётганлиги, ҳақиқатнинг рўёбга чиқарилиши ва қонуний ҳуқуқининг тикланишида ёрдам сўраб мурожаат этган эди.

ВИЛОЯТ ҲОКИМИНИ АЛДАМОҚЧИ БЎЛДИМИ?

Жорий йил 22 августда Сурхондарё телевидениеси орқали вилоят ҳокими Э.Турдимовнинг халқ билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. Ўша куни олтинсойлик ёш тадбиркорга мини стадионнинг қурилишига қаршилик кўрсатаётган маҳалладоши Ҳайдаров Низомиддин вилоят ҳокимига мурожаат қилиб, “… 5 хўжалик фойдаланиб, рўзғор боқиб келаётган дўконлар ўрнига қурилиши керак бўлган бу мини стадион аслида бошқа жойда қурилиши керак эди”, дейди.

Н. Ҳайдаровнинг “…5 хўжалик фойдаланиб, рўзғор тебратиб  келаётган “дўкон”и  борасидаги ахборотига ойдинлик киритиш мақсадида туман давлат солиқ инспекцияси раҳбари К. Мансуровга мурожаат қилганимизда, “…мазкур маҳаллада яшовчи фуқаро Н. Ҳайдаров тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмаган”лиги ҳақида маълумотномани тақдим этди.

Худди шунингдек, туман Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси ва “Ягона дарча маркази” фуқаро Н. Ҳайдаровнинг “Ҳайрондара” маҳалласидаги “дўкон”и кадастр ҳужжатларида қайд этилмаганлиги ўзи эса тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмаган”и ҳақидаги маълумотномаларни беришди.

ХЎШ, УНДА МУАММО НИМАДА?

Муаммога янада ойдинлик киритишни лозим топдик. “Ҳайрондара” МФЙ идорасига бордик. Эрталаб соат 10-00 маҳалла идораси берк экан.  Маҳалла раиси билан телефон орқали боғлангандик, у “тезда етиб келиши”ни билдирди. Одамларнинг баланд овозда кулишаётганини эшитиб, ўша томонга ўтдик. Бу иморат фуқаро Искандаров Шерзодга қарашли дўкон экан. Шеригим дўкондан сигарета харид қилди. Кейин, синаш учун дўкон сотувчисидан, “ароқ ҳам сотасизларми? — деб сўрадик. Сотувчи бола аввалига иккиланиб, сўнгра:

— Ичкарига киринглар! — деди.

— Ичкарида жойларинг борми? — сўраймиз ундан.

— Бор, ўтинглар! — деди бола.

— Бу ерда бошқа дўконларда ҳам ароқ сотиладими?

— Ҳа, ҳаммасида ароқ сотилади.

Дўкон эгасини чорлаб, тамаки маҳсулотлари ва спиртли ичимлик савдоси учун бериладиган лицензиясини кўрсатишни сўрадик, у эса бундай ҳужжат йўқлигини айтди.

Маҳалла раиси кечикавергач, мини стадион учун ажратилган  жойни кўздан кечириш учун борсак, даъвогарлар, Ҳайдаров Низомиддин ва ўнлаб яқинлари бизни кутиб туришган экан. Ўзини фуқаро Н. Ҳайдаровнинг отаси деб таништирган Ҳайдаров Жўра бизга, “майли, стадион қурилсин, аммо дўкон бузилмасин!”, деган қатъий талабни қўйди ва ҳатто ёш тадбиркорни кўпчилик олдида изза қилишга уринди. “Дўкон” ичи ачинарли аҳволда. Спиртли ичимликдан бўшаган шишалари қалашиб, яшиклар сочилиб ётибди. “Шифт”лари ўйилиб, деворлари уваланиб, омонатгина турган, бундан 15-20 йил аввал қўл учида  қурилган “дўкон“га ҳатто электр токи ўтказилмаган.

Фуқаро Ҳайдаров Жўранинг мақсади,  дўкон бузилса-да,  унга “тегишли” ер майдонини сақлаб қолиш экан.

БУНИСИГА НИМА ДЕЙСИЗ?..

Ажабланарлиси, маҳалла раиси Н. Пардаев билан суҳбатлашганимизда, бу ҳақида хабари йўқлигини, биздан эшитиб, гувоҳи бўлиб турганини, бу қурилишга ҳеч қачон йўл қўймаслигини, стадион учун бошқа жойдан бориб ер топиши лозимлигини таъкидлади.

Маҳалла идораси ёнидаги дўкон нега махсус рухсатнома бўлмаса-да, спирт- ли ичимлик сотиши, хўрандалар учун махсус бўлма, хоналар ташкил қилингани ҳақида ҳам сўрадик. Раис аввалига бу ҳолатдан тонди. Ўша ерга бирга бориб, танишиш истагини билдирганимизда, аввалига, “билмадим, мен ичмайман, шунинг учун бу ҳолатдан бехабарман” деб, кейинида эса, “мен уларга ичманглар деб тайинлаганман, маҳалла посбони ва участкавойга ҳам айтган эдим, назорат қилишмаган”, дея айбни бош қаларга тўнкашга уринди.

Яна бир ҳолат, тадбиркор вилоят Халқ қабулхонасига мини стадион қурилишига боғлиқ муаммо билан келганини эшитган туман бош архитектори О.Янгибоев телефон орқали “… борми сенга”, дея бошқа бир ҳолатда эса “…иб  ўтир!  Бу дўконлар мен қолади десам, қолади…” каби қўпол сўзлар билан ҳақорат қилишини қандай ифодалаш мумкин?

Икки йилдан буён маҳалланинг уни ва мойини дўконимда тарқатаман,- деган фуқаро Ҳайдаров Низом савдо қилиш ҳуқуқини берувчи ва на дўкон қурилишига оид  бирорта кадастр ҳужжатини тақдим қила олмади.

Куннинг охирида туман ҳокими Э. Бойниёзов билан учрашиб, бу борада хулосаларимиз билан ўртоқлашиб, фикрини сўрадик.

— Тадбиркор ҳақ! Унинг иши назоратимизда. Келаётган ҳафта бу муаммолар ҳал қилинади! — деб бизни ҳам, тадбиркорни ва назаримизда ўзини ҳам ишонтирган эди.

Туманда аҳвол шундай экан, вилоятда қандайлиги бизни қизиқтирди. Хусусан,  Олтинсой туман бош архитектори О. Янгибоевнинг куракда турмас қилиқлари, Ж. Менгнаров ишига тўсқинлиги, қилган ҳақоратлари акс эттирилган дискларни, тадбиркорнинг шикоят аризаси билан вилоят архитектура бошқармаси директорига тақдим этдик… ва ҳеч қандай жавоб ололмадик.

ТАДБИРКОРГА ОИД ДАЛИЛЛАР НИМАДАН ДАЛОЛАТ БЕРАДИ?

Жорий йилнинг 28 июлида Олтинсой туман ҳокимининг “Ҳайрондара” маҳалласи ҳудудидан ”Jurabek Mengnorov” масъулияти чекланган жамиятига  “Сунъий қопламали стадион” қурилиши учун доимий фойдаланишга ер майдони ажратишга доир Қ-1268 сонли қарори чиқарилган.

Шунингдек, Ер кодексининг 91-моддасига кўра фуқаролар Ҳайдаров Низом, Холбоев Олтибой, Пардаев Исомиддин, Жумаев Камтар ва Мелиев Нуралилар томонидан ноқонуний қурилишлар қурилгани учун ўз ҳисобидан бузиб олиниши лозимлиги тўғрисида туман кадастри корхонаси томонидан 2017 йил 18 августида расмий огоҳлантирилган!

Тадбиркор йўлига ғов бўлаётган кимсаларнинг танобини ким тортиб қўяди? Хулоса ва тўғри жавобни тегишли мутасаддилардан кутиб қоламиз…

Эркин НОРСАФАР,
Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ,
Сурхон тонги
Мухбирлари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тавсиялар берилди

Саноат хавфсизлигини таъминлаш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан “Сурхондарёдонмаҳсулотлари” акционерлик жамияти тасарруфидаги корхоналарда навбатдаги …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE